Ўзбекистон | 20:49 / 04.07.2022
14229
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сума Чакрабартини қабул қилди

Ўзбекистонда ислоҳотлар дастури самарадорлигини янада ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни ўзининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди.

Учрашувда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш ва натижадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Маслаҳатчи Чакрабарти Ўзбекистон етакчиси раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шу жумладан иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилиш ва рақамлаштириш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш борасидаги ўзгаришларни юксак баҳолади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга Ўзбекистонда бошланган ҳамда демократик принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўла мос ҳолда, конституциявий қурилишнинг илғор миллий ва халқаро тажрибаси асосида амалга оширилаётган Конституция ислоҳоти хизмат қилиши таъкидланди.  

Сума Чакрабарти бундан буён ҳам янги ўсиш нуқталарини топиш ва рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Ҳукуматига кўмаклашишга бор саъй-ҳаракатини йўналтиришга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Сума Чакрабарти Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланишидан аввал саккиз йил давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид