Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди
Бир ой фарқи билан давлат рўйхатидан ўтган ва бир манзилда жойлашган икки МЧЖ мансабдорлари юзлаб одамларни осон шартларда машина олиб беришга ишонтириб, бошланғич тўлов сифатида пулларини қабул қилиб олган. Йиғилган маблағ миқдори бир неча млрд сўмга тенг. Чув тушганлар орасида Kia Sonet машинаси учун қарийб 80 млн сўм бошланғич тўловни амалга оширганлар ҳам бор. Таъсисчиси ва номи турлича бўлган фирмалар шартномаларда битта муҳрдан фойдаланган.
2024 йил 30 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing Group” МЧЖ ва 2024 йил 31 октябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорлари юздан ортиқ одамни алдагани маълум бўлди.
Kun.uz’га келиб тушган рўйхатга кўра, МЧЖлар биргина октябр ойида 41 нафар мижоз билан турли русумдаги машиналарни олиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Бошланғич тўлов сифатида қабул қилинган сумма эса 1,3 млрд сўмдан ошган.
Ноябр ойида ҳам кўплаб мижозлар билан шартномалар тузилган. Уларда ҳар икки МЧЖ мансабдорлари Damasʼдан Kia Sonetʼгача бўлган турли русумдаги машиналарни йиллик 7 фоизлик устама билан 105 иш кунигача етказиб беришни зиммаларига олган.
Жумладан, Фарғона вилоятида яшовчи Парвиз Аҳмаджонов 2024 йил 4 ноябрда “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ билан Kia Sonet машинаси учун шартнома тузган.
Мижоз шартномага асосан 76 млн 667 минг сўм бошланғич тўловни амалга оширган.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи Руқия Эргашева эса 2024 йил 28 ноябр куни Tracker машинаси учун 45 млн сўмдан ортиқ бошланғич тўлов тўлаган.
“Halal Auto Leasing Group” ва “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ вакиллари томонидан бошланғич тўлов сифатида Damas машинаси учун 20-23 млн сўмдан, Cobalt учун 33 млн 770 минг сўмдан, Tracker учун 47-56 млн сўмдан, Monza учун 60 млн сўмдан, Onix учун 41-45 млн сўмдан пул маблағлари қабул қилинган.
Очиқ манбаларга кўра, “Halal Auto Leasing Group” МЧЖ 2024 йил 30 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Таъсисчиси Султонов Муроджон Тўхта ўғли.
“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ эса 2024 йил 31 октябр куни давлат рўйхатидан ўтган. Унинг таъсисчиси Йўлдошев Ихтиёржон Обиджон ўғли.
Ҳар икки МЧЖ бир манзилда – Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Сархумдон маҳалласи Гулобод мавзеси 268/32-уйда жойлашган.
Бундан ташқари, таъсисчиси ва номи турлича бўлишига қарамай, иккала МЧЖ вакиллари ҳам мижозлар билан тузилган шартномаларда битта муҳрдан фойдаланган.
Kun.uz “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖнинг шубҳали фаолияти юзасидан 2024 йил 16 ноябр куни суриштирув эълон қилганди. Орадан 20 кун ўтиб, 5 декабр куни фирма офиси ИИВ Тергов департаменти томонидан муҳрлаб кетилди ҳамда МЧЖ мансабдорларига жиноят иши очилди. ИИВ масъуллари жиноят иши тафсилотларига оид Kun.uz сўровларини жавобсиз қолдирди.
Мавзуга оид
15:07 / 17.12.2024
Kun.uz огоҳлантирган “автолизингчилар” қамоққа олинди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024