Ўзбекистон | 16:52 / 13.07.2022
28076
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режими юмшатилди

Қорақалпоғистон ҳудудида комендантлик соати қисқартирилди.

Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистон ҳудудида комендантлик соати ўзгаради. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятнинг барқарорлашгани ва ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан Қорақалпоғистон ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш, яъни комендантлик соатининг амал қилиш вақтини «соат 21 дан соат 7 га қадар» ўрнига «соат 23 дан соат 5 га қадар» этиб белгилашга қарор қилинди.

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги 2022 йил 2 июлдаги президент фармонига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармон давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди ва Олий Мажлис палаталарига тасдиқлаш учун йўлланди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида рўй берган тартибсизликлардан кейин, президент Қорақалпоғистон ҳудудида бир ой муддатга фавқулодда ҳолат режими жорий этганди.

Фавқулодда ҳолат даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилган:

  • жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
  • Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаракатланиш эркинлиги чекланади, шу жумладан транспорт воситалари учун ҳам;
  • фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширилиши, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилиши, улардаги ашёлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши таъминланади;
  • Қорақалпоғистон ҳудудига кириш ва ундан чиқиш чекланади;
  • тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқланади;
  • юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади;
  • қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқланади;
  • дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда этил спирти ва алкогол маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилади;
  • жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиактив моддалар вақтинчалик олиб қўйилади.

Мавзуга оид