Жаҳон | 10:41 / 07.03.2023
72836
6 дақиқада ўқилади

Украин ҳарбий асири қатл қилиниши видеоси. Бу ҳақда нималар маълум?

Зеленский қотил топилишини ваъда қилди.

Фото: «Омбудсман Дмитро Лубінець» телеграм-канали

Украина расмийлари украиналик ҳарбий асирнинг қатл этилгани акс этган кадрларга муносабат билдирмоқда. Қатор блогерлар ва каналлар томонидан тарқатилган видеода асирга олинган ҳарбий ўлим олдидан «Слава Украине» (Украинага шон-шарафлар) сўзларини айтишга улгуради.

Зўравонлик саҳнаси акс этган бу кадрлар телеграм-каналларда 6 март куни кундузи пайдо бўлди.

Видеода ҳарбий формадаги киши ўрмонда туради ва чекади. Кадр ортидаги овоз айтади: «Тасвирга ол», ва камера кўтарилади. Аскар шундай дейди: «Украинага шон-шарафлар». Кейин уни ўққа тутишади ва у қулайди. Кадр ортидаги овоз рус тилида сўкинади.

Бу видео қачон ва қаерда ёзилгани маълум эмас.

«Суспільне» ва BBC News журналисти София Кочмар-Тимошенко видеода отиб ташланган украин ҳарбийсининг синглисини топганини хабар қилган, аммо ҳозирча унинг шахсини очиқламаган.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак твиттерида шундай ёзди: «Асирни ўлдириш - бу россияликларнинг навбатдаги ҳарбий жиноятидир. Бу Кремл пропагандаси томонидан «нацистлар» ҳақидаги афсоналар билан оқланган ва қасддан олиб борилаётган террор сиёсати элементидир. Ҳар бир бундай ҳарбий жиноят жазоланади. Ҳеч ким жазодан яширина олмайди. Барчасини топамиз».

Ермак видеога ҳавола бермаган ва бу шарҳ айнан у ҳақда эканига аниқлик киритмаган.

«Бу видеони халқаро ҳамкорлар ва дунёнинг турли бурчакларидаги ҳамкасб омбудсменларга Россиянинг навбатдаги ҳарбий жинояти далили сифатида юбораман», дея ёзган Украина инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитро Лубинец.

У ҳарбий асирни отиб ташлаш - Женева конвенцияси бузилиши ҳисобланишини қайд этган.

Украина бош прокурори Андрей Костиннинг хабар беришича, Украина Хавфсизлик хизмати бош тергов бошқармаси ҳолат юзасидан Украина Жиноят кодекси 438-моддаси 2-қисми (уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш) бўйича жиноий иш очган.

«Ҳатто урушда қонунлар  бор. Халқаро ҳуқуқ нормалари бор ва булар Россия жиноий режими томонидан мунтазам равишда эътибордан четда қодирилмоқда. Аммо эртами кечми жиноят жазосини олади. Бунга алоқадорларнинг барчаси қонун олдида жавоб беради», дея ундан иқтибос келтирган «Интерфакс-Украина».

Украина президенти Володимир Зеленский урушнинг 376-куни якунлари бўйича видеомурожаатида ҳарбий асирнинг қотиллари топилишига ваъда берди.

Бугун оккупантлар жасорат билан уларнинг кўзларига қараб: «Слава Украине!» деган жангчини ваҳшийларча ўлдиргани акс этган видео тарқалди. Мен барчамиз биргаликда унинг сўзларига жавоб қайтаришимизни истайман: «Қаҳрамонга шон-шараф! Қаҳрамонларга шон-шарафлар! Украинага шон-шарафлар!» Ва биз қотилни топамиз. Мен ҳозирда Украина учун жанг қилаётган барчадан миннатдорман! Украинага ёрдам бераётган ҳар бир кишига раҳмат айтаман! Халқимиз озодлиги учун жонини берганларнинг барчасига ҳурмат бажо, уларнинг хотираси абадий! Барча замонларда Украина озодлигини орзу қилган барча украин қаҳрамонларига ҳурмат бажо, уларнинг хотираси абадий! Украина ғолиб бўлади!

Россия расмий шахслари ҳозирча бу видеога муносабат бермаган.

Аннексия қилинган «ДХР» «ахборот вазири ўринбосари» Даниил Безсонов эса телеграм-каналида шундай ёзган: «Халқаро можаро учун бизнинг аскарни украинча кийинтириб, бизни ҳарбий жиноятда айблаш мақсадида уни отиб ташлашган, деб ҳисоблаш учун асос бор».

Қайд этиш лозимки, бу икки томондан ҳам шу каби кадрлар тарқалиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

Ноябр ойида Луҳанск области ҳудудида уч нафар россиялик ҳарбий отиб ташлангани акс этган кадрлар тарқалганди. Россия мудофаа вазирлиги «қонли жазо» ҳақида хабар қилганди. Украина ҳукумати бу ҳолат текширилишига ваъда берган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба твиттерида янги ҳолат билан Халқаро жиноий суд шуғулланиши кераклигини айтди.

«Қуролсиз украин ҳарбий асири шунчаки «Украинага шон-шарафлар» сўзлари учун қатл этилгани акс этган даҳшатли видео. Бу уруш геноцид эканининг яна бир далили. Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон зудлик билан бу даҳшатли ҳарбий жиноятни тергов қилишни бошлаши зарур. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим», дея талаб қилади Кулеба.

Украиналик журналист Юрий Бутусов бу видеодан скриншотни фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган ва видеодаги киши ва унинг асирга тушиши тафсилотлари тўғрисида маълумотга эга бўлганлардан бу ҳақда хабар беришни сўраган.

Шу билан бирга, айрим фойдаланувчилар қурбонни таниб олиш мумкинлиги туфайли видео ва скриншотларни тарқатиш ахлоққа тўғри келишини шубҳа остига олишган.

Мавзуга оид