Ўзбекистон | 12:19 / 04.06.2022
22980
3 дақиқада ўқилади

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ ҳисоботи: Ўзбекистон ҳақида нималар дейилган?

АҚШ Давлат департаменти дунёда диний эркинлик ҳолати бўйича 2021 йил ҳисоботини тақдим этди. Унда Ўзбекистонда виждон эркинлиги бўйича қонунни янгилашда халқаро ташкилотлар тавсиялари “деярли инобатга олинмагани”, хусусий диний таълим тақиқланганича қолаётгани, ИИВ диний материаллар масаласида иккита сайтни жаримага торттиргани, Умра монополияси сақланиб қолаётгани кабилар санаб ўтилган.

Фото: Kun.uz

АҚШ Давлат департаменти дунё бўйлаб диний эркинлик бўйича 2021 йилги мониторинглар ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ва йил давомида бу қонунга зид равишда кузатилган воқеликларга тўхталиб ўтилган.

Таъкидланишича, янги таҳрирдаги қонунда ижобий янгиликлар ҳам кўзга ташланган бўлса-да, у “мамлакатдаги диний эркинлик ҳолатини деярли ўзгартирмаган”.

БМТ ва ЕХҲТ 2020 йили Венеция комиссияси берган тавсиялар қонунни ўзгартиришда “умуман олганда эътиборга олинмагани”ни билдирган.

Халқаро экспертлар ҳужжатда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш осонлаштирилганини эътироф этган, бироқ ундаги қоидаларни “халқаро тан олинган нормалар билан солиштирганда ноадекват” деб таърифлаган.

Давлат рўйхатидан ўтмаган диний фаолият учун жавобгарлик борлиги, диний адабиётлар устидан давлат назорати ўрнатилгани, хусусий диний таълим тақиқлангани кабилар шулар жумласидан.

“Жамоат жойида ибодат либосида юриш мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида қонундан чиқариб ташланди, лекин ҳукумат давлат хизматчилари ва талабаларнинг диний либосда юришини чеклашда давом этди. Давлат хизмати ва таълимдан ташқарида диний либосга нисбатан чекловлар олиб ташланганига қарамай, ОАВдаги хабарларга кўра, амалиётда бунга риоя қилинмаган ҳолатлар рўй берган”, – дейилади АҚШ Давлат департаментининг Халқаро диний эркинлик бўйича офиси докладида.

Кузатувчилар 2021 йил май-июн ойларида Наманган вилояти ва Ангрен шаҳрида бир неча эркакнинг соқоли мажбуран олиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалганини қайд этган.

Хулосада эътибор қаратилишича, янги таҳрирдаги қонун диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ва тарқатишдан олдин диний экспертизадан ўтказиш шартлигига оид тартибни бекор қилмаган. Айни шу талаб июн ойида Kun.uz ва Azon.uz сайтлари раҳбарларининг маъмурий жаримага тортилишига сабаб бўлди.

“Бу иш доирасида далил сифатида келтирилган мақолалардан айримлари – маҳаллий мусулмон имомлари билан Рамазонга оид тартиблар ҳақидаги интервюлар эди”, дея таъкидлаган АҚШ Давлат департаменти.

Ҳисоботда, шунингдек, ўзбекистонлик талабалар Мисрдаги Ал-Азҳар университетида фақат давлат тавсияси асосидагина ўқиши мумкин қилингани,  Умра зиёратини ташкил этишдаги монополия сақланиб қолаётгани, янги черковлар очиш бўйича юборилган аризалар қаноатлантирилмаётгани, экстремизм ва терроризм жиноятларида айбланиб қамалган маҳкумларнинг қийноққа солинишига оид хабарлар бўлгани кабилар ҳам санаб ўтилган.

Мавзуга оид