Жамият | 18:21 / 29.06.2022
22402
6 дақиқада ўқилади

“Конституциявий комиссияга ўлим жазоси билан боғлиқ жуда кўп таклиф келиб тушди” — эксперт

Конституциявий комиссия аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Мирзаюсуф Рустамбоевнинг фикрича, мамлакатимизда ҳамон ўлим жазосини тиклаш тарафдори бўлганлар кўплаб топилади. Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ҳақидаги нормани Конституцияга киритиш орқали уни тиклаш кераклиги ҳақидаги баҳсларга чек қўйилади.

— Комиссиямизга ўлим жазоси билан боғлиқ жуда кўп таклиф келиб тушди. Мурожаат қилганларнинг кўпчилиги ўлим жазосини тиклаш керак деган фикрда. Буниям айтишимиз керак, жамоатчилик билиши керак.

Мен мустақилликнинг илк йилларида ёзилган Жиноят кодексининг муаллифларидан бириман. Албатта уни парламент қабул қилган, лекин унинг устида 2-3 йил ишлаганмиз ва СССР парчаланганидан сўнг собиқ иттифоқ давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда шу кодекс қабул қилинганди. Жиноят-процессуал кодекси билан ҳам шундай бўлган. Ўша пайтда Ўзбекистонда яхши олимлар ва мутахассислар бўлгани учун ҳам миллий қонунчиликни ишлаб чиқишда МДҲ миқёсида биринчи бўлгандик.

Лекин эски кодексимизда 33 та моддада ўлим жазоси бор эди, бир қатор жиноятлар учун шу жазо қолдирилганди. Демократик давлатлар, хусусан, Евроиттифоққа аъзо мамлакатларни олиб кўрадиган бўлсак, уларда ўлим жазоси йўқ. Бирортасида йўқ. Худди шу нарсани президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда таъкидлаб ўтдилар.

Мирзаюсуф Рустамбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ю.ф.д, профессор

Инсонга ҳаётни Аллоҳ таоло ато этади, фақат у одамнинг жонини қайтариб олиши мумкин, лекин бунга давлатнинг ҳаққи йўқ. Буни “Ҳамлет масаласи” дейишади, яъни бизда ўлим жазоси бўлиши керакми ёки йўқ, шахсан менинг фикрим бўлиши керак эмас. Бу борада муҳтарам президентимизни юз фоиз қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистонда 2008 йилдан буён амалда ўлим жазоси йўқ. Бу бир қатор қонунларимизда, қонуности ҳужжатларимизда белгилаб қўйилган. Шу нормани мамлакатнинг бош қонунида акс эттиришга қандай эҳтиёж бор эди? У шундоқ ҳам қонунларда бор ва ишлаётган бўлса, уни конституцияга киритишга зарурат бормиди?

— Манаман деган демократик давлатларнинг конституцияларида ҳам бундай норма йўқ. Масалан, АҚШда кўплаб штатларда қатор жиноятлар учун ўлим жазоси сақланиб қолган. Шу жиҳатдан олиб қараганда ўлим жазоси тақиқланиши конституция даражасида мустаҳкамланишини тарихий жараён дейиш мумкин.

Биз ўлим жазосини босқичма-босқич қонунчилигимиздан олиб ташлагандик. 2008 йили бу жазо тури бутунлай бекор қилинди. Шу пайтдан бери Жиноят кодексимизда ўлим жазоси йўқ. Шундай қолса ҳам бўларди, деган фикрлар ҳам бор. Лекин Конституциявий комиссияга келиб тушаётган мурожаатлар айрим одамлар ҳалиям қонунчилигимизда бу жазо бўлиши керак деган фикрда эканини кўрсатмоқда. Лекин мен бундайлар кўпчилик эмас деб ўйлайман.

Албатта, қайсидир фуқарога нисбатан оғир жиноят содир этилса, унинг ота-онаси, яқинлари жиноятчига энг оғир жазо тайинланишини исташади. Лекин жиноятчини пешонасидан отиб ўлдириш осонми ёки бир умр қамоқхонада жазони ўташи, оғир ишларда ишлатилишими? Қайси бири оғирроқ? Мудҳиш жинояти учун нафақат уни содир этган шахс, балки яқинлари ҳам бирдай қийналади. Ўлимга ҳукм қилинса, булардан осонгина қутулади.

Суҳбатдош ҳақида маълумот:

Мирзаюсуф Ҳакимович Рустамбоев – 1953 йилда туғилган. Тошкент давлат юридик институтида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, проректор сифатида фаолият юритган. Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган. 2001–2012 йилларда ТДЮИга ректорлик қилган. 2021 йилдан буён Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи ҳисобланади.

Ўзбекистон Жиноят Кодекси муаллифларидан бири. Соҳага оид қатор қўлланмалар муаллифи. У юриспруденцияда ўз мактабини ярата олган шахс ҳисобланади. Унинг мактабида етишиб чиққан аксарият ҳуқуқшунос-кадрлар бугунги кунда муҳим вазифаларда меҳнат қилишмоқда, мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосларини яратишмоқда.

Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ҳақидаги нормани президентимиз нима учун айнан Конституцияга киритишни таклиф қиляптилар? Фикримча, бу норма мамлакат асосий қонунига киритилганидан сўнг Ўзбекистонда айрим жиноятлар учун ўлим жазосини тиклаш кераклиги ҳақидаги мунозараларга чек қўйилади. Буларнинг барчаси “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Қолаверса, жиноят-қидирув, тергов амалиётида хатолар бўлиши мумкин. Ўлим жазосига ҳукм қилинган инсонлар отиб юборилганидан сўнг уларнинг айби бўлмагани аниқланган. Ўтмишимизда бундай воқеалар бўлган. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти энг улуғ неъмат аслида.

Агар отувга ҳукм қилингач айбсизлиги маълум бўлган шахсларга ўлим жазоси тайинланмаганида улар жазодан озод қилиниши ва оқланиши мумкин бўларди-да, тўғрими?

— Албатта. Халқимиз ҳуқуқшунос эмас, шу боис бу масалаларни миридан-сиригача билмайди. Биз шу соҳада ишлаймиз. Бунақа воқеалар жуда-жуда кўп бўлган. Терговчилар, судьялар адашган ҳолатлар ҳам бўлган.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи айрим ҳолатларда тезроқ шу ишни ёпай деб гумонланувчиларни жиноятни бўйнига олишга мажбурлашган. Қийноқлар ҳам бўлган бизнинг амалиётимизда. Ҳозир биз бу масалалар билан жуда кескин курашяпмиз. Қонунчилигимизда бу бўйича алоҳида моддалар бор.

Қийноқларга йўл қўйилмаслиги Конституцияда ҳам акс эттириляпти...

— Худди шундай. Фикримча, бирорта МДҲга аъзо давлат ичида, балки айрим Европа давлатлари ичида ҳам бундай сиёсат юргизилмаган, инсон қадр-қиммати бу даражада юқори кўтарилмаган. Муҳтарам президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон – жамият – давлат” ғояси, ўйлайманки, миллий ғоямизга айланади.

Бу масалани халққа, жамоатчиликка тушунтиришимиз керак. Биз юристлар, мутахассислар ОАВ орқали бўлаётган ўзгаришларнинг аҳамиятини изоҳлаб беришимиз керак.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо 

Мавзуга оид