Ўзбекистон | 08:35 / 01.05.2022
22280
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбий дронлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани ҳақида хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди – Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистонга тегишли учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво маконини бузиб ўтгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Бу каби тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан қўшни давлатлар ҳаво маконини бузиш ҳолатлари бўлмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари қўшни давлатлар авиацияси томонидан мамлакатимиз ҳаво маконининг бузилиш ҳолатларини қайд этмаган.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг учувчисиз бошқариладиган, қирувчи ва ишғол авиацияси қатъий белгиланган тартибда жанговар навбатчилик ўтамоқда», дейилади вазирлик баёнотида.

Аввалроқ «Sputnik Афганистан» нашри ўзбекистонлик ҳарбийларнинг учувчисиз учиш қурилмаси Афғонистон ҳаво кенглигида қайд этилгани ҳақида хабар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойининг иккинчи ярмида Афғонистон шимолидан туриб Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри атрофидаги ҳудудларга снарядлар учирилгани ҳақида хабарлар тарқалган, Ўзбекистон томони бу миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган эди.

30 апрель куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон халқи номидан биродар афғон халқига умумий оғирлиги 4 минг тоннадан зиёд инсонпарварлик ёрдами топширилди.

Мавзуга оид