Жамият | 15:48 / 15.05.2022
24138
8 дақиқада ўқилади

«Юрак трансплантацияси ўтказишга тайёрмиз» — Америкалик хирурглар эътироф этган ўзбек кардиожарроҳи

АҚШда юрак хуружи билан шифохонага ётқизилган беморга америкалик шифокорлар унга ҳаёти хавф остидалиги, унда юрак трансплантацияси амалга оширилиши зарурлигини айтишади.

Бемор операция учун нисбатан камхаржроқ деб Туркияни танлайди. Аммо бу мамлакатдаги шифокорлар иккиланиб қолишади. Улар стентлаш амалиётини ўтказиш масъулиятидан чўчишади. Иложсиз қолган бемор Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлади. Бироқ бу ерда навбатдаги юрак хуружини бошдан ўтказади.

Асоратлар янада хавфли тус олади: юракнинг қисқарувчанлик фаолияти 4 баробар тушиб, қон томирлари йўли ёпилиш арафасига келиб қолади. Шу тариқа, икки баробар катталашиб кетган юракда шошилинч операция амалга оширилади. Юракнинг учта томирига жарроҳлик йўли билан томир уланиб, бемор ҳаёти сақлаб қолинади. 

Орадан уч йил ўтади. Бемор АҚШда сафардалигида кутилмаганда яна юрак хуружи қайталайди. Америкалик жарроҳлар юракни очишгач, буюрилган дори воситалари вақтида қабул қилинмагани учун яна бир томир беркилиб қолгани аниқ бўлади. 

Операциядан сўнг америкалик малакали хирурглар аввалги жарроҳлик амалиёти маҳорат билан қилингани, уланган томирлар бекам-у кўст ишлаб турганини эътироф этишади. Хирургнинг ишига «заргарона» деб тан беришади. ССВ матбуот хизмати бу ноёб операция муаллифи тиббиёт фанлари доктори, кардиохирург Алишер Мелиқулов билан суҳбатлашди.

«1000 дан зиёд юрак операциясини мустақил ўтказдим»

Алишер Мелиқулов Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида 15 йил ишлаган. Ўша ерда фан доктори ва етакчи хирург даражасигача етган. 

— 2004 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини битириб, Москвадаги Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ординатурада таҳсил олгани кетганман. Таҳсилдан кейин аспирантурага олиб қолишди. 2009 йилда «Ишлаб турган юракда конверсия ҳолатларини ўрганиш» мавзусида номзодлик диссертацияси ёқладим.

Кейинги режаларим кутилмаган томонга кетди. Илмий раҳбарим ва муассаса директори илмий ва касбий фаолиятимни шу ерда давом эттиришни таклиф қилди. Натижада фаолиятимни марказда давом эттирдим.

2018 йилда «Юқори хавфли гуруҳларда аорта-коронар шунтлаш операцияларини ўтказиш» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Икки йил Германиянинг Лейпциг шаҳридаги дунёга машҳур хирургия марказида малака ошириб қайтдим. Ўтган даврда 1000 дан зиёд юрак операцияларини мустақил ўтказдим. Ўнлаб юрак трансплантация амалиётларида қатнашдим.

«Бирга ўқидик, бирга ўргандик, бирга ишлаяпмиз»

Алишер Мелиқуловнинг турмуш ўртоғи Мадина Аҳмедова ҳам шифокор, аниқроғи кардиолог. У ҳам А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида илм олиб, ўша ерда узоқ йиллар фаолият юритган. 

—  Бегона юртда яшашнинг доим қийинчилиги бўлган. Лекин биз шу соҳанинг бор сир-синоатини ўрганишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Кези келганда моддий қийинчиликларни ҳам бошдан ўтказдик. Барчасини турмуш ўртоғим билан бирга енгиб, мақсад сари ҳаракат қилишдан чекинмадик.

2019 йилда президентимиз Россияга ташрифи чоғида Москвада ишлаётган бир гуруҳ мутахассислар билан мулоқот ўтказди. Шундан сўнг менда ватанга қайтиш истаги кучайди. Барча шароитлари муҳайё бўлган жой ҳам ўз юртингдек бўлолмас экан. Айниқса, ўзбек учун киндик қони тўкилган заминдан узоқ бўлиш жуда оғир. Дунёнинг турли мамлакатларида ишлаётган ҳамюртларим ҳам, ҳеч ким юртини ўзбекчалик соғинмаса керак, деб айтишган.

Отам Москвага келганида «Ўғлим, мана шунча натижага эришибсан, обрў-эътибор топибсан, энди ўз халқингга ҳам хизмат қил», дегач, юртга қайтиш қарорим қатъийлашди. Турмуш ўртоғим бироз иккилангани ҳам бор гап. Чунки қайтганимиздан кейин қандай шароитда иш бошлашимиз ҳақида тасаввуримиз йўқ эди. Ҳозир, яхшиям юртга қайтган эканмиз, деб шукр қиламан. Оилам хурсанд, болаларим хурсанд, яқинларим, қариндошларим ёнимда. Бу ерда ҳам турмуш ўртоғим билан бир жамоада меҳнат қиляпмиз.

«Операцияларимизда ўлим кўрсаткичи — 0 фоиз»

— Ўзбекистонда фаолият бошлаганимдан бери қарийб 500 та операцияга бошчилик қилдим. Қўл остимдаги жамоага ишонаман. Шогирдлар тайёрлаяпман. Бакулевда ўқиган, менга устозлик қилган олимлардан сабоқ олган мутахассисларни жамоага йиғганмиз. Эришиладиган муваффақиятда жамоанинг профессионаллиги жуда муҳим. Мисол учун, бутун дунёда, тиббиёти тараққий этган давлатларда ҳам аорта-коронар шунтлаш операцияларида ўлим эҳтимоли 1-2 фоизни ташкил қилади. Худога шукр, шу пайтгача ўтказган бирорта операциямиздан кейин ўлим ҳолати қайд этилмади.  

«100 қадам юришга кучим этмасди, операциядан кейин велосипед миниб юрибман»

Мутахассиснинг қабулидан беморлар аримайди. Улардан бири, Бозорбой Ҳалилов — 54 ёшда. Бир ой олдин юраги оғриб, қон босими ошиб шифокорга мурожаат қилган.

— Текширувлардан сўнг дўхтиримиз «операция қилиш керак деди», рози бўлдим. Амалиётдан икки кун ўтиб юра бошладим, — дейди Бозорбой Ҳалилов. — Аҳволим яхшиланиб боряпти. шифокорга телефон қилиб, ҳолатим ҳақида маълумот бериб тураман. Велосипед ҳайдашга рухсат берди яқинда. Мана, бугун кўрикка келдим, агар рухсат берса, жисмоний ишларга ҳам киришмоқчиман.

—  Ҳар куни 2-3 кишида амалиёт ўтказамиз, — дейди шифокор. — Охирги операцияларимиздан бирида бир бемор оғир юрак етишмовчилиги билан ётқизилган. Юрак қисқарувчанлиги икки баробар камайиб кетган, бир ой олдин инсулт ва инфарктни бошдан кечирган. Бошқа бирида юракнинг ярми тромбга тўлиб кетган эди. Ишлаб турган юракда жарроҳлик йўли билан уларни олиб ташладик. Бу операцияни ҳам Москвада ўқиб келган шогирдларимиз билан бирга амалга оширдик.

«Юрак трансплантацияси ўтказишга тайёрмиз»

Алишер Мелиқулов дунё кўрган малакали шифокор сифатида Ўзбекистонда хирургия соҳасидаги янгиланишларни революцион деб таърифлайди. Ўзбек мутахассислари юракда ўтказиладиган барча операцияларни амалга ошира олиши, улар дунёнинг кардиожарроҳлик йўналишидаги илғор клиникаларида ўтказиладиган амалиётлардан қолишмаслигини эътироф этади.

— А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги маркази мутахассислари дунёда биринчи бўлиб ишлаб турган юракда жарроҳлик амалиёти ўтказишган. Бу илмий янгилик уларнинг номига патентланган. Биз устозлардан бу амалиётнинг барча сир-асрорларини ўзлаштирганмиз. Бугун Ўзбекистонда бундай операцияларни ўтказишга қодир мутахассислар етарли. 

Юртимизда юрак кўчириб ўтказиш амалиётларига ҳам рухсат берилса, ўзим ва жамоам бундай операцияларга тайёрмиз, дея оламан. Моддий-техник база мустаҳкам, мутахассислар малакали бўлса, нимадан чўчийлик?! Албатта, уддалаймиз! Шунда юрагида шикоят билан чет элларда юртдошларимизнинг сарсон бўлиб юришларига буткул чек қўйилади. Менинг ҳам мақсадим шу: ҳеч бир ҳамюртимиз дардига шифони четдан изламасин. 

Мавзуга оид