Ўзбекистон | 20:15 / 26.12.2024
6537
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз

Ўзбекистон сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлар билан республикага кириш имконини беришга тайёр. Бу ҳақда ЕОИИ саммитида кузатувчи мақомида қатнашган президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян раислигида (онлайн форматда) ўтган бу галги учрашувда Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Саид Муҳаммад Отабак ҳам қатнашди. Куба президенти Мигел Диас-Канел иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Саммитда Мирзиёев нутқ сўзлади ва сўнгги йилларда Ўзбекистон кузатувчи сифатида ЕОИИ билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидлади.

Таъкидланишича, 2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябр ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.

Ўзбекистон, шунингдек, ЕОИИ савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Келгуси йил март ойида қўшма Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишига тайёргарлик кўрилмоқда.

Давлат раҳбари ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди. Хусусан, ўзаро савдодаги савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Амалий ҳаракатлар режасини қабул қилган ҳолда, яқин келажакда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини яқинлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон етакчиси тадбир якунида имзоланаётган Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битимда мамлакатимизнинг иштирок этиши, шунингдек, божхона чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини тез фурсатда жорий этиш тарафдори эканини таъкидлади.

Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва воситаларига қўшилишдан манфаатдорлик билдирилди.

- Қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз, деди Мирзиёев.

Бизнесни янада фаол жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишини 2025 йил апрел ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди. Мамлакатимизни ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизимига ва «Рақамли иттифоқ» лойиҳасига улаш ташаббуси илгари сурилди.

Аграр соҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни енгиллаштириш, инновацион агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш ва илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган кооперация дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари ЕОИИ давлатлари фуқароларига Ўзбекистонга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартибни жорий этишга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид