Ўзбекистон | 17:59 / 04.07.2022
26995
10 дақиқада ўқилади

Фавқулодда ҳолат ва комендатура: Қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлар бор?

Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилиб, ушбу даврда тунги вақт учун комендантлик соати амал қилиши белгиланди. Хўш, фавқулодда ҳолатга нималар киради? У қанча муддатга, ким томонидан жорий қилинади ва бу даврда нималар тақиқланади? Ушбу мақоламизда шу каби саволларга қонунчилик асосида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Фото: KUN.UZ

2021 йил декабрь ойида қабул қилинган “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонун – Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартибларини белгилаб беради.

Ҳужжатга асосан, фавқулодда ҳолат фуқаролар ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳолатлар ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган алоҳида ҳолатларда жорий этилади.

Бундай ҳолатлар жумласига реал ташқи хавфлар, оммавий тартибсизлик ва террорчилик ҳаракатлари, диний, миллий ва чегаравий низолар, шунингдек, йирик ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқалар киради.

Қонунга кўра, фавқулодда ҳолат президент фармони билан жорий этилади ҳамда уч сутка ичида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига тасдиқлаш учун киритилади.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати – Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ўттиз суткадан, айрим ҳудудларда эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмас. Шунингдек, фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, унинг амал қилиши президент фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин.

Фавқулодда ҳолатнинг тўлиқ, қисман ёки муддатидан илгари тугатилиши ҳам президент фармони билан амалга оширилади.

Фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин:

  • фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда давлат бошқаруви ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш эркинлигига нисбатан чекловлар;
  • мазкур ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режими ёки кириш-чиқишни бутунлай тўхтатиш;
  • жамоат тартибини, муҳим объектлар ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолияти муҳофазасини кучайтириш;
  • фаолиятнинг айрим турларини кўрсатишга нисбатан чекловлар жорий қилиш ҳамда озиқ-овқат, энг зарур нарсаларни тақсимлашнинг алоҳида тартиби;
  • йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар, шунингдек, бошқа оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш ёки чеклаш;
  • транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, уларни текшириш ва бошқалар.

Бундан ташқари, юқоридаги чекловларга қўшимча равишда президентнинг тегишли фармони билан қуйидаги қўшимча чоралар ва вақтинчалик чекловлар ҳам киритилиши мумкин:

  • комендантлик соатини жорий этиш;
  • ҳудудий мудофаа тадбирларини амалга ошириш;
  • шартлари ва тартибини кўрсатган ҳолда ОАВлар фаолиятини чеклаш;
  • фуқаролар ва хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари ҳамда барча ашёларини кўздан кечириш;
  • қурол, ўқ-дорилар, психотроп моддалар ҳамда алкоголь маҳсулотлари муомаласининг алоҳида режимини белгилаш;
  • фавқулодда ҳолат режимини бузаётган ва ушбу ҳудудда яшамайдиган шахсларни ўз ҳисобидан чиқариб юбориш;
  • аҳолини хавфсиз ҳудудларга вақтинча яшаб туриш учун мажбурий эвакуация қилиш (стационар ёки кўчма турар жой берилган ҳолда);
  • карантин жорий этиш;
  • давлат ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг ресурсларини сафарбар этиш, уларнинг иш режимини ўзгартириш;
  • авария-қутқарув ишлари зарурати бўлганда меҳнатга лаёқатли аҳолини, юридик ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини мажбурий равишда жалб этиш мумкин бўлади.

Фавқулодда ҳолат жорий этилиши сабабларига қараб, юқоридаги фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловларнинг бутун мажмуи ҳам, уларнинг айримлари ҳам жорий этилиши мумкин. Айни вақтда Қорақалпоғистонда жорий этилган фавқулодда ҳолатда белгиланган чекловлар билан ушбу ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин.

Қонунчиликда Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида сайловлар ва референдумлар ўтказилмаслиги белгиланган. Айрим ҳудудларда жорий этилган фавқулодда ҳолат даврида эса ушбу жойда жойлашган халқ депутатлари Кенгашларига сайлов ва фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилмайди.

Фавқулодда ҳолат даврида ваколат муддати тугаган мансабдорнинг ваколатлари эса фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даври тугагунига қадар узайтирилади.

Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонга зид бўлган президент ва ҳукумат ҳужжатлари, шунингдек маҳаллий ҳокимият органлари қарорлари фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддатига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Қонунга кўра, фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича махсус давлат бошқаруви органлари Давлат комиссияси ёки ҳудуд комендатураси тузилади.

Махсус давлат бошқарув органларига фавқулодда вазиятга асос бўлган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ҳудудни бошқариш бўйича тезкор тадбирлар ўтказиш каби асосий вазифалар юкланади.

Давлат комиссияси фавқулодда ҳолатни жорий этишга асос бўлган ҳолатлар тўлиқ ёки қисман бартараф қилинганда, президентга чекловларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ёки ушбу режимни тугатиш тўғрисида таклиф киритади.

Шунингдек, комиссия президентга ва ҳукуматга фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.

Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга ошириш учун президент фармони билан ҳудуд коменданти тайинланади.

Айни вақтда Қорақалпоғистон ҳудудининг комендатураси ташкил этилган бўлиб, унга Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев комендант этиб тайинланган.

Президентга ёки Давлат комиссиясига бўйсунувчи ҳудуд коменданти фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш масалалари юзасидан барча давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар, фуқаролар томонидан тегишли ҳудудда бажарилиши шарт бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради.

Агар президентнинг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, комендатура ташкил этилган ҳудудда фаолият юритувчи давлат бошқаруви органлари фаолияти тўхтатилмайди.

Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, ДХХ ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотларнинг куч ва воситаларидан фойдаланилади.

Бундан ташқари, Фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун қўшимча равишда Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари ҳам жалб этилиши мумкин.

Авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ҳамда таъминлаш учун жалб этилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш кафолатланади.

Қонунчилик бўйича, фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатларни йўқ қилиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар қўлланиши натижасида жабрланган шахсларга, шунингдек фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар оқибатида зарар кўрган шахсларга ушбу зарарнинг ўрни ҳукумат томонидан белгиланган тартибда қоплаб берилиши керак.

Шунингдек, қонунчиликда фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туришда қатнашган куч тузилмалари ходимлари ва бошқа шахсларга ҳукумат қарори билан қўшимча кафолатлар ва компенсациялар берилиши назарда тутилган.

Фавқулодда ҳолат шароитларида қўлланадиган чоралар ва вақтинчалик чекловлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларига зид бўлмаслиги керак. Шунингдек, бу чекловлар фуқаролар ва инсоннинг Ўзбекистон Конституциясининг 24, 25, 26-моддаларида, 27-моддасининг биринчи қисмида, 30, 31 ва 44-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш учун асос бўла олмайди.

«Фавқулодда ҳолат тўғрисида«ги қонунда назарда тутилган чекловларни кенгайтириб талқин этиш ва бошқа чекловларни белгилаш мумкин эмас.

Фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний куч ишлатишнинг, жанговар ва махсус техникани ҳамда ўқотар қуролни қўллашнинг қонунларда белгиланган шартлари ва чегаралари фавқулодда ҳолат шароитларида ўзгартирилмайди.

Хусусан, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига кўра, комендантлик соати қоидаларини бузган шахслар комендантлик соати тугагунига қадар ушлаб турилади, ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган шахслар эса ички ишлар органи бошлиғининг қарорига кўра кўпи билан йигирма тўрт соат муддатга ушлаб турилиши мумкин.

Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнида бўлган нарсалар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўздан кечирилиши мумкин. Шахсларни сақлаш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш прокурор томонидан амалга оширилади.

Фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати тугаганда ҳуқуқларни вақтинча чеклаш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар ҳам бир вақтда тугатилади. Бундан ташқари, бу фавқулодда ҳолат режимини бузиш тўғрисидаги маъмурий иш юритишнинг тугатилишига ва маъмурий йўл билан ушлаб турилган шахсларнинг ёки мазкур ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоққа олинганларнинг дарҳол озод этилишига сабаб бўлади.

Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда судлов жараёнлари фақат судлар томонидан амалга оширилади. Судларнинг бошқа шаклини тузиш, тезлаштирилган ёки фавқулодда суд ишларини юритишнинг ҳар қандай шаклларига йўл қўйилмайди.

Қонунга мувофиқ, Олий Мажлис фавқулодда вазиятга доир фармонни тасдиқлагач Ташқи ишлар вазирлиги 3 кун муддатда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибини инсоннинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ҳажми ҳамда фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари тўғрисида хабардор қилади.

Шунингдек, ТИВ Ўзбекистоннинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилганда, фармон тасдиқлангач 24 соат ичида чегарадош давлатларни фавқулодда ҳолатни жорий этишга асос бўлган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилиши керак.

Миллий гвардия ахборот хизмати бошлиғи Даврон Жуманазаровнинг маълум қилишича, айни дамда ҳудуд комендантининг буйруғи билан Қорақалпоғистонда туман-шаҳарларда комендант вазифаларини бажариш ички ишлар идоралари бошлиқларига юклатилган.

Шунингдек, аҳоли зарур саволлар бўйича комендатуранинг 1215 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб, жавоб олиши мумкин. 

Мавзуга оид