Ўзбекистон | 12:23 / 14.04.2022
17443
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метроси аҳолидан жетонларни харид қилиши ҳақида эълон берди

“Тошкент метрополитени” ДУК маъмурияти 15 апрелдан бошлаб аҳолида қолган метро жетонларини харид қилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Маълум бўлишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколати доирасида пул маблағларини  истеъмолчига қайтариш ёки ўрнига QR-кодли чипталар кўринишида метрополитенда ҳаракатланиш учун амалдаги тўлов шаклларини ёки ягона транспорт карталарини жорий йилнинг 15 апрелидан  бошлаб тақдим этиш тўғрисида  бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ чиқарган.

Шунга мувофиқ, аҳолидаги мавжуд жетонлар 2022 йилнинг 15 апрель санасидан бошлаб амалдаги йўл ҳақи асосида “Тошкент метрополитени” ДУК маъмурияти томонидан харид қилиниши белгиланган.

Жетонлар душанбадан жумага қадар соат 9:00 дан 16:00 гача Ислом Каримов кўчаси 16а уй “Тошкент метрополитени” ДУК биносида қабул қилинади.

Метрода автоматлаштирилган тўлов тизимининг жорий этилиши муносабати билан 2020 йил ноябрь ойидан бошлаб жетонларни қабул қилиш тўхтатилган. 

Барча метро бекатлари NFC орқали тўловларни амалга ошириш, шунингдек, QR-кодли чипталар, транспорт ва банк карталарини қабул қилиш имконини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланган.

Мавзуга оид