Субмариналар низоси. Австралия ва Франция атом сувости кемалари туфайли чиққан келишмовчиликни ҳал қилишди
Австралия ва Франция сувости кемалари етказиб бериш масаласида чиққан баҳсга барҳам беришнинг уддасидан чиқишди, ўтган йил кузида НАТО сафидаги ушбу икки давлат муносабатларига жиддий путур етганди. Австралия ҳукумати французларнинг Naval Group концернига субмариналар қуриш бўйича Париж билан тузилган шартнома бир томонлама бекор қилингани учун 550 млн евро миқдорида товон тўлашга розилик берган.
2021 йил сентябрида Австралия кутилмаганда французлар томони билан шартномадан воз кечгани ҳақида эълон қилганди, бу келишув доирасида Франция 36,5 млрд долларга 12 та сувости кемаси етказиб бериши кўзда тутилганди.
Париж бу қарордан қаттиқ норози бўлган, Канберра ва Вашингтондаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олган, Австралия ҳукумати ҳаракати «ортдан пичоқ уриш» деб баҳоланганди.
Сувости кемалари қаерга «сузиб кетди»?
Битим бузилишига АҚШ, Буюк Британия ва Австралия иштирокида AUKUS мудофаа альянси (номланишда иштирокчи давлатларнинг бош ҳарфлари олинган) тузилиши сабаб бўлганди, шартнома бекор бўлишидан бир неча кун олдин Жо Байден, Борис Жонсон ва Скотт Моррисон кўпчилик учун кутилмаган тузилма ҳақида эълон қилишганди.
AUKUS - Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу давлатлар ўртасидаги тузилган энг йирик ҳарбий ҳамкорлик келишувдир. Бу шартнома Австралия Америка ва Британия технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзи мустақил равишда сувости атом кемалари ишлаб чиқаришига имкон беради.
Австралия томони француз концернига товон пули тўлаш бўйича қарор Париж ва Канберра ўртасидаги баҳсларга узил-кесил нуқта қўйишига умид қилмоқда - французлар ЕИ ва Австралия ўртасидаги савдо келишуви бўйича музокараларни бузиш билан таҳдид қилиб келаётганди.
Австралиянинг янги бош вазири, бу лавозимни бир неча ҳафта олдин эгаллаган Энтони Альбанезе компенсация тўланишини адолатли ва барча томонлар учун қаноатлантирувчи деб ҳисоблайди.
У тез орада жиддий инқирозни бошдан кечирган муносабатларни «қайта тиклаш» умидида Францияга ташриф буюради.
Франция мудофаа вазири Себастьян Лекорню ҳам ёқимсиз эпизоднинг ҳал этилиши томонларга ўзаро муносабатларнинг янги, келажак томон қараган саҳифасини очишга имкон беришини қайд этган.
Хитой норози
Франция - AUKUS тузилишидан ютқизиқ позициясида бўлган ягона давлат эмас. Хитой ҳам ушбу мудофаа иттифоқи ташкил этилишидан норози бўлган, лекин бошқа сабаб билан.
AUKUS аъзолари баёнотларида Хитой тўғридан тўғри тилга олинмаган бўлса-да, кўплаб экспертлар иттифоқ Пекиннинг Тинч океанида ўсиб бораётган таъсирига қарши туриш учун ташкил этилгани борасида якдил фикр билдирган.
Энди Австралия дунёда сувости кемалари ишлаб чиқарадиган еттинчи давлатга айланган.
Бундан ташқари, АҚШ, Британия ва Австралия ўртасидаги келишув сунъий интеллект ва бошқа мудофаа технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни ҳам қамраб олади.
Мавзуга оид
22:20 / 26.12.2024
Хитойда охирги йиллардаги иқтисодий ўсиш ёлғон бўлганми?
18:45 / 26.12.2024
Хитой Тибетда дунёдаги энг йирик гидроэлектр станциясини қуради
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024