Ўзбекистон | 16:24 / 03.07.2022
27234
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон олий раҳбариятининг қарорларини қўллаб-қувватлаймиз» — Қозоғистон ТИВ Қорақалпоғистон воқеалари ҳақида

Фото: Legion-Media

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги сўнгги воқеалар юзасидан баёнот берди.

«Ўзбекистон — Қозоғистоннинг қардош қўшниси, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори.

Шунинг учун Қозоғистонда дўстона қўшни мамлакатдаги воқеалар хавотир билан қарши олинди.

Ўзбекистон олий раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Ишончимиз комилки, биродар Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбир — Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича референдум арафасида тинчлик ва барқарорлик қарор топади», дейилади вазирлик баёнотида.

Қозоғистон 1998 йил 31 октябрдаги Абадий дўстлик ва 2013 йил 14 июндаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, 2021 йил 6 декабрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация руҳида Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишига қатъий амал қилиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июл куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги конституцион ислоҳотлардан норози бўлган фуқароларнинг ноқонуний намойишлари бўлиб ўтди. Жўқорғи Кенгеснинг маълум қилишича, ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлар қайд этилган.

Бу тартибсизликлар давомида ижтимоий тармоқларда вазиятга Қозоғистон томонидан аралашув бўлиши мумкинлиги тўғрисида турли тахминлар билдирилганди.

Мавзуга оид