Ўзбекистон | 22:11 / 06.07.2022
65487
6 дақиқада ўқилади

“Бизда уларга қарши қурол ишлатишга рухсат йўқ эди” — Нукусда яраланган ҳарбийлар

Қорақалпоғистондаги талатўпларда жароҳатланган ва айни пайтда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник ҳоспиталида даволанаётган ҳарбийлар мухбирлар саволларига жавоб берди.

Расмий маълумотларга кўра, 1–2 июлдаги тартибсизликларда вафот этган 18 кишидан 4 нафари – ҳарбий хизматчилар бўлган. 243 киши жароҳатланиб, шифохоналарга мурожаат қилган, шунинг 93 нафари – ҳарбийлар.

Ҳарбий ҳоспиталнинг Травматология бўлинмаси катта ординатори Нодиржон Холдаровнинг айтишича, 3-4 июль кунлари Нукус шаҳридан турли тан жароҳати олган 20 дан зиёд ҳарбий хизматчи Тошкентга олиб келинган.

“Керакли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, ҳозирги пайтда (беморлар) керакли муолажаларни олишмоқда. Уларнинг ҳолати барқарор. Ўқотар қуролдан, кейин турли хил тошлардан, темир буюмлар ва турли хил кесувчи, қирқувчи буюмлардан тан жароҳати олган беморларимиз бор. Лекин кўрсатилган тиббий муолажалардан сўнг, уларнинг аҳволи яхши стабил ҳолатда, муолажаларни давом эттиришмоқда.

Тез кунларда уларни оёққа тургазиб, сафга қайтарамиз ва улар хизматини давом эттиришади”, – дейди у.

Ҳоспиталда даволанаётган ҳарбийларнинг ҳар бири турлича ҳолатда, улар тартибсизликларнинг турли нуқталарида бўлишган.

“Биринчи ечинтириб олиб, кейин дўппослашди”

Аббос Намозов, миллий гвардия ходими, капитан:

— Тарқатишга борсак, икки чеккадан одамлар чиқиб, бизга нисбатан нафрат уйғониб, шундай тошлар отиб, сўкиниб: “Кетинглар, сизлар аралашманглар”, – деб бақир-чақир қилди. Биз қўлимиздан келганча қайтардик.

Биз ҳам энди жами 50 киши “толпа” бўлиб боряпмиз-да, мана шу ерда мен нимагадир қоқилдимми, йиқилиб тушдим. Энди ўзимга келаман дегандим, бирданига тортиб кетишди. Тортиб кетиб, урди-да.

Биринчи ечинтириб олишди, ечинтириб олиб, тош билан ҳам, таёқ билан ҳам уряпти. Катта тош билан бошимга урган вақтида бир ўзимдан кетиб, бир ўзимга келсам, ҳалиям уриб ётган экан-да.

Биз алоҳида мустақил бўламиз деб, шундай оҳангда гапириб ётган эди. Ҳаммаси ичиб олган, ҳидидан билдим. Ўзини тутишидан ҳам маълум бўлиб турган эди.

Менда [ўқотар] қурол йўқ эди, биз қуроллантирилмаган эдик. Олдимизда ўзимизни ҳимоя қиладиган қалқон, “дубинка”, бош кийимимиз, “каска”миз бор эди, шу билан қуролланган эдик.

Ҳамма ерим қонга беланиб бўлган эди, қорақалпоқчасига гапирди: “Бўлди, бу таъзирини олди, қўйиб юборсак бўлади энди”, – деди-да, бир амаллаб чиққанимизда, яна кийимимдан ушлаб қайтиб олиб киряпти-да, уряпти.

“Ов қуроли билан оёғимдан отишди”

Шахсини сир сақлашни илтимос қилган ҳарбий хизматчи:

— Тартиббузарларни қайтардик, анча тарқатдик. Улар ўзи нима қилаётганини билмайди, тушунмаяпти. Лекин эргашяпти. У ерда улар (намойишчилар)ни бошқараётган беш-олтитасини танияпмиз, юзига ниқоб тортиб, кўзойнак тақиб олган. Ўшалар (намойишчиларни) бошқаряпти.

Биринчисига уларни тарқатиб юбордик, иккинчисига (намойишчиларга) гап ўргатгач, бизга қараб келаверишди. “Уларнинг отишга ҳаққи йўқ, отолмайди, фақат “дубинкаси” бор, қўрқма, халқим”, деяпти. Кейин ҳақиқатан бизнинг отмаганимизни кўришди-да, ишонч ҳосил қилиб келаверишди.

Кўпайиб кетишди, кейин уйнинг ораларидан ҳам тартиббузарлар чиқди-да, шу орада ов қуроли билан оёғимга отишди, сон қисмининг орқасидан.

Биз тинчлик учун келганмиз деб айтсак ҳам, “ўзбеклар, кет” деб ҳайдашди. Халқ бунчалик кўтарилиб кетишини билмагандик, шунга 80-90 киши билан боргандик.

“БТРнинг люкини очиб, бошимга темир билан уришди”

Музаффар Эшжонов, миллий гвардия ходими, сержант:

— Шахсий таркиб билан бизга бириктирилган БТР-80 зирҳли техникаси билан чиқиб, ҳарбий қисмга ҳаракатланаётган вақтимизда, тахминан 300-400 кишилик маҳаллий аҳоли олдимиздан чиқди. Биз уларга жабр етказмаслик мақсадида БТР-80ни тўхтатдик. Бошида бизни БТРдан чиқариб юбориш учун тезроқ таслим бўлишимизни айтишди, биз уларнинг бу буйруғини бажармадик.

Кейин биз ўзимиздан катта бошлиқлардан огоҳлантирувчи ўқ узишга рухсат сўрадик, шундан сўнг тепага қараб огоҳлантирувчи ўқ уздик. Тартиббузарликнинг олдини олиш мақсадида тепага қараб ўқ узгандик. Бизда намойишчиларга қарши куч ишлатишга рухсат йўқ эди.

Бунга (ўқ узишимизга) қарамасдан ҳам аҳоли бизга қарата ҳар хил нарсалар отиб, куч ишлатиб, БТРнинг люкини темир бўлаклари орқали бузиб очишди.

dpGJ6TLQX3saoZaU7g9FHmIim6IA8PYt.jpg (900×625)

Кейин биз БТРдан чиқдик, мен люкни ушлаб, тортиб ўтиргандим. Намойишчилар буни бузиб очишди, кейин бирданига темир бўлаги билан бошимга уришди. Шу пайт бошимдан жароҳат олдим. Намойишчилар ҳар биримизни алоҳида жойларга олиб бориб, дўппослаб, калтаклай бошлашди.

Хивада хизмат қиламан. Нукусга сафарбар қилинганимизда ён қўшниларимиз орасида бунақа фикрлайдиганлар бор деб ўйламагандим. Ҳалигача мен қорақалпоқ халқининг бундай ишларга қодирлигига ишонмайман. У намойишчилар яққол тайёрланган, етакчилар томонидан бошқарилаётган эди. Бўлмаса, БТР люкини бемалол оча олишмаган, Молотов коктейллари билан ҳужум қилишмаган бўларди.

Мавзуга оид