Жамият | 20:40 / 03.07.2022
69609
3 дақиқада ўқилади

Ура деганга қўшилиб кетавериш қаҳрамонлик эмас

Фото: MAKAN.UZ телеграм-канали

Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар барчани бирдек қайғуга солди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда тарқатилган фейк хабарларни одамлар ҳақиқат сифатида қабул қилиши хавотирни янада оширди. Аслида, бу воқеалар ортида бир гуруҳ ғаламислар турганига етарлича далиллар бор эди.

Текшириб кўрилмаган ахборотга ишониш ва унга кўр-кўрона эргашиш доим ҳалокатли бўлган. Нукусдаги воқеаларни «оловлантириш»да ана шундай ёлғон ахборотлар «майдонга ташланди». Бунинг ортида маълум бир гуруҳ ишлаганини эса кимдир сезди, кимдир сезмади.

Масалан, ижтимоий тармоқларнинг бирида Қорақалпоғистоннинг пул бирлиги эълон қилинди. Буни ким ясади, қачон ясашга улгурди, деган савол ҳеч кимни ўйлантирмади. Ёки ўша гуруҳда тарқатилган видеода Қорақалпоғистоннинг янги мадҳиясини ҳам учратиш мумкин. Бундай ғоялар бир кунда ва оддий халқда туғилмаслиги, алоҳида тайёргарлик ва вақт талаб қилиши барчага маълум. Бу барчасига олдиндан тайёргарлик кўрилганини кўрсатади.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда икки миллат орасига совуқчилик тушириш мақсадида тинмай миллатчилик руҳидаги қарама-қарши фикрлар ёзилди. Ушбу фикрларни ёзаётганларнинг аксарияти ноаниқ профилда, кимлиги номаълум. Facebook ва Telegram тармоқларидаги шунақа провокацион фикрлар таққослаб кўрилса, маъно-мазмуни ва сўз ишлатишидан уларни маълум бир гуруҳ ёзаётганини тушуниш мумкин эди. Яъни ўзбекчасини ҳам, қорақалпоқчасини ҳам. Бу оддий одамларни ушбу гирдобга тортиш ва уларда миллатчилик руҳини уйғотиш учун қилинган хийла эканини кўпчилик сезмади. Оқибатда, бу гирдобга тушиб қолганлар ҳам бўлди.

Президент Қорақалпоғистонга етиб борди, халқ билан учрашди, уларнинг талаби бажарилди. Аммо кўчада тўпланишлар давом этди, тинчликни сақлаш учун борган ҳарбийларга ҳужум қилиш ҳолатлари учради. Бу жиҳат ҳам кўп нарсани «гапиради» аслида. Айни вақтга келиб, аҳвол яхшиланди, вазият тўлиқ назоратга олинган.

Текширилмаган ахборотларда гоҳ яширин, гоҳ ошкора ундовлар ҳамон давом этаётган бўлиши мумкин. Атрофдаги хабарлар тўғри таҳлил қилинмас, унинг ортида нима ва кимлар тургани тушунилмас экан, хавф сақланиб қолаверади. Ура, деганга қўшилиб кетавериш қаҳрамонлик эмас.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид