Ўзбекистон | 18:52 / 14.05.2022
29698
5 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Ҳуқуқ органлари Тошкент шаҳар ССББ амалдорларининг 4 йиллик “бизнеси”дан энди хабар топди

Тошкентдаги 54 та шифохонада 2018 йилдан бери шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мулозимларига тегишли хусусий лаборатория пулли хизмат кўрсатяпти. Ваҳоланки, бунгача бу шифохоналарда кўплаб турдаги лаборатория хизматлари бепул бўлган. Kun.uz мақоласидан кейин текширув бошлаган Аксилкоррупция агентлиги коррупцион ҳолатни тасдиқлаб, бу ҳақда Бош прокуратурани хабардор қилди.

Фото: Boston Globe/ Boston Globe via Getty Images

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мансабдор шахслари манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz суриштирувидан кейин текширув бошлаган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Агентлик ахборотига кўра, пойтахт ССББ бошлиғи ўринбосарлари ва мазкур муассаса ҳузуридаги “Ҳўжалик ҳисобидаги тиббий кўрик бўлими” ДУК директори “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” (“SS-LAB”) МЧЖни очиб, аҳолига пулли лаборатория хизматларини кўрсатиш шаклидаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.

Корхона оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда ўз филиалларини ташкил қилиб, пулли хизмат кўрсатган.

Бу, аксилкоррупцион органнинг қайд этишича, манфаатлар тўқнашуви бўйича нормаларга зид. Агентлик ўрганиш натижалари юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритган; тўпланган ҳужжатларни қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборган.

Собиқ вазирлар сўроққа тутиладими?

Kun.uz бу ҳолат ҳақида илк марта бундан бир йил олдин хабар берган, лекин ўшанда на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на прокуратура ва на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бунга эътибор қаратганди.

Бундан икки ой олдин Kun.uz мазкур ҳолатга яна бир бор эътибор қаратиб, ССВда вазир ўзгарганидан кейин бу таниш-билишчиликка чек қўйилиши кутилаётгани ҳақида маълум қилди.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шодмонов ва Абдуҳаким Ҳожибоев даврида бу йирик эҳтимолий коррупцион ҳолатга эътибор бермай келинган.

Аслида бепул хизматлар учун пул ундирилган бўлиши мумкин

Маълумот учун, “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ 2018 йилда ташкил этилган. Унга тегишли лабораториялар 4 йилдан бери Тошкент шаҳридаги 35 та оилавий поликлиника, 9та туман тиббиёт бирлашмаси, 6та туғуруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига пулли лаборатория хизматларини кўрсатиб келган.

Ваҳоланки, 2018 йилгача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларида фуқаролар учун лаборатория клиник ва биохимия таҳлиллари бепул бўлган.

Компания таъсисчилари – уч нафар собиқ ва амалдаги мулозимлардир:

  • Ботирбек Исабеков (33,40 фоиз) — 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳар ССББ бошлиғи, 2022 йил март ҳолатига ССББ бошлиғининг ўринбосари;
  • Aнвар Раҳимов (33,30 фоиз) — муқаддам Тошкент шаҳар ССББда ишлаган, 2022 йил март ҳолатига ССББ тасарруфидаги “Тиббий кўрик бўлими” ДУК директори;
  • Улуғбек Эгамбердиев (33,30 фоиз) — 2022 йил феврал ойигача Тошкент шаҳар ССББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

“Беморлар зарурат бор-йўқлигидан қатъи назар, пулли таҳлил топширишга йўналтирилган”

ССВ Комплаенс ички аудит ва молиявий назорат хизмати бошлиғи Рустам Жуманов бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилган эди.

“Ўрганишлар давомида шифокорлар томонидан асоссиз равишда, яъни зарурат бор ёки йўқлигидан қатъи назар беморлар пулли таҳлилларни топширишга йўналтирилгани, бунга манфаатлар тўқнашуви сабаб бўлаётгани маълум бўлди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, болалар шифохоналари ва туғуруқхоналарда беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, улар қандай кўринишда бўлмасин, тиббий хизматлар учун пул тўлашга мажбурланмаслиги керак. Бироқ “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖнинг таъсисчилари ўзларининг лавозим ваколатлари ва мавқеларидан фойдаланган ҳолда пойтахтдаги 6та туғруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига пулли хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга эришишган.

Қолаверса, Тошкент шаҳридаги 54 та тиббиёт муассасасида фаолият олиб бораётган “SS-LAB” лабораториялари таҳлилларни ўзи ўтказмаётгани, шунчаки ўртада воситачи экани, аҳолидан олинган намуналар, яъни биоматериалларни тиббий-диагностика хизматини кўрсатувчи бошқа бир корхонага олиб бориб топшириши аниқланди.

Ўрганишларимиз аслида ушбу хизматларнинг нархи “SS-LAB”никидан анча арзонлиги, ушбу фирма ҳар бир хизмат устига жуда катта ҳақ қўйиб келгани, бунинг юки эса фуқаролар зиммасига тушиб келганини кўрсатди”, деганди Рустам Жуманов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тиббиётда янги монополия юзага келаётган бўлиши мумкинлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178та лаборатория битта оператор – “Intermed Innovation”га берилгани ҳақида ёзган эдик.

Бунга жавобан март ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси суриштирув бошлаганини хабар қилган эди. Орадан 2 ой ўтган бўлса-да, суриштирув натижалари юзасидан маълумот берилганича йўқ.

Мавзуга оид