«Замонавий феодализм» — Kun.uz мултфилм
Феодализм бир қарашда тарихда қолгандек бўлса-да, унинг кўплаб жиҳатлари ҳозир ҳам барҳаёт. Неофеодализм инсониятнинг бир қисмини ҳамон тараққиётдан тўсиб турибди. Бундай жамиятларда саноқли одамлар бой, қолганлар эса у ёки бу шаклда уларга хизмат қилувчилар бўлиб қолмоқда.
Ер сайёрасида турли тузумлар бор. Улардан бирининг номи – янги феодализм. Янги феодализмда, масалан, ерларнинг саноқли эгалари бўлади. Қолганлар эса уларга ишлайди.
“Нима бўпти!” дейишингиз мумкин. “Феодал инсофли бўлса, ҳаммаси яхши бўлади, ишчиларига ғамхўрлик қилади”. Аа... Инсофи бўлмаса-чи?! Ёки инсофи аввал бўлиб, кейин йўқолиб қолса-чи?!
Умуман, кимнингдир тақдирини... кимнингдир инсофига боғлаб қўйиш тўғрими? Сиз буни ўзингизга ёки фарзандингизга тилаган бўлармидингиз?
Бундан ташқари, янги феодализм тузумида ўзаро рақобат бўлиши қийин, тўртта одам панада келишиб олиб маҳсулотига хоҳлаган нархини ёки ишчиларга бериладиган маошни камайтириб олишлари мумкин ва... буни қилишади ҳам. Бу табиий – ҳар бир инсоннинг ичида кўпроқ даромад қилиш истаги жойланган! Рақобат муҳити бу истакни тийиб туради. Қолаверса, улар келишиб, ўзларига керак бўлган қонунларни ҳам чиқарволишлари мумкин!
Зарарни ким кўради – жамият, халқ, мамлакат! Феодализмда мамлакат ривожланмайди. Чунки учта-тўртта одам деярли барча фойдани чўнтагига уради, пулини эса кўпинча узооқ-узоқларда сарф қилади, узоқ-узоқларда уйлар олади, бойлигини сақлайди. Яъни миллат бойлиги миллатга хизмат қилмайди.
Аммо бу ҳаммаси эмас.
Янги феодализмда кўплаб иқтидорлар заволга учрайди. Чунки иқтидорини, буюк орзуларини ичида олиб юрган кишилар... феодалга хизмат қилишга мажбур бўлади, чунки барча ерларни улар эгаллаб олишган-да.
Биласизми бу нима дегани? Бу катта фожиа дегани, чунки халқнинг ичидаги иқтидорли кишилар бу – ўша халқнинг энг қимматли бойлиги!
Ҳа, ҳа, қазилма бойликлар эмас энг катта бойлик, чунки улар бир кун тугайди, қолаверса уларни сотишдан келадиган пуллар тўғри ишлатилмаса фойдагамас, балки зарарга ишлайди.
Шунинг учун, жаноблар, келажагимиз учун йўналиш олайлик, янги феодализм эмас, имкони борича кўпроқ ишлаб чиқарувчилари бор, ўзаро рақобат қайнайдиган, иқтидорларга имкон бериладиган тузумни кўзлайлик, худди ривожланган давлатлардаги каби.
Шу замин, ахир, ўзимизники, унда келажак авлодларимиз яшайди.
Шокир Шарипов,
Kun.uz колумнисти
Kun.uz'нинг барча мултфилмларини ушбу ҳаволада томоша қилинг.
Мавзуга оид
12:38 / 20.12.2024
Исломий молия – нима у? — Kun.uz'да янги мултфилм
21:23 / 19.09.2024
Мултфилм: Ватанга инвестиция билан қайтган тадбиркорнинг саргузаштлари
09:00 / 20.01.2024
Болага бераётган овқатимиздан ҳам муҳимроқ нарса унинг онгига таъсир қилувчи контентлардир - Шерзодхон Қудратхўжа
17:29 / 08.10.2023