Спорт | 08:49 / 01.06.2022
17177
5 дақиқада ўқилади

Нодавлат спорт муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш режалари маълум бўлди

Фото: surviib

Президентнинг “Нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • аҳолининг кенг қатлами, ёшлар, шу жумладан хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш мақсадида улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш;
  • спорт турлари бўйича жамоаларни ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни саралаш (селекция);
  • жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари жараёнига малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, тизимли равишда илғор тажрибани жорий қилиш;
  • зарур замонавий моддий-техника базасини яратиш, спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий ва захира таркибига юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;
  • спорт тайёргарлиги босқичларида барча ёш гуруҳлари бўйича спортчиларни ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий машғулотларни ташкил этиш билан бир қаторда сифатли ва оммабоп машғулотлар ўтказишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пулли хизматлар кўрсатиш;
  • тажриба алмашиш масалалари бўйича спорт ташкилотлари ва федерациялар (ассоциациялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш, спортчиларнинг спорт маҳоратини, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш;
  • илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида спорт соҳасидаги самарадорлик ва натижани ошириш.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:

а) 2012 йилдан бошлаб Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт муассасаси фаолиятини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларнинг ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) уларга тақдим этиш;

б) моддий-техник базасини мустаҳкамлаш (автотранспорт воситаларини сотиб олишдан ташқари) ва таъмирлаш-тиклаш ишлари, нодавлат спорт муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун тижорат банклари кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва шартларда кафилликлар ҳамда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тақдим қилиш;

в) 2026 йил 1 январга қадар нодавлат спорт муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатлари 50 фоизигача, бироқ давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови қонунчиликда белгиланган минимал ставкасининг 50 фоиз миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш;

г) қуйидаги ҳолларда, республика бюджети маблағлари ҳисобидан Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашни бевосита амалга оширадиган нодавлат спорт муассасасида фаолият кўрсатадиган тренерга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида бир нафар спортчи учун фоиз ҳисобида бир марталик рағбатлантириш маблағларини ажратиш:

  • Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва кубоклари совриндори (I-III ўринлар) бўлганда – 300 фоиз;
  • Осиё ва Параосиё ўйинлари, Осиё чемпионатлари ва кубоклари совриндори (I-III ўринлар) бўлганда – 250 фоиз;
  • Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари совриндори (I-III ўринлар) бўлганда – 200 фоиз;
  • Ўзбекистон терма жамоаси асосий таркиби аъзоси бўлганда – 150 фоиз;
  • Ўзбекистон терма жамоаси стажёри бўлганда – 100 фоиз.

Нодавлат спорт муассасаси 2026 йил 1 январгача бўлган муддатда қуйидаги тўловлардан озод қилинади:

  • барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари), бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий спорт жиҳозлари ва ускуналари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади;
  • меҳнат шартномаси асосида спорт машғулотлари жараёнига жалб қилинган хорижий тренер ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўлов;
  • Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган спорт анжомлари, жиҳозлари, ускуналари, сунъий спорт майдонлари ва уларнинг ёрдамчи ускуналари (шу жумладан, махсус машғулот тренажёрлари, замонавий илмий технология воситалари), махсус спорт кийимлари (экипировкалар), компьютер техникаси, мультимедиа маҳсулотлари, спорт тиббиёти жиҳозлари, тиббий биологик ва фармакологик препаратлар божхона божи учун тўлов.

Мавзуга оид