Спорт | 18:39 / 27.05.2022
33955
15 дақиқада ўқилади

Бензема бўлмаса ким? «Олтин тўп»га муносиб яна 10 футболчи

Француз ҳужумчиси рақобатдан ташқаридек кўринмоқда, ушбу мукофот учун яна қайси футболчилар даъвогар бўлиши мумкин?

Фото: Спорт-Экспресс

Охирги «Олтин тўп» топшириш маросими ўтказилганидан буён уни олиш мезонлари ўзгарди: энди футболдаги энг нуфузли индивидуал соврин календар йили якунларига кўра эмас, балки мавсум якунларига кўра топширилади. France Football нашри бу йилги соврин учун даъвогар футболчилар рўйхатини 12 август куни эълон қилади. Совринни топшириш маросими эса Қатардаги мундиал бошланишидан олдин, 17 октябрь куни ўтказилади. 

Шубҳасиз, асосий фаворит Карим Бензема, аммо француз ҳужумчисидан бошқа муносиб футболчилар ҳам бир талай.

10. Кристофер Нкунку, 24 ёш

Кристофер Нкунку. Фото AFP

Нкунку «Лейпциг» учун энг яхши мавсумини ўтказди. Бундеслиганинг 34 ўйинида ушбу француз футболчиси 20 гол урган ва 13 голли узатма муаллифи бўлган, Чемпионлар лигасида эса — етти гол ва бир ассист. Унинг Германия Кубоги финалида «Фрайбург» дарвозасига урган жавоб голи ўйинни овертаймга олиб ўтди ҳамда лейпцигликлар якунда пенальтилар сериясида ғолиб чиқишди. Ҳавбекнинг ақл бовар қилмас парвози мураббийларнинг қунт билан ишлаши ( «Лейпциг»да сўнгги вақтларда бир неча бор мураббий алмашди) самарасидир. Юлиан Нагелсманн даврида Нкунку универсал футболчига айланди: яримҳимоя ва ҳужумда турли позицияларда ўйнашни ўрганди — «ўнлик» ҳам, «саккизлик» ҳам ва вингер бўлиб ҳам.

Жесси Марш бошқаруви даврида шериклари билан уйғунликда ҳаракатланиш ва вазиятлар яратиш борасида маҳоратини оширди, шунингдек физик жиҳатдан камол топди — бу ўсиш яккакурашларда, айниқса иккинчи қаватдаги ҳаракатларда яққол кўринади. Доменико Тедеско келгач француз марказий форвард позициясига мустаҳкам ўрнашди: Нкунку ҳужумларни якунлаш бобида кучайди, жарима майдони ичида ўткир ҳаракатлар қила бошлади ва ниҳоят майдоннинг учинчи қисмида ўз дриблингларидан фойдалан бошлади. Ҳозирданоқ ушбу ҳавбек учун топ-клублардан иборат узун навбат ҳосил бўлгани ажабланарли эмас. Fichajes маълумотига кўра, Нкунку учун курашда «Интер», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Милан» клублари қатнашмоқда.

9. Эдуар Менди, 30 ёш

Эдуар Менди. Фото AFP

«Челси» қаторасига бир неча мавсум давомида дарвозада Кепа Аррисабалагининг ишончсиз ўйинидан азият чекди. Испаниялик дарвозабонга катта умидлар боғланганди, унинг трансфери учун улкан маблағ (80 миллион евро — дарвозабон учун тўланган рекорд сумма) сарфланганди. Аммо кучли босим туфайли руҳий тушкунликка тушиб қолган Кепа ундан чиқа олмади.

«Ренн»дан Мендини сотиб олиб, кўплар узоқ муддатга дарвозабон масаласини ёпишди. «Челси» сенегаллик посбоннинг дебют мавсумида Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди ва АПЛда топ-4 дан ўрин олди. Якунланган мавсумда ҳам Менди юқори савияда ўйин намойиш этишда давом этди. У бир ўйинда ўртача биттадан кам гол ўтказган. Сенегал термаси билан Менди Африка Кубогида ғолиб чиқди, «Челси» билан клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида (Англия Лигаси кубоги ва Англия Кубогида финал). Бу совринлар энг нуфузлилари эмас, аммо дарвозабонга «Олтин тўп» учун курашда кўплаб очколарни олиб келади.

8. Сон Ҳён Мин, 29 ёш

Сон Ҳён Мин. Фото Reuters

«Тоттенҳэм» сўнгги йилларда жиддий инқирозни бошдан кечирди. 2018/19 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси финалида ўйнаган инглизлар юқори даражани сақлаб қола олишмади. Ўйин сифати ёмонлашиши, етакчилар кетиши мумкинлиги билан боғлиқ интригалар, раҳбарият ва мураббийлар ўртасидаги тушунмовчиликлар — буларнинг бари лондонликларни чуқур инқирозга учратди.

Трансферлар учун камтар бюджетдан оқилона фойдаланиб келган Маурисио Почеттинодан кейин «шпорлар»ни Жозе Моуриньо ва Нуну Эшпириту Санту бошқарди. Аммо ҳимоявий услубга эга бўлган бу португалиялик мутахассислар ҳужумкор ўйин борасида деярли иш олиб боришмади. Шу туфайли жамоани икки етакчи — Ҳарри Кейн ва Сон Ҳён Мин ўзи етаклаб юришига тўғри келди. 2019/20 ва 2020/21 йилги мавсумларда бу форвардлар бутун жамоа футболчиларидан кўпроқ гол уришди.

Аммо «шпорлар» бошқарувига Антонио Конте келгач, Кейнда пасайиш бошланди - у ўтган ёзда «Сити»га трансфери барбод бўлганидан кейин тушкунликка тушган ва узоқ вақт давомида аввалги спорт формасини тиклай олмади. Шунинг учун биринчи планга Сон чиқди. Кореялик ҳужумчи «Тоттенҳэм» сафидаги энг яхши мавсумини ўтказди: мавсум якунларига кўра ҳужумчи АПЛнинг 35 ўйинида 23 гол урди ва етти ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди ҳамда Муҳаммад Салоҳ билан бирга турнирнинг энг яхши тўпурарига айланди — у «шпорлар»нинг чемпионатдаги барча голларининг 40 фоизидан ортиғида иштирок этган. Агар форвард шундай ўйнашда давом этса, «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун реал имкониятларга эга бўлади.

7. Лука Модрич, 36 ёш

Лука Модрич. Фото Reuters

Карло Анчелоттининг «Реал»и — уникал жамоа. Мадридликлар мавсумга жиддий трансферларсиз киришганди (эркин агент сифатида келган Давид Алабани ҳисобламаганда) ва таркибни кучайтириш устида иш олиб борилмади.

Шунинг учун жамоани эски етакчилар олға бошлашда давом этишди. Улардан бири — Лука Модрич. Сентябрда 36 ёшга тўладиган хорватиялик майдон марказида рақибларни ўз атрофида югуртиришда давом этмоқда. Баъзида ҳавбек орқароққа қайтади ва тўпни олдинги чизиққа олиб чиқади, аммо кўпинча максимал даражада юқори позицияда жойлашади ва тўпни айлантириш ва узун узатмалари орқали рақиб ҳимоясини пароканда қилади.

Модричнинг майдон маркази бўйлаб реактив ҳаракатланиши «қаймоқранглилар» жамоавий тузилмасидаги камчиликлар ўрнини тўлдиради ва асосий кучларни рақиб ҳимояланадиган ҳудудга ташлаш имконини беради. Ҳозирда қайта қуриш жараёнида турган «Реал» тўп ҳаракати учун ҳам, чизиқлар орасидаги ўйин учун ҳам жавоб бера оладиган, шу билан бирга бутун ўйин мобайнида чидамлилигини йўқотмайдиган футболчига эҳтиёж сезади. Модрич эса айнан шундай футболчидир.

Унинг шарофати билан «Реал» бутун чемпионатни хотиржам ўтказди, якунда ла лигада ғолиб чиқди ва плей-оффдаги мураккаб ўйинлардан ўтиб ЕЧЛ финалига чиқди. 2018 йилда Модрич жаҳон чемпионатидаги ёрқин ўйини эвазига «Олтин тўп»ни қўлга киритганди. Бу сафар у яна реал номзодлар сафида.

6. Фил Фоден, 21 ёш

Фил Фоден. Фото Reuters

Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити» кўп йиллардан буён жаҳон аренасида мутлақ етакчи бўлишга интилмоқда ва бу сафар ҳам жамоа идеалга яқин келди. «Шаҳарликлар» ҳар қандай рақибга қарши ўз футболини намойиш этишга интилмоқда: тўп ва ҳудудлар назорати, рақибни прессинг орқали майдоннинг иккинчи қисмида қамаб қўйиш, аниқ режалаштирилган ҳужумлар орқали футболчилар бир-бирини қулай зарба бериш позицияларига чиқариши ва ҳоказо.

Бундай услубда ўйнашда Гвардиолага унинг севимли футболчиларидан бири — Фоден ёрдам бермоқда. «Бу йигитча ўсмоқда. У ҳар сафар олдинга қадам ташламоқда. Ҳозирда унинг ўйинимизга таъсири улкан даражада. У тўпсиз ҳолатда ҳам тажовузкор ва жиддий футболчига айланади. Шундай йигитлар борки, уларни 19-20 ёшида ҳам тўхтатиб бўлмайди. Айримлар 29-30 ёшда ҳам бундай бўла олмайди. Ҳозирнинг ўзида, айниқса сўнгги ўйинларда Фил шундай муҳим футболчи бўлди. Майдоннинг рақиб дарвозаси жойлашган қисмида у ўйинга жиддий таъсир ўтказади», — дея ҳавбекнинг ўйинидан ҳайратини яширмайди мураббий.

Юлдузли шерикларидан фарқли ўлароқ, Фоденнинг кўрсаткичлари камтаргина — унинг ҳаракатларини статистика билан таърифлаш қийин. Англиялик футболчининг асосий маҳорати шундаки, у майдон бўйлаб ақл билан жойини ўзгартириб ҳаракатланади, макон ва вақтни тўғри ҳис қилишидан фойдаланади, рақибларни ўзига жалб этиб, шерикларига бўш ҳудудлар яратади ва уларга эркин югуриш имкониятини беради. Унинг кўзга ташланмас ҳаракатлари эвазига «Сити» тўпни тезроқ ҳаракатлантиради ва буни имкон қадар вертикал бажаришга интилади. Фоденга ҳам, бутун жамоага бўлгани каби, бироз прагматизм етишмаяпти, аммо у мавсум давомидаги ўйини билан қандайдир мукофотга лойиқ.

5. Роберт Левандовски, 33 ёш

Роберт Левандовски. Фото Reuters

«Олтин тўп» — Роберт Левандовски учун ҳақиқий драма. У икки йил олдин бу совринни ўзиники қилиши керак эди, ўшанда у Германия чемпионатида 31 ўйинда 38 гол урган ҳамда «Бавария» билан бир йилда бешта соврин қўлга киритганди, аммо France Football пандемия туфайли мукофот топширмади.

Кейинги мавсумни Левандовски янада яхши ўтказди, бундеслигада 41 гол ва 7 ассист муаллифи бўлди. Аммо бу сафар полшалик футболчини жамоаси мукофотдан қуруқ қолдирди — «Бавария» Чемпионлар лигасини чоракфиналдаёқ тарк этди, Полша термаси эса Европа чемпионатида гуруҳдан ҳам чиқа олмади. «Олтин тўп» эса Аргентина билан Америка Кубогида зафар қучган Лео Мессига насиб этди.

Аммо бу йилда баҳолаш мезонлари ўзгарди: биринчи навбатда индивидуал ютуқлар ҳисобга олинади, совринлар эса иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлади. Левандовскининг якунланган мавсумдаги кўрсаткичлари ҳам юқори (Бундеслиганинг 34 ўйинида 35 гол ва 3 голли узатма), шундай экан, поляк футболчиси мукофот учун курашиш имкониятига эга.

4. Винисиус Жуниор, 21 ёш

Винисиус Жуниор. Фото Reuters

Винисиус «Реал»га тўрт йил муқаддам «Фламенго»дан ўтганди. Трансфер қиймати 45 миллион еврони ташкил этган. Кўплаб мутахассислар бу 17 ёшли йигитча учун жуда кўплик қилишини айтишганди ва дастлабки вақтларда уларнинг хавотирлари ўринли бўлиб чиқди.

Бразилиялик вундеркиндга тажриба етишмаётгани яққол кўриниб турарди — жарима майдонига яқинлашар экан, Жуниор ўзини йўқотиб қўяр ва тўпни нима қилишни билмасди, шу туфайли кўп ҳолларда у ёки дриблингга берилиб, тўпни йўқотар ёки ортга қайтишга мажбур бўлар, натижада кескинлик йўқоларди. Якунланган мавсумда эса барчаси ўзгарди.

Жамоага Карло Анчелотти келгач, Винисиус янги одамга айланди — у рақиб ҳимоячилари ортига хотиржамлик ва ишонч билан югуришни, жарима майдонидаги шерикларини вақтида кўриб, тўпни зарба йўлига ташлаб беришни, асосийси — тўпдан ўз вақтида қутулишни ўрганди. Вингер Испания чемпионатида 17 гол уриб, 10 голли узатма муаллифи бўлди, Чемпионлар лигасида — уч гол уриб, олти ассист амалга оширди. Агар бразилиялик футболчи «Ливерпул» билан ўйинда жуда кучли ўйин намойиш этиб юборса, у «Олтин тўп» учун асосий даъвогарлардан бирига айланади.

3. Кевин де Брюйне, 30 ёш

Кевин де Брюйне. Фото Reuters

«Манчестер Сити» — муайян бир футболчига боғлиқ бўлмаган жамоадир. Гвардиола шундай тизим қилганки, ҳар бир футболчини бошқасига алмаштириши мумкин — айнан шу сабаб туфайли «шаҳарликлар» узоқ давом этувчи турнирларда жуда яхши иштирок этишади.

Аммо «Сити» таркибида ҳеч қандай комбинацияларсиз ўзи гол уюштира оладиган бир футболчи бор. Гап албатта Кевин де Брюйне ҳақида бормоқда. Бельгиялик футболчининг энг яхши сифатлари — узоқдан бериладиган зарбалар, ҳар қандай масофага етказиб бериладиган узатмалар (жумладан стандарт вазиятлардан), бошланғич тезлик олиши, тўпни ўзи билан олиб юриши. У — инглизлар жамоасининг ўзига хос жокеридир: жамоа ўйини чиқмаётганида, футболчилар тўпни ҳавбекка топширишади ва у ўзининг юқори футбол интеллекти билан якка ўзи ҳужумни ташкил этади.

Де Брюйне аввалги мавсумларда ҳам шундай футбол намойиш этган, аммо якунланган мавсумда унинг жамоага таъсири янада ўсди. У — «Сити»да голлар бўйича, зарбадан олдинги узатмалар бўйича, муҳим узатмалар бўйича, ўртача бир ўйинда берилган узатмалар сони бўйича ва яратилган голли вазиятлар бўйича пешқадам, ассистлар сони бўйича эса иккинчи. Бельгиялик расман чап «саккизлик», заруратга кўра вингер жойига ўтиши, «ўнлик» ва ҳатто алдамчи «тўққизлик» бўлиши мумкин. «Сити» яққол ҳужумчисиз майдонга тушадиган ўйинларда де Брюйненинг роли янада муҳимлашади.

1-2. Садио Мане, 30 ёш; Муҳаммад Салоҳ, 29 ёш

Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане. Фото Reuters

«Ливерпул»нинг Салоҳ — Фирмино — Манедан иборат ҳужум чизиғи футбол тарихидаги энг яхшиларидан бири бўлиб қолади. Вақтининг кўп қисмини форвардларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлашга сарфлаган Юрген Клопп уларни техник жиҳатдан ҳам, тактик томонлама ҳам кучайтирган.

Вақт ўтган сари Фирминонинг ўйини бироз пасайгандек (гарчи у ҳамон прессинг ва жамоавий ўйинда катта иш бажараётган бўлса-да), Мане ва Салоҳ эса биринчи планга чиқиб қолган. Мисрлик футболчи ҳам, сенегаллик ҳам айнан «Ливерпул»даги ўйини билан барча томонидан эътироф этила бошланди.

Бу мавсумда улар янада кўпроқ диққат марказида бўлишди. Салоҳнинг кўрсаткичлари юқорироқ — АПЛнинг 34 ўйинида 22 гол ва 13 голли узатма. Аммо Мане ҳам қолишмайди — чемпионатнинг 33 ўйинида у 15 гол уриб, икки голли пас муаллифи бўлди. Қолаверса, Мане етакчилигидаги Сенегал аввалига Африка Кубогида Мисрни мағлуб этди, кейин ЖЧ-2022 йўлланмаси учун ҳал қилувчи ўйинда мисрликлар устидан ғалабага эришилди. Агар «Ливерпул» Чемпионлар лигасида ғолиб чиқа олса, бу икки футболчидан бирида Бенземани совриндан маҳрум этиш учун реал имконият юзага келади.

Мавзуга оид