Ўзбекистон | 16:31 / 04.07.2022
17054
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудий яхлитлиги ва миллатлар ўртасидаги бирдамлик савол остида қолмаслиги шарт

Ким аслида кимлигини кўрсатиб қўйган Қорақалпоғистон воқеалари ҳали кўп таҳлил қилинади. Лекин бу ҳам Ўзбекистон учун бир синов бўлди.

Фото: Kun.uz

Қуролсиз муроса

Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликлар қисқа муддат давом этган бўлса-да ҳўл-у қуруқ баравар ёниб кетди ва вазият давлат раҳбарининг бевосита аралашуви билангина изга туширилди. Албатта, бу масалада қатъият сув ва ҳаводек зарур эди, йўқса нотинчлик қулоч ёйиб кетиши яққол кўриниб турганди. Шундай бўлса-да, оммавий қурол ишлатишга йўл қўйилмади, Ўзбекистон тарихида қирғин акс этган саҳифа пайдо бўлишининг олди олинди. Яъни жаҳл ўрнига босиқлик, шошқалоқлик ўрнига соғлом фикр, зиддият ўрнига мулоқот танланди.

Шубҳасиз, Ўзбекистон ўз салоҳияти билан, бошқа «хайрихоҳ»ларнинг кўмаги ва «олтинга тенг» маслаҳатларисиз бу муаммони ҳал қилишга қодир давлат ва шундай бўлиб қолади. Бугун жиловланган вазият эртага ҳаммаси аввалгидек бўлишига хизмат қилади.

Муаммо илдизи

Қорақалпоғистон мураккаб ҳудуд эканлиги, аҳолининг турмуш даражаси нисбатан пастлиги, экология, ишсизлик каби муаммолар депрессив кайфият туғдирганига узоқ вақт кўз юмиб келинганди. Яқин тарихимизда телевидение Қорақалпоғистон деганда рангдор либосларда миллий рақсга тушаётганлар, турли фестиваллар, Оролни қутқаришга оид баландпарвоз тадбирларни намойиш қилди. Мукофотлар, орден-медаллар улашилганда норасмий лимитга кўра Қорақалпоғистон улуши ажратиб келинди, аммо уларни жилмайиб қабул қилиб олганлар мамнунияти чангли ҳаводан тиришган юзларда акс этмади.

Аёллар, болалар соғлиги ортга кетди, аксарият эркаклар ичкиликдан паноҳ излашди, иқтидорли ёшлар ўз тақдирини ҳудуд билан боғламай қўйишди. Ишлаб чиқариш деган тушунча фақат табиий бойликларни қазиб олиш ва сотиш деб тушунилди, ҳудудий бирлик дотациядан чиқолмай қолди.

Ечим қаерда?

Сўнгги йилларда бу муаммоларнинг борлиги, вақт ва имконият бой берилгани тан олинганлиги ўзига хос дастлабки ютуқ бўлди. Президент Қорақалпоғистонга бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ борди, энг узоқ туманларигача кезишга эринмади, ички қаршиликларга қарамай ажратилган маблағ миқдорини каррасига оширди.

Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани ривожланишига кўмак мақсадида етакчи вилоятларга бириктириб берилди. Жумладан, Нукус Тошкентга, Мўйноқ Тошкент вилоятига, Кегейли Андижонга. Бу қатор лойиҳаларнинг амалга ошиши билан бирга ҳудудлараро алоқаларни яхшилади, бирдамликка хизмат қилди.

Қорақалпоғистонда янги туманлар ташкил қилинди, уларнинг инфратузилмаси яратилди. Бу ҳаракатлар ўз мевасини бериши учун вақт, барчанинг ҳамжиҳатлиги, виждонан ишлаши талаб қилинарди. Яъни фақат сабр ва ҳаракат билангина мақсадга эришилади, бетоқатлик ва тўполон билан эмас.

«Майли, индама уйига ҳам олиб кетсин!»

Давлат раҳбари қорақалпоғистонликлар билан гаплашганда бошқача хурсанд бўлиб кетишига мисоллар жуда кўп. Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга президентлик сайлов кампаниясидаги учрашувларни ҳам Қорақалпоғистондан бошлаган. Унда беш йиллик доирасида ҳудуд учун жуда катта маблағ ажратилиши эълон қилинган. Дастурда кўпчилик учун янгилик бўлган бир банд бор эди ва у ҳам айнан Қорақалпоғистондан бошланган. Бу бошланғич синф ўқувчиларига бепул тушлик берилиши эди.

Президент бу режа йўлга қўйилганидан кейин, навбатдаги ташрифида мутасаддилардан сўради:

– Бепул тушлик ҳамма болаларга етказиляпти, муаммо йўқми?

– Йўқ, ҳамма болаларни қамраб олдик, ота-оналар раҳмат айтишяпти. Ҳатто болаларини кузатиб келган айрим ота-оналар уйларига ҳам олиб кетишяпти.

Кўпчилик шу пайтда давлат раҳбаридан бу егуликлар биринчи навбатда болаларга аталгани ва фақат уларга берилиши кераклигига оид гап кутганди. Президент аксинча бу жавобдан кулиб юборди ва шундай деди:

– Майли, ҳавас қилган бўлса индаманглар, олиб кетиб есин ота-оналар ҳам. Уларнинг ҳам соғлиги керак менга.

Яна бир ташрифда давлат раҳбари Мўйноқ туманининг бюджети қандай шакллантирилишига оид маълумотлар билан қизиқди. Шунда масъуллар туман ўз харажатларининг ўндан бирини ҳам қоплай олмаслиги, дотацияда эканлигини билдиришди. Шавкат Мирзиёев яна кўпчилик кутмаган жавобни берганди:

– Мўйноққа режалаштирган лойиҳаларимизнинг бирортаси амалга ошмай қолмаслиги керак. Қанча пул керак бўлса топиб бераман. Муҳими, шу ерда яшовчи халқимиз оғири енгил бўлса бас.

Худди шундай фикрлар Бўзатов, Қораўзак туманларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид тадбирларда ҳам билдирилган, яъни Қорақалпоғистон бугунги кунда эътибордан четда қолмаганди.

Келажак

Зиддият тарихга муҳрланди, албатта у тезда унутилиб кетмайди. Ҳозир энг муҳими тинчлик, ўша оломонни Қорақалпоғистон халқи дея қабул қилмаслик, миллий адоватнинг ҳар қандай шаклини жиловлаш, бошқаларни қорақалпоқ миллатига қарши қайрамаслик ва Ўзбекистон ҳудудий яхлитлигини савол остида қолдирмаслик. Албатта, Ўзбекистон умумий уйимиз ва унда нафақат ўзбеклар ва қорақалпоқлар, балки бошқа миллат вакиллари ҳам тинч-тотув яшаши лозим.

Ижтимоий тармоқларда кимлардир қорақалпоқларни қаердандир келиб ҳудудимизда паноҳ топгани, энди эса ўзимизга қарши чиқаётганига оид аргумент билан муаммони чуқурлаштириб юборяпти. Аслида ўзбек/қорақалпоқ деб ажратиш, ўзаро таққослаш, бирини биридан устун қўйиш ёки айро кўрсатишнинг ўзи жиддий хато. Биз бир халқмиз ва шундай бўлиб қолиши шарт!

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид