Ўзбекистон | 18:21 / 16.06.2022
31026
2 дақиқада ўқилади

Аграр университет собиқ ректори қамоқда экани маълум бўлди

2013-2020 йилларда Тошкент давлат аграр университети ректори лавозимида ишлаган, 2021 йил январгача қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган Ботиржон Сулаймонов айни пайтда қамоқда ва унинг устидан маҳкама кетмоқда. Бу ҳақда бугун, 16 июн куни ўтказилган матбуот анжуманида олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Kun.uz мухбири саволига жавобан маълум қилди.

“Аграр университети Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфида. Бу университетга ҳозир қишлоқ хўжалиги вазири (Жамшид Хўжаев – таҳр.) ректор сифатида фаолият кўрсатяпти.

У ерда жуда катта аттестация ўтказилди. Жуда кўп ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Ботир Сулаймонов ишига келсак, тергов жараёни кетаётгани учун мен бир нарса айта олмайман. Энг муҳими, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган. Ҳозир дастлабки тергов жараёни кетяпти. Балки молиявий хатоликлар бўлгандир, балки қабул билан боғлиқ ҳолатлар бўлиши мумкин.

Баъзи олий таълим муассасаларини текширганимизда шунақа хатоликлар чиқяптики, супер контрактда ўқиши керак бўлган бола оддий контракт билан ўқиши ҳолатлари кузатилмоқда. Менда ректор билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат сабабли текширув бошланди, деган қараш бор. Аммо тергов тугагунча бирор нарса айта олмаймиз. Хатоликлар бўлмаганда ректорга нисбатан бунақа катта иш очилмасди”, – деди вазир.

Ботиржон Сулаймонов / Фото: Тошкент давлат аграр университети ректори

Kun.uz манбасига кўра, Тошкент давлат аграр университетининг собиқ ректори Ботиржон Сулаймонов 2021 йил октябр ойида тергов ҳаракатлари доирасида қамоққа олинган, айни пайтда суд жараёнлари давом этмоқда.

Шунингдек, университетнинг бошқа айрим масъуллари ҳам иш доирасида судга жалб қилинган.

Маълумот учун, академик Ботиржон Сулаймонов 2021 йил январида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид