Ўзбекистон | 10:25 / 13.05.2022
22406
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ Жамбилдаги авария бўйича расмий маълумот берди

Фото: Казинформ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот берди.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 12 май куни Жамбил вилоятида йўловчи автобуси иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

Нукус-Олмаота йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автобусда 53 нафар йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ҳодиса оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этган.

Қайд этилишича, айни пайтда 16 нафар ўзбекистонлик туман касалхонасида, жумладан 2 нафари жонлантириш бўлимида ётибди.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консуллиги ҳузурида жабрланганларга ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича штаб тузилган. Дипломатлар воқеа жойига боргани айтилади.

Таъкидланишича, вазият Бош консуллик назорати остида. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тиббиёт муассасалари билан алоқа ўрнатилган. Ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанига олиб боришнинг ташкилий масалалари ҳал этилмоқда.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллигига +77779504422 ёки +77779504433 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Бундан олдин Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида Ўзбекистон автобуси аварияга учрагани хабар берилганди. 

Мавзуга оид