Жаҳон | 08:49 / 17.05.2022
11732
2 дақиқада ўқилади

Элизабет Борн Франция бош вазири этиб тайинланди 

Элизабет Борн мамлакатнинг янги бош вазири бўлади. Бу Франция тарихида иккинчи марта аёл кишининг ҳукуматга раҳбарлик қилишидир.

Фото: Picture Alliance

Франция президенти Эммануэл Макрон 16 май, душанба куни Франциянинг собиқ меҳнат, бандлик ва интеграция вазири Элизабет Борнни мамлакат бош вазири этиб тайинлади ва унга янги ҳукуматни шакллантиришни топширди. 

Аввалроқ Макрон собиқ бош вазир Жан Кастекснинг истеъфосини қабул қилган эди. Кастекс 2020 йилдан бери бош вазир лавозимида ишлаб келган. Франция ҳукумати ҳам у билан бирга истеъфога кетди.

«Жан Кастекс, унинг ҳукумати ва бутун жамоасига раҳмат. Деярли икки йил давомида у Францияга иштиёқ ва фидойилик билан хизмат қилди. Келинг, амалга оширилган ишлар ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли эришилган натижалар билан фахрланамиз», - деб ёзди Макрон твиттерда.

Ҳукумат ва бош вазирнинг истеъфога чиқиши Францияда президентлик сайловларидан сўнг расмиятчиликдир, деб таъкидлайди Dpa, аммо бу сафар бу «ажабланарли даражада кеч» - сайловдан уч ҳафта ўтгач содир бўлди.

Элизабет Борн Франция тарихида ҳукуматни бошқарадиган иккинчи аёлга айланади. Ундан олдин фақат Эдит Крессон 1991-1992 йилларда аёл бош вазир бўлган. Макроннинг танлови бўлажак парламент сайловлари олдидан ҳам сўл, ҳам консерватив сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш истаги билан боғлиқ, дея қайд этади Dpa. 

61 ёшли Борн 2020 йил июль ойидан буён Франция Меҳнат вазирлигини бошқариб келади, бундан олдин у Экология, транспорт ва уй-жой вазири бўлган. 2017 йилда у Макроннинг «Олға, республика!» партиясига қўшилган. 

Макрон 24 апрель куни иккинчи турда «Миллий бирлашув» партияси етакчиси Марин Ле Пенни мағлуб этиб, президентликка қайта сайланди. Амалдаги президент 63,2 фоиз овоз олди. 

Мавзуга оид