Жамият | 20:45 / 09.05.2022
30847
8 дақиқада ўқилади

Пискентдан Берлингача 4 йил: фашистларни енгиб қайтган Анорқул ота ҳикояси

Кутилмаган ҳужум натижасида армия 1941-42 йилларда оғир вазиятда қолди, кейин эса оғир артиллерия таъминотимиз сезиларли яхшилангач, устунлик биз тарафга ўтди, немисларни қувиб етолмаган пайтларимиз ҳам бўлган, дея эслайди 100 ёшли Анорқул ота Хотамов. 20 ёшида урушга жўнаб кетиб, яраланганига қарамай, Берлинни эгаллашда қатнашган қаҳрамонимиз Kun.uz билан суҳбатда фронтда кўрган-кечирганларини ҳикоя қилиб берди.

Урушга жўнаб кетиш

1921 йил 15 октабрда туғилганман. 1941 йил уруш бошланди. У пайтларда қишлоқдаги ҳамма хонадонга думалоқ радио ўрнатилган бўларди, уруш ҳақидаги хабарларни эшитиб турардик. Кейин бизни ҳам ёшимиз етиб қолгани учун армияга чақирди. Чақирилганлар орасида ўзимдан катталар ҳам, кичиклар ҳам бор эди. Ҳаммамизни йиғиб, кечаси Пискентдан Тошконга ҳайдади; у вақтда машиналар ҳам йўқ эди, кавалерия бўлиб бордик. У ерда қиши билан тайёргарлик кўрдик. Кейин Чимкент областига олиб борди, у ерда бир ҳафта турдик, бир ҳафтадан кейин поездга ўтириб, Украинага жўнатди.

Чимкентдан Украинага поездда 23 суткада бордик. Поезд йўлда тўхтаб қолар, шунда уст-бошимизни ювиб олардик. Украинадаги Варашиловград деган шаҳарга (ҳозирги Луганск областида – таҳр.) бордик. У шаҳардан кейин кечаси битта қишлоққа етиб бордик, у ерда бизни битта отхонага жойлаштиришди. Отхонада бир ҳафта ётдик. Кейин бизни Минскка олиб борди. Минскда бир дарё бор экан, дарё бўйида одам кўп экан, фақат ўзбеклар эмасди, ўша ерда ҳаммани “част”ларга бўлиб ташлади. Дилмурод ака, Ҳалил ака, Эгамқул, Мухтор ака деганлар бор эди – баримиз тарқаб кетдик.

Ичимиздагиларнинг битта-иккитаси ўрисчани биларди, биз билмасдик ҳам, тушунмасдик ҳам ўрисчани. 33-“танковий” бригадада эдик. Болданов деган одам командир эди. Танкни ёшроқлар билмайди, у юрганда ичидаги одам жуда силтаниб ўтиради, бемалол ўтиролмайсан унинг ичида, ҳар силтанганида вой-бў... Майли-да, нима деймиз энди, йўқ демаймиз-ку.

“Бизда қурол кам эди”

Немислар томондан телефон орқали хабарлар келиб турарди, мана шу қишлоқда немиснинг шунча танкаси, шунча ҳарбийси турибди деган. Бизда қурол кам эди. Лопатка берарди: “Белингга осиб ол, мана шу лопатка билан немиснинг бошига бир уриб, автоматини оласан”, дерди. А биз қандай қилиб оламиз уларни дердик, немислар яқинига йўлатмаса керагов, юз метр масофадан дабдаламизни чиқариб ташлайди.

Анча вақт ўтди. “Обед” вақти бирдан тўполон бўлиб қолди. Ана шунда қийналиб қолдик. Қурол кам, урушга тайёргарлик йўқ, кийимам йўқ, овқат ҳам йўқ. Анча қийналиб, кейин... шу тариқа, ҳамма армия тўзиб, ким қаерга кетганини, ҳеч нимани билмай қолди. Ҳамма нарсани машинага ортиб, орқага чекиндик. Штабга кетаётганимизни айтишди. [Бир неча кундан кейин] сой бўйига, темир йўл ўтган жойга чиқдик, ўша ерни штаб деди. Шу ерда туриб, қочиб келаётганларни штабга олиб келасизлар, ўтказмайсизлар деди. Ҳалиги жойда иккита-учтадан бўлиб, қочиб келаётганларни штабга олиб бориб турдик. Шу вақтда мен яшаган жойда Саттор ака Бегимқулов деган директор бўларди, ўша одамни кўриб қолдим. Олдимга югуриб келди. “Биз 9та машинада миномётчи эдик, немислар самолёти билан ўққа тутиб, машиналаримиздан 7таси қолди”, деди.

15-20 кундан кейин яна тўполон бўлиб қолди. Осмонда самолётлар кўпайиб кетди. Яна штабни ортиб, бир жойга бордик. У борган қишлоғимизга ҳам ўнта самолёт учиб бориб, бомбалар ташлади. Буғдойзорга қочиб ўтганмиз, у ерларда қора буғдой бўларкан, ўша ерда ётдик. Бомбаларни роса ташлади, қишлоқни ёндирди, нечта-нечта машиналаримиз ҳам ёниб кетди. Биз ўз “част”имизни, бир-биримизни топа олмай қолдик. Аралашиб кетганча жўнаб кетдик. Мени 330-ўқчи полкка қўшиб қўйди.

“Олдимга снаряд келиб тушди”

Окопда ётганимизда устимизга миналар, артиллериянинг ўқлари тушарди. Ўлганлар жойида қолиб кетаверарди. Биздан кейин келиб ўлганларни, майиб бўлганларни йиғадиган дўхтирлар бор эди, шулар олиб кетарди. Ўлганлар билан сизнинг ишингиз бўлмаслиги керак эди. Сизга фақат “только вперёд” бўлиши керак.

Кунларнинг бирида яраландим. Битта снаряд ҳовлига, иккинчиси том устига тушди. Яна битта снаряд ёнгинамизга келиб тушди. Мен бўйнимдан яраландим, ёнимдаги шеригим ўлди. Қочиб отхонага кирдим, дўхтир бошимни бойлаб ётқизиб қўйди. Ҳалиги жойда оёғи, қўлидан айрилганлар, бошидан жароҳат олганлар “войдод, войдод” деб ётибди. Жароҳатларини ўраб ташлаган. Куйиб кетганлар ҳам бор. Менинг бўйнимга осколка текканди, боғлаб қўйгани учун оғзимни очолмасдим, шўрваларни резина шланка билан ичирарди.

Енгил жароҳат олганлар яна сафга қайтар, оғирлари эса операция қилиниб уйига жўнатиларди. Мен бир ойча ўтгандан кейин соғайдим.

Ўшанда немислар танк босиб кетган, отиб ўлдирилган, бомба тагида қолган одамларни чуқур кавлаб, 40-50тасини кўмиб ташлайверган. Ким қаерда ўлганини билиб бўлмаган.

“Немисларни орқасидан қувиб етолмаган вақтларимиз бўлган”

Немислар бутун дунёни оламиз деб ўйлаган. Армияси жуда катта кучга эга бўлган. Кичкина-кичкина давлатларни олгандан кейин, Россияни ҳам 2 ойда олиб қўямиз деган. 2 ой дегани 4 йилда ҳам амалга ошмади. Уруш эълон қилмасдан ҳужум бошлаган. Шунақа қилиб, бизнинг армия 1941-42 йилларда қийналиб юрди, кейин бизнинг қуролларимиз чиқиб, “катюша”лар, “пушка”лар, оғир артиллерия, самолётдан ташланадиган бомбалар чиққанидан кейин уларнинг жони чиқиб қолди.

Бизникилар ҳам қириб ташлади. Немисларни қувиб, 2-3 кун орқасидан қувлаб етолмаган вақтларимиз ҳам бўлган. Донбассдан ўтдик. Кейин Полша деган жой бор экан, у ерни олдик. Немислар қочиб бориб, Берлинга тақалди, пойтахтга. Биз ҳам бордик Берлинга, шаҳарни майдалаб ташладик. “Берлинни эгаллашда қатнашгани учун”, “Германия устидан ғалаба учун” деган медалларим бор.

Берлинга пушкалардан, ҳаводан, “катюша”лардан тўхтовсиз зарба берилди. Берлинни олиб бўлганимиздан кейин қани немислар десам йўқ дейди, кўпи қочиб кетиб қолибди. Шаҳардан ўтиб яна 100 километрча юрганимиздан кейин Элба деган жуда катта дарё бор экан, у ерга борсак, узоқдан ғалабани нишонлаётган шовқин эшитилди: “урре, урре” дейди, автомат отади. Кимлар экан булар десак, америкаликлар, “союзниклар” экан. Шундай қилиб, уруш тугади. Эрталаблари дарёга бориб бет-қўлимизни ювамиз, катта-катта пароходлар туради – ичига қарасангиз, “продукта”лар: нон, шоколад, ҳамма нарса бор.

Кейин ёши каттароқларни ортга жўнатди. Улар отларни ортиб, Беларусга, Украинага жўнади. Бизни олиб қолди. У ерда немисларни “Мессершмит” деган самолёт заводи бор экан, уни буздик. Бир ой ишлаганимиздан кейин бизга ҳам секин жавоб берди. Тошкентга келдик. Биттасиникида ётиб қолдик, эртаматан ҳаммамизни йиғди. Пискентдан пахта ташиб келадиган машиналарга ўтириб Пискентга қайтдим.

Урушдан қайтган қаҳрамонимиз бир неча ойдан кейин уйланган. Анорқул ота Хотамов 7 ўғил ва 2 қизнинг отаси, невара-чевараларининг севимли бобоси.

Иброҳим Саматов ёзиб олди.
Тасвирчи ва монтаж устаси:
Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид