Жамият | 19:00 / 20.06.2024
24637
6 дақиқада ўқилади

Инсон танасининг двигатели – юракни хасталанишдан асраш. Кардиожарроҳ тавсиялари

Республика Ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида миниинвазив кардиохирургия бўлими бошлиғи, соҳада 24 йиллик тажрибага эга кардиожарроҳ Ислом Шарипов танадаги энг нозик аъзо – юрак хасталиклари ва уларнинг келиб чиқиши, олдини олиш чоралари ҳақида ўз тавсияларини берди.

28 ёшида инфаркт билан мурожаат қилганлар бор

Бугун юрак хасталиклари орасида энг кўп тарқалгани юрак ишемик касаллиги ҳисобланади, бу касалликка асосий сабаб юракни таъминловчи қон томирларда бляшкалар ривожланиб, қон оқимини пасайтириб юборади. Ишемиянинг кейинги босқичи стенокардия бўлади, қон томирлар кўпроқ ёпилиб қолади, инфаркт билан тугаб, ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Иккинчи ўринда орттирилган юрак нуқсонлари. Бир қисми ревматик касаллик, бир қисми эса кўп йил яшагани сабаб (дегенератив ўзгаришлар оқибатида) келиб чиқадиган касалликлар.

Учинчиси эса туғма юрак нуқсонлари. Бундай беморлар ёшлигида коррекция бўлади, баъзи ҳолларда билмай юрган 18 ёшдан катталар ҳам бўлади.

Ишемик касаллик асосан 40 ёшдан катта одамларда учрайди, кардиохирургияга етиб келадиган ёши 60-65 ёш атрофида бўлади. Лекин охирги йиллар стенокардия, инфаркт бўлган беморлар ёши пасайиб боряпти, 28 ёшида инфаркт билан мурожаат қилганлар бор. Умуман, 28-30 ёшдаги беморлар учраб туради.

Миниинвазив жарроҳлик оммалашуви

Илк миниинвазив жарроҳлик амалиётини 2005-2006 йилларда бошлаганмиз. Охирги 3 йилдан бери видеоторакоскопик усулга ўтдик, 3,5-4 см кесиш орқали жарроҳлик амалиётлари бажаряпмиз.

Ҳозирги кунда миниинвазив жарроҳлик асосан қовурғалар орасидан кесиб, ҳеч бир суякка зиён етказмасдан юрак операцияси ўтказилади. Торакоскоп, 3D тасвир, ёрдамчи робот кўмагида миниинвазив жарроҳлик амалиётларини бажариш тарқалган.

Марказимизда 3 йилдан бери миниинвазив жарроҳлик дастурини ривожлантириб келяпмиз. Биринчилардан бўлиб 3D торакоскоп аппаратини олиб келдик, мутахассисларимиз Австрия, Швейцарияда италиялик, америкалик мутахассислар билан тажриба алмашиб келди.

Миниинвазив жарроҳлик афзаллиги шундаки, стернотомия билан боғлиқ асоратлар бўлмайди, реабилитация даври жуда қисқаради, ёшроқ беморлар 3 ҳафтада ишга чиқиб кета олади (стернотомия, ёки тўш суяги кесиш орқали қилинган операциядан кейин бу кўрсаткич 3 ойни ташкил этади), жуда кичик, йўқолиб кетувчи косметик эффект.

Германияда миниинвазив жарроҳлик аллақачон стандарт бўлишга улгурган. Биз ҳам бугунги кунда одамлар орасида мана шуни тарғиб қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Чекадиган инсонларда асоратлар фоизи баландроқ бўлади

Никотиннинг қон томирларни шикастловчи хусусияти бор. Чеккан одамнинг қон томирлари бошқа одамлариникига нисбатан 15-20 йилга қарироқ кўринади. Бундай инсонларда юрак қон томирларидан ташқари бошқа томирларида ҳам жиддий торайишлар, ишемия белгилари кузатилади. Ўпкасида жиддий ўзгаришлар бўлади, ранги ҳам бошқача ўзгаради. Улар наркоз олиши, наркоздан чиқишда сунъий нафас олиш аппаратидан олиши қийинроқ бўлади. Шунинг учун чекувчи инсонларда операция хавфи, асоратлар фоизи баландроқ бўлади.

Бугунги кунда 80-90 фоиздан кўп ҳолатда юрак касалликларини даволаш мумкин. Касаллик даволаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолса ҳам, сунъий юрак қўйиш амалиётлари пайдо бўляпти бугунги кунда. Бундай юрак 10-11 йилгача ишлаб бериши мумкин. Юрак алмаштириш (яъни трансплантацияси) йўли ҳам бор, бу орқали яна 10-20 йилгача яшаш мумкин. Умуман, юрак касалликларининг асосий қисмини даволаса бўлади.

Юракка зарарли маҳсулотлар – шакар, ёғ ва туз

— Юрак биринчи навбатда ўзи ҳайдаётган қондан озиқланади. Юрак қон томирлари яхши бўлса, қон босими меъёрида, холестерин баланд бўлмаса, юрак 120-130 йил ишлаб бера олади.

Бугунги замонавий одамнинг муаммоси — камҳаракатлик. Биз кўп нарса истеъмол қиламиз, лекин кам сарфлаймиз. Олаётган ва сарфлаётган энергиямизни балансга келтирсак, оптимал шароитга келади. Буни ёшликдан бажариш керак, чунки соғлом ҳаёт тарзи — юрак учун комфортли ҳисобланади. Шунда юрак кўп йиллар давомида ўз функциясини яхши бажаради.

Юракка энг зарарли бўлган маҳсулотлар - жуда ёғли, шакарли ва тузли маҳсулотлардир. Одамлар кардиохирургияга етиб келмасликлари ёки кечроқ келишлари учун биринчи ўринда соғлом овқатланиш, спорт билан шуғулланиш керак. Швейцарияда бизга мурожаат қиладиган беморларнинг ёши ўртача 78 ёш бўлган, соғлом турмуш тарзи сабаб шунга эришган улар.

 Яқин 10 йилда кардиохирургия ривожи ҳақида

Аввало миниинвазив технологиялар ривожланади, чунки бунга талаб катта, бугунги кунда тез ва косметик эффектларсиз бажарилиши керак.

Кейин, янги визуализация технологиялари ривожланади, торакоскоп каби. Тиббиёт роботлари ҳам кириб келади, масалан, “Да Винчи” роботи орқали юракдаги амалиётлар ҳам бажарилишни бошланган. АҚШ, Япония, Кореяда бундай амалиётлар жуда куп бажарилмоқда, роботлар ривожланиб, ишлатиш осонлашиб бораверади. Сунъий юрак ҳам ривожланади, чунки донорлар кам юрак алмаштириш учун, эҳтиёж бор бунга.

Юрак жарроҳлиги амалиётидан кейинги бир неча ҳафталик реабилитация даврида кучлироқ овқат ейиш керак, чунки янги тўқималар керак бўлади кесилган жойларга, қон йўқотишнинг ўрнини тўлдириш керак. Лекин бемор тикланиб олгач, парҳез қилиши керак бўлади.

Юрак хасталикларига чалинмаслик учун аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилиш зарур. 40 ёшдан ошгач, ҳар 6 ойда кардиолог назоратида бўлиши керак (Check-up программалари).

Кўрсатув Республика Ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида суратга олинди.

Мавзуга оид