Тинчлик қайтган Қорақалпоғистон, Термизга учган ракеталар, ҳайдовчилар учун хушхабарлар — Ўзбекистон ҳафта ичида
Сўнгги ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларни ёдга оламиз. Ҳафта Қорақалпоғистондаги тартибсизликларга чек қўйилиши ва Термиз шаҳрига Афғонистон томондан учирилган ракеталар билан ёдда қолди.
Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар
3 июл куни президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида Жўқорғи Кенгес депутатлари, Вазирлар Кенгаши раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Нукус туманидаги «Саманбай» овул фуқаролар йиғинига бориб, ёшуллилар, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашди.
Учрашувда давлат раҳбари сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиши, айбдорлар жазога тортилишини айтиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда содир бўлган ташвишли воқеаларни бутун халқ чуқур дард ва изтироб билан қабул қилгани, бу синовни оғир-босиқлик, аҳиллик билан ортда қолдириш кераклигини таъкидлади.
Олий Мажлис қонунчилик палатасининг депутатлари президентнинг таклифига кўра, Қорақалпоғистон мақомини ўзгартиришга оид нормаларни Конституциявий қонун лойиҳасидан чиқариб ташлашни маъқуллашди.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, 1–2 июл кунлари Нукусда рўй берган оммавий тартибсизликлар оқибатида жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Оғир тан жароҳатлари туфайли 18 киши вафот этган. Қурбонларнинг 4 нафари ҳарбийлар бўлган.
Халқни ноқонуний митингга чорлаб, ўзини қорақалпоқ элига бош қилишни сўраган блогер Даулетмурат Тажимуратов қамоққа олинган. Қорақалпоғистонлик журналист Лолагул Қаллиханова ҳам жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
АҚШ, Евроиттифоқ, Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлари Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдириб, уларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳамда осойишталик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашларини изҳор этишган.
Термизга келиб тушган ракеталар
5 июл куни соат тахминан 16:20 атрофида Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудига Афғонистон ҳудудидан учирилган бешта реактив снаряд келиб тушгани қайд этилди. Снарядлар тушганида портлашлар юз бермагани сабабли одамлар ҳалок бўлмаган ва вайронагарчиликлар рўй бермаган.
Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид Термизга Афғонистон ҳудудидан ракета ҳужумини уюштирганлар дўст Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ишончсизлик муҳитини яратишни мақсад қилганини айтган. «Толибон» ҳаракати ракета ҳужуми ортида турганларни ҳибсга олиш ва жазолаш учун қидирмоқда.
Президент администрация раҳбари ишдан олинди
Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, Зайнилобиддин Низомиддинов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилди.
З.Низомиддинов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Қурбон ҳайити кенг нишонланди
Юртимизда 9 июл куни Қурбон ҳайити кенг нишонланди. Байрам муносабати билан ўзбекистонликлар жами 4 кун дам олишади.
Автомобил эгалари учун хушхабарлар
Ҳафта ичида автомобилчилар учун икки муҳим янгилик рўй берди. Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан автотранспортни бошқариш учун ишончномалар my.gov.uz портали орқали электрон тарзда расмийлаштирилади. 6 ойгача муддатга бериладиган электрон ишончномалар учун давлат божи кескин камаяди.
Юридик шахслар ҳайдовчиларининг ҳар 2 йилда мажбурий малака ошириши тартиби бекор қилинди.
Шунингдек, 1 сентябрдан эътиборан жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган киракаш сифатида рўйхатдан ўтиб, енгил автомобилда қонуний равишда йўловчи ташиши мумкин бўлади.
Ҳукумат қарори билан автомактаблар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Рейтингни тузишда автомактаблар битирувчилари назарий ва амалий имтиҳонларда қандай натижа кўрсатгани, ҳайдовчилик гувоҳномаси олгандан кейин йил якунигача йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан қанча жарима балли йиғгани, битирувчиларнинг айби билан нечта ЙТҲ содир этилгани ҳисобга олинади.
Абитуриент–2022
Олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун тест синовлари кетма-кет учинчи йилдирки, коронавирус сабабли стадионлар ва хиёбонларда ўтказилади. Бу йил ҳам ушбу тартиб сақланиб қолади.
15 июнда қабул қилинган олий таълим муассасаларига қабул тўғрисидаги президент қарори билан спортчиларнинг ўқишга киришдаги имтиёзларига оид қисм таҳрирланди. Имтиҳонсиз ўқишга кирадиганлар рўйхатидан республика турнирлари ғолиблари бутунлай олиб ташланган, Жаҳон ва Осиё чемпионатларининг охирги тўрт йиллик ғолиблари эмас, охирги бир йиллик ғолиблари имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши белгиланган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қорақалпоғистондаги интернет муаммоси туфайли қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул узайтирилишини маълум қилди.
Иқтисодиёт янгиликлари
4 июлда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг биржа савдолари орқали илк бор Uzbekistan GTL заводида ишлаб чиқарилган 660 тонна тонна GTL дизел ёнилғиси қўйилди ва ундан барча ҳажми сотилди.
Қорақалпоғистондаги «Нукус» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги 30 гектар бўш ер майдонида президент қарорига кўра «Нукус технопарки» махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 3 йилдан 10 йилгача фойда солиғидан озод этилади.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон бўйлаб хусусий АЁҚШларда бензин нархи ошди. «Ўзбекнефтгаз» изоҳига кўра, бу – юқори октанли бензин импорти қисқаргани билан боғлиқ. Бунинг ортидан маҳаллий АИ-80 бензинига талаб ошиб, натижада унинг ҳам нархи қимматламоқда экан.
2022 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 22 фоизга, Ўзбекистондан ЕИга экспорт ҳажми эса 86 фоизга ошган.
Иқтисодчи таҳлилчилар айни даврда Евросиё иқтисодий иттофиқига кириш янада хавфли бўлиб қолгани, Жаҳон савжо ташкилотига Ўзбекистоннинг аъзолигини янада тезлаштириш кераклигини таъкидлашмоқда.
Мавзуга оид
17:11 / 16.12.2024
Термизда турар жой биносининг сувоғи шамол туфайли кўчиб тушди
18:28 / 29.11.2024
Дунёда бензин нархи энг арзон бўлган мамлакатлар маълум бўлди
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:30 / 14.10.2024