Жаҳон | 17:39 / 23.05.2022
12525
4 дақиқада ўқилади

Киев суди россиялик ҳарбийни умрбод қамоққа ҳукм қилди

Киевдаги Соломенский суди ҳарбий асирликдаги россиялик сержант, Суми областида тинч аҳоли вакилини ўлдиришда айбланган Вадим Шишимаринни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу босқин бошланганидан буён Украинада суд қилинган илк россиялик ҳарбий бўлди.

AFP VIA GETTY IMAGES

Суд ҳукми эълон қилиниши жараёни бир соатга яқин вақт давом этди. Судья Шишимаринни айбдор деб топди ва уни умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилди. Россиялик сержант «Уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш» моддаси (Украина ЖК 438-модда, 2-қисм) бўйича суд қилинди.

21 ёшли Шишимарин - Украинага босқин бошланганидан буён ҳарбий жиноятларда айбланиб, суд қилинган илк россиялик ҳарбий бўлди. Шишимарин Суми областидаги Чупаховка қишлоғида яшаган 62 ёшли Александр Шелиповни ўлдиришда айбланган. У биринчи суд мажлисидаёқ айбига иқрор бўлганди.

Суд жараёни атиги бир ҳафта вақт давом этди.

28 феврал куни рўй берган воқеалар, айбловчи томон версиясига кўра, қуйидагича ривожланган: Гринченково қишлоғи яқинида украин ҳарбийлари таркибида Шишимарин ҳам бўлган колоннани яксон этган, шундан кейин у ва яна тўрт нафар россиялик ҳарбий маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг машинасини эгаллаб, чегара томонга қочишга уринган.

Шишимарин суд вақтида

Йўлда улар телефонда гаплашаётган Шелиповни учратишган ва Пуфаков фамилияли ҳарбий Шишимаринга бу одам улар ҳақида украин ҳарбийларига хабар етказмаслиги учун уни ўлдиришни буюрган.

Шишимарин автоматдан бир неча ўқ узган ва Шелипов ўз уйидан бир неча ўн метр нарида бошига теккан ўқдан ҳалок бўлган.

Шелипов ўлдирилганидан кейин Шишимарин бўлган автомобил ўққа тутилган ва кўп ўтмай у ҳамда уч нафар ҳарбий хизматчи асир тушишга қарор қилган - бешинчи ҳарбий зарба вақтида оғир яраланиб, вафот этган.

Шишимаринга давлат томонидан тақдим этилган адвокат Виктор Овсянников судда сержант ўзидан юқори даражада турган икки ҳарбийнинг босимига учрагани ва Россия қуролли кучлари устави талабига риоя этганини айтган. Адвокатнинг сўзларига кўра, 21 ёшли ҳарбий ўқ одамга тегмаслигига умид қилган ҳолда буйруқни расман бажарган.

Шишимариннинг ўзининг ҳикоя қилишича, прапоршчикнинг буйруғидан кейин у сусткашлик қилган ва ўқ узмаган. Ўшанда унга бошқа ҳарбий («номаълум») ўгирилган ва барчани хавф остида қолдирмаслик учун ўқ узишни талаб қилиб бақира бошлаган.

«Мен уни ўлдиришни истамагандим. Мени тинч қўйишлари учун ўқ уздим», деган судда Шишимарин.

У ўзининг қисқача сўнгги сўзида Шелиповнинг бевасидан узр сўраган ва унинг эрини ўлдиришни ният қилмаганини айтган. «Мен қилган ишим учун чин дилдан тавба қиламан. Ўша вақтда мен асабийлашдим, ҳарбий ҳаракатлар кетаётганди ва мен ўлдиришни истамагандим, аммо шундай бўлиб қолди… Кейинроқ мен таслим бўлганим яхшироқ эканини англадим», деган у.

Шелиповнинг беваси Катерина Шелипова судда Шишимарин умрбод қамалишини исташини айтди, шу билан бирга у «Азовстал»даги украин ҳарбийларига алмашинишига қарши эмаслигини билдирди.

Вадим Шишимарин Иркутск областидаги Усть-Илимск шаҳрида туғилган ва Москва областидаги 4-танк Кантемировская дивизиясида отряд командири бўлиб хизмат қилган.

Россия мудофаа вазирлиги Шишимарин билан боғлиқ вазият юзасидан муносабат билдирмаган. Кремль бу борада етарлича маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.

«Шубҳасиз, бизни фуқаромизнинг тақдири ташвишлантиради. Аммо афсуски, биз унинг манфаатларини жойида ҳимоя қилиш имконига эга эмасмиз», деганди ҳукм ўқилишидан аввалроқ Кремль расмийси Дмитрий Песков.

Мавзуга оид