Жаҳон | 19:21 / 18.05.2022
37013
4 дақиқада ўқилади

«Менга отишни буюришди». Россиялик ҳарбий судда қуролсиз украиналикни ўлдирганини тан олди

Шишимарин — Украина ҳудудида ҳарбий жиноят содир этишда айбланиб, судга тортилган илк россиялик ҳарбийдир.

Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Россиялик ҳарбий хизматчи Вадим Шишимарин суд жараёнида қуролсиз тинч аҳоли вакилини ўлдирганига иқрор бўлди. Бу ҳақда BBC мухбири Киевдаги суд залидан хабар берган.

Прокуратура версиясига кўра, 28 феврал куни Суми областидаги Камиши қишлоғи яқинида таркибида 21 ёшли сержант Шишимарин ҳам бўлган колонна Украина армияси томонидан ўққа тутилган. У ва яна тўрт нафар россиялик ҳарбий чекинаётиб бегона автомобилни ўғирлашган ва чегара томон ҳаракатлана бошлашган.

4 май куни Украина хавфсизлик хизмати Шишимариннинг сўзлари ёзилган видеони эълон қилди.

Лебединский кўчасидаги 52-уй олдида улар маҳаллий аҳоли вакили - Александр Федорович Шелиповни учратишган, у бу вақтда телефонда гаплашаётган бўлган. Россиялик ҳарбий Пуфаков (у кейинроқ ҳалок бўлган) Шишимаринга бу одам украин ҳарбийларига улар ҳақида маълумот етказмаслиги учун  уни ўлдиришни буюрган. Шишимарин автоматдан ўт очган. Бу Украина томони тақдим этган воқеалар ривожи версияси.

Россия мудофаа вазирлиги Шишимарин билан боғлиқ вазият бўйича маълумот бермаган. Кремл бу борада етарли ахборотга эга эмаслигини билдирган.

«Менга отишга буйруқ берилди ва мен унга қарата ўт очдим, у йиқилди. Биз йўлимизда давом этдик», дея кўрсатма беради Шишимарин Украина хавфсизлик хизмати томонидан ёзиб олинган видеода.

Кейинроқ Шишимарин ва уч нафар ҳарбий асирга тушган.

Судьянинг аниқлаштирувчи саволига жавобан, Шишимарин қотиллик содир этганини тан олган.

Шишимаринга «Уруш қонунлари ва одатларини бузиш» моддаси бўйича айб қўйилган. У 10-15 йилга озодликдан маҳрум этилиши ёки умрбод қамалиши мумкин.

Бу Украина ҳудудида содир этилган жиноят учун россиялик ҳарбийнинг суд қилиниши билан боғлиқ биринчи ҳолатдир.

Шишимариннинг адвокати Виктор Овсянников айбловни бошқа юмшоқроқ моддага алмаштиришга ҳаракат қилмоқда, аммо бу айнан қандай моддалигига аниқлик киритилмаган.

Адвокат BBC корреспондентига оқлов ҳукмига эришишни режалаштираётганини айтган. «Прокурорга кузир бермаслик учун ҳимоя линиясини очиқламайман. Позицияни дебатда билдираман», деган у.

Сешанба кунги суд мажлиси қисқа бўлган - суд журналистлар билан тўлиб-тошгани боис мажлисни давом эттириш 19 майга қолдирилган. Суд жараёни бутунлай очиқ, суд мажлиси видеотрансляциясини YouTube орқали кузатиш мумкин.

Судда вафот этган шахснинг беваси, Шишимариннинг ўзи ва айбловчи томоннинг икки гувоҳига сўз бериш, шунингдек ашёвий далиллар - автоматлар ва мобил телефонларни кўриб чиқиш режалаштирилган.

Судда янграган маълумотларга кўра, Шишимарин 21 ёшда, у Иркутск областининг Усть-Илимск шаҳридан, Москва областидаги 4-Кантемир танк дивизиясида бўлим командири бўлиб хизмат қилган.

18 май куни Кремл расмийси Дмитрий Песковдан Украинада суд қилинаётган илк россиялик ҳарбий бўйича сўрашди. «Ҳали [батафсил] маълумот йўқ, афсуски, у ерда [Киевда] дипломатик ваколатхонамиз йўқлиги туфайли ёрдам кўрсатиш имконияти чекланган», деган у журналистларга Россиянинг Шишимаринга ёрдам кўрсатиши имконияти борасидаги саволга жавобан.

Мавзуга оид