Ўзбекистон | 17:25 / 24.05.2022
28907
8 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев — ЖСТ, ЕОИИ, ўзгараётган Конституция ва тўғридан тўғри амал қилмайдиган Ўзбекистон қонунлари ҳақида 

Сенат раиси ўринбосари “2022-2026-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиёти стратегияси” тўплами тақдимоти якунида ОАВ вакилларининг қатор саволларига жавоб берди. 

24 май куни Тараққиёт стратегияси маркази томонидан “2022-2026-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” тўплами ва “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилди.

Тадбир якунланаркан, тақдимот спикерларидан бири, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ОАВ вакилларининг қатор саволларига жавоб берди.

Kun.uz:

Содиқ Салихович, сизнингча, Ўзбекистоннинг 2017-2021-йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган режаларга қанчалик эришилди?

Содиқ Сафоев:

Менимча, саволингизга жавобни халқимиз президентлик сайловлар пайтида бериб бўлди. Ундаги муҳокама ва баҳсларда одамлар президентимиз бошлаган ислоҳотни нафақат қўллаб-қувватлади, балки давом эттириш ва чуқурлаштириш учун ҳам ваколат берди.

Шу билан бирга, бугунги тадбир ҳақида гапирсам. Фикримча, биринчи беш йилликда ўзбек жамияти олдида турган бирламчи муаммолар ечилган бўлса, энди фундаментал масалаларни ечиш, шу билан боғлиқ  ҳуқуқий, ташкилий масалаларни ҳал қилиш вазифаси турибди.

Бу ҳақда бугунги тадбирда сўз олган нотиқлар ҳам айтиб ўтди. Албатта, мамлакатни, жамиятни замонавийлаштириш ҳамда рақобатбардош қилиш биргина даъват ёки шиор билан амалга ошмайди. Бу ҳаммамиздан катта ҳаракатни талаб қилади.

Мен кўп маротаба айтганман ва яна бир бор қайтараман, ислоҳотлар енгил бўлмайди. Енгил-елпи бўладиган ислоҳотларни ҳеч бир жамият, ҳеч бир тарих кўрмаган.

Ислоҳотлар шунингдек, жамиятда турли зиддиятларни ҳам кучайтиради. Бунга ҳозир мисол келтириб ўтирмайман. Бу ерда бир нарсани англаш керак, яъни ислоҳотларни буйруқ билан амалга ошириб бўлмайди. Ислоҳотлар самарали ва муваффақиятли бўлиши учун жамиятдаги аксарият инсонлар, айниқса ислоҳотларни бевосита амалга оширадиган ҳукумат ходимлари, парламент аъзолари тайёр бўлиши керак.Улар  ислоҳотларнинг муқаррар эканлигига ич-ичидан ишониши керак, бу биринчидан.

Иккинчидан, улар билимга эга бўлиши керак. Яъни ислоҳот қилиш учун фақат ҳаракатларни кучайтириш эмас, балки ақлга, фанга, инновацияга асосланган ҳаракатлар керак.

Ўйлайманки, бугунги тадбир мана шундай ғояларни, “Тараққиёт стратегияси” билан боғлиқ фикрларни, дастурларни оммага етказиш учун бўлиб ўтмоқда. Яъни жамиятимизда шу ислоҳотларга ишонган ва унга интилган қатламни етакчи қатламга айлантириш билан боғлиқ.

Kun.uz:

“2022-2026-йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси”да Ўзбекистоннинг дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар билан алоқалари ҳақида ҳам сўз боради. Шу маънода Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақидаги бугунги тафаккури қандай?

Содиқ Сафоев:

Биз Ўзбекистон учун Жаҳон савдо ташкилоти қанчалик муҳимлигини яхши тушунамиз. Бу борада катта мамнуният билан маълумот бермоқчиманки, 23 май Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ЖСТ билан биргаликда шу ташкилотнинг кафедрасини очдик. Бунинг асосий мақсади –ташкилот билан боғлиқ илмий тадқиқотларни олиб бориш.

Бунда Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнларини қандай қилиб енгиллаштиришимиз мумкинлиги, у бизга қандай муаммоларни ёки қандай имкониятларни келтиришини ўрганамиз.

Шахсан мен ишонаманки, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини жадаллаштириши керак. Бу ҳақда давлат раҳбарининг тегишли кўрсатмалари ҳам бор.

Бу ташкилотнинг ичида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган ички механизмлар бор. Бу албатта, бизга катта имкониятлар эшигини очади. Аммо ташкилот бизга имкониятлар билан бирга, алоҳида секторларимизга қандайдир муаммолар ҳам туғдириши мумкин. Умуман олганда, шу ташкилотга кирмаган саноқли давлатлар қолди. Ва биз у ерда бўлмаслигимиз, биз ўзимизнинг иқтисодий ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун воситалардан фойдаланмаётганлигимизни билдиради. Менимча, ЖСТга кириш бизнинг олдимизда турган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Сиз айтган иккинчи ташкилот бўйича (Евросиё иқтисодий иттифоқи) ўрганиш жараёнлари давом этяпти. Барчамиз яхши англаймиз: ҳозир бу ерда мураккаб бир жараёнлар кетяпти. Буни кузатиб бориш, Ўзбекистон учун бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонларини ўрганиб, тарозига солиш олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Kun.uz:

Ўзбекистон расмийлари худди сиз каби бу масалани ва унда иштирокчи бўлган қўшни давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳақида кўп гапиради. Лекин кўряпмизки, қўшни давлатлар бу ташкилотга аъзолик ва ундаги нотенг шартлардан мамнун эмас.

Содиқ Сафоев:

Биласизми, мамнуни ҳам мамнун эмаси ҳам бор. Агар уларнинг ҳаммаси мамнун бўлмаганда, балки, ҳолат бошқача бўларди. Биз буларни ўрганиб боряпмиз.

Инглиз тилида шундай ибора бор: “Testing the water”, яъни тушаётган сувни текшириб кўриш керак. Шунда билинади сувнинг қанчалик совуқ ёки иссиқлиги. Ҳозир бизда шу жараён кетяпти. Бунинг учун фақатгина фолбинлик эмас, ичига кириб билиш эвазига натижага эришишимиз мумкин.

Daryo.uz:

Сиз бугунги тадбир давомида қонунларнинг тўғридан тўғри амал қилишига эришиш ҳақида гапирдингиз. Бугун Ўзбекистондаги қонунлар қанчалик тўғридан тўғри амал қилмоқда?

Содиқ Сафоев:

Бизда ҳозирги кунда, афсуски, қонунлар тўғридан тўғри амал қилмайди. Бизда эскидан қолган айрим удумлар бор. Бу фақатгина бизнинг муаммо эмас. Бу муаммо кўплаб мамлакатларда бор ва камдан кам мамлакатларда унинг методологияси ривожланган.

Бу ниҳоятда катта илмни, фанни талаб қилади. Масалан, мен ўз вақтида Германиядаги элчихонамизда ишлаганман ва биламанки, у ерда ҳар битта қонун бевосита амал қилади. Лекин бу қонунлар катта 600 варақли қонунлар ҳисобланади. Бизникига ўхшаб 5-6 варақ эмас. Буни қабул қилиш учун ҳам экспертлар, ҳам олимлар ишлаши керак, умуман бутун тизим ишлаши керак.

Ҳозир бизда ҳар битта қонун қабул қилинганидан кейин уни юритувчи қонуности ҳужжатларни ҳам қабул қилишимиз керак. Бу ҳам ёмон эмас, лекин шу билан бирга, у қонуннинг таъсирини туширади. Шунинг учун бизнинг олдимизда турган масала – шунинг методологиясини фан орқали ўрганиб чиқишимиз керак. Бу борада биз германиялик олимлар билан бирга иш олиб боряпмиз.

Мен ишонаман, келажакда биз ҳам шу йўлга ўтамиз.

Daryo.uz:

Ўзбекистоннинг ўзгараётган Конституцияси борасида фикрингиз қандай?

Содиқ Сафоев:

Биз ҳозир жуда катта ўзгаришлар бўсағасида турибмиз. Буларнинг амалга ошиши эса Конституциянинг ўзгариши билан боғлиқ. Биз бугун масалан, 1992 йилда қабул қилинган Конституция асосида барча кутилган ўзгаришларни амалга оширолмаймиз.

Инвестициялар ва иқтисодиётнинг ривожланиши, ер ислоҳоти ёки хусусий мулкни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини кафолатлаш – бунинг ҳаммаси конституцион ўзгаришларни талаб қилади.

Ёки айтайлик, ҳукуматнинг роли ва унинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ва охиргиси маҳаллий ҳокимият… Халқ учун энг муҳими – марказий эмас, маҳаллий ҳокимият.

Қачонгача, ҳоким ҳам ижро ҳокимияти, ҳам вакиллик ҳокимиятининг раҳбари бўлиши керак? Бу – очиқ гап, нотўғри. Конституция бу масалани ечиб қўйиши керак.

Конституция бу – асосий қонун. Шунинг учун келинглар, биргаликда шу конституцион ўзгаришларни муҳокама қиламиз. Мана бу ерда ОАВ фаол бўлиши керак, менинг фикримча. Довюрак бўлиши керак ва энг муҳим масалаларни кўтариши керак.

Баъзилар бу нима учун керак, демоқда. Асосий мақсад – биз ҳуқуқий ва қонун тарафдан устувор бўлган давлатни барпо этмоқчи бўлсак, замонавий ва замонавий талабларга жавоб берадиган Конституцияни тузишимиз керак.

Мавзуга оид