Жамият | 23:14 / 18.04.2022
52441
3 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида уйда боқилаётган Африка шери 3 ёшли боланинг боши ва елкасидан тишлаб олди

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида хонадонда боқилаётган ёш шер ушбу ҳудудда яшовчи болани тишлаб олиб, саломатлигига жиддий зиён етказган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълум бўлишича, ушбу ҳодиса шу йилнинг 7 апрель куни Тошкент туманининг Баҳор маҳалласида содир бўлган. Хорижий давлатдан олиб келиб боқилаётган шер боланинг орқасидан ташланиб, уни судраб кетган. Сўнг унинг бошидан тишлаган.

“Битта уй нарида турадиган қўшнимиз шер боқаётганди. Боламга сут олишга чиққандик. Овсиним билан кетаётганимда орқадан келаётган боламнинг бошидан тишлаб, бирданига судраб олиб кетиб қолди. Худо қандайдир куч берди. Шернинг устига ташландим ва пастки жағини тортиб очишга ҳаракат қилдим. Тепа жағини кимдир очишга ёрдам берди.

Боламнинг боши шер оғзининг ичида эди. Ўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Худо асраб қолди. Агарда ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаганда шер фарзандимни еб қўйган бўларди”, дея таъкидлаган жабрланувчининг онаси.

Шер чангалидан омон чиққан қизалоқ 11 кундан бери Тошкент шаҳридаги 2-сонли болалар жарроҳлик клиник шифохонасида даволанмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Жорий йилнинг 7 апрель куни тахминан соат 19лар атрофида шифохонамизга уч ёшли бемор олиб келинди. Унинг бошидан, ўнг елкаси ва даҳанидан шер тишлагани аниқланди. Тезликда беморга керакли тиббий ёрдам кўрсатилди. Қутиришга қарши эмланди. Худога шукур, боланинг бош миясида, бош қутисида синиш, ўзгаришлар йўқ. Ветеринария бўлимидан берилган маълумотномага кўра, шер қутурмагани маълум бўлди. Ҳозирга келиб қизчанинг ҳаётига хавф соладиган нарсалар ўтиб кетди”, дейди реаблитолог Саидворис Ғаниев.

Тошкент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига 16 апрель куни Тошкент тумани ИИБ ходими мурожаат қилиб, шу туманда яшовчи фуқаро ўз ҳовлисида хавфсизлик қоидаларига амал қилмай Африка шерининг боласини боқаётгани ҳақида хабар берган.

“Вояга етмаган фуқаро томонидан Африка шерини ноқонуний боқиш ҳолати аниқланди. Ўрганишлар жараёнида бу шерни сақлаб туриш, боқиш ва хориждан олиб келиш бўйича ҳеч қандай ҳужжатлар йўқлиги маълум бўлди. Аниқланган ҳолат бўйича далолатнома ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шер ёввойи ҳайвонларни вақтинча сақлаб туриш марказига олиб келинди. Ҳужжатлар ўрнатилган тартибда судга тақдим этилади. Суд қарорига кўра, шер ҳайвонот боғига берилади ёки эгасига қайтарилади ёки бўлмасам, шу марказда олиб қолинади”, дейди Тошкент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими раҳбари Ойбек Раҳимов.

Мавзуга оид