Жамият | 16:26 / 11.06.2022
13566
2 дақиқада ўқилади

“Ўзимни ўзим иш билан таъминлаганман” – ногирон этикдўз

Карманалик Ҳаёт Жалилов ўз маҳалласида этикдўзлик билан шуғулланади. Болаликдан ногирон, жисмоний имкониятлари чекланган 25 ёшли йигитнинг шижоат ва ҳаракати атрофдагиларни доим ҳайратга солиб келган, тенгдошларига ўрнак бўлган.

Асли самарқандлик бўлган Ҳаётнинг отаси 2007 йилда автоҳалокат оқибатида вафот этади. Она ногирон ўғли ва бир ёшли қизи билан ёлғиз қолган ўшанда. Оиланинг бошига тушган синовли кунлар шундан бошланган. Ҳаёт дастлаб Навоий шаҳридаги деҳқон бозорида аравакашлик қилган. Ўзини ҳам, оиласини ҳам иқтисодий таъминлашга уринган йигит ҳунар ўрганишни қарор қилиб, этикдўзга шогирд тушади.

Ҳозирда у ўзи уста этикдўз сифатида фаолият олиб бормоқда. Маҳалла марказида хизмат кўрсатиш шохобчаси бор. Яхшигина кунлик даромадга ҳам эга. Ўзининг таъкидлашича, кунига ўнга яқин мижоз келади.

“Соат 6 да келаман ва 12:30 гача ишлайман. Кейин соат 17:00 ларда келаман ва шу билан кечки салқингача ишлайман. Кейин уйга кетаман. Шундай қилиб умрим ўтяпти. Агар одам яхши келса, кунига 60, 70, 100, 200 минг сўмгача топаман. Насибага яраша. Ҳаёт ҳали олдинда. Ўзимга ўхшаган бола бўлса ҳунаримни ўргатмоқчиман. Соғломнинг дардини соғлом, ногироннинг дардини ногирон тушунади. Ишимдан ҳеч қачон нолимайман. Бекор юришни ёмон кўраман. Шу ҳунаримни охиригача қиламан, халқнинг хизматида бўламан”, — дейди Ҳаёт Жалилов биз билан суҳбатда.

Маҳалла аҳли ўроқ, болта, пичоқ каби уй-рўзғор буюмларини ўткирлашда ҳам унга мурожаат қилади. Чунки у пойабзал тузатиш билан бирга чархчилик ҳам қилади.

Ҳаёт Жалилов ҳалол меҳнати билан ҳам пул топмоқда, ҳам элнинг дуосини олмоқда. Ўзига ўхшаган жисмоний имконияти чекланган болаларни шогирдликка олиб, уларга ҳунар ўргатиш нияти ҳам бор.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид