Жаҳон | 20:35 / 15.07.2022
26396
4 дақиқада ўқилади

Путин Рогозинни «Роскосмос» раҳбарлигидан бўшатди

Фото: YEVGENY BIYATOV/ALEXANDER RYUMIN/TASS

Россия президенти Владимир Путин Дмитрий Рогозинни «Роскосмос» раҳбари лавозимидан бўшатди, унинг ўрнини бош вазир ўринбосарлигини тарк этган Юрий Борисов эгаллайди. Аввалроқ Россия нашрлари ушбу рокировкани тахмин қилганди. Рогозин қаерга тайинланиши ҳозирча аниқ эмас, аммо ОАВ у Путиннинг суюклиларидан бири бўлиб қолишини таъкидламоқда.

Жума куни Давлат думаси режадан ташқари йиғилиш ўтказди. Депутатлар, жумладан, саноат вазири Денис Мантуровнинг бош вазир ўринбосарлигига тайинланишини маъқуллаш учун парламент таътилларидан чақириб олинди.

Думада овоз бериш якунланиши биланоқ Путин Мантуровни тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бошқа фармон билан бош вазир ўринбосари Борисовни ишдан бўшатди. Яна бир фармон билан эса Борисов «Роскосмос» давлат корпорацияси бош директори этиб тайинланди.

Рогозин нима билан шуғулланиши ҳозирча маълум қилинмади. Аввалроқ «Медуза» нашри у яқин кунларда Кремлга ишга ўтишини ёзганди – гарчи президент маъмуриятида унга тегадиган лавозим муҳокама қилинаётган бўлса-да. 

Кутилган ўзгариш

Борисов бош вазир лавозимини тарк этиши ҳақида 12 июл куни бирданига уч нашр - РБК, «Коммерсант» ва «Ведомости» хабар қилганди. Улар Борисов Рогозин ўрнига ишга тайинланишини ёзганди.

65 ёшли Борисов 58 ёшли Рогозиннинг ўрнини кетма-кет иккинчи марта эгалламоқда. 

У 2018 йил май ойида «Роскосмос» ва ҳарбий-саноат мажмуасини назорат қилувчи бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланганди. Борисов бунга қадар мудофаа вазири ўринбосари бўлган, ундан ҳам олдин эса ҳукумат ҳузуридаги ҳарбий-саноат комиссиясига раҳбарлик қилганди.

Ўшанда Рогозин «Роскосмос»га раҳбар бўлиб, Борисовга бош вазир ўринбосарлигини берганди. У бу лавозимда твиттер саҳифасида кескин баёнотлар бериши билан ёдда қолди.

Рогозин ўз космик дастурини йўлга қўйган америкалик бизнесмен Илон Маск билан бир неча марта тортишганди. 

Россиянинг бошқа раҳбарлари каби унинг иддаолари Россия Украинага бостириб кирганидан кейин кескинлашди. 12 апрел куни Рогозин ХКС космонавтларига Европанинг ERA манипулятори билан ишлашни тўхтатишни буюрди.

«Президент уни яхши кўради»

«Медуза» ўз манбаларига таяниб ёзишича, Рогозин Россия Украинага бостириб киришидан олдин тан олинган Донбассдаги ўзини мустақил деб эълон қилган республиканинг Кремлдаги кураторларидан бири бўлиши мумкин. У ҳолда Рогозин президент ёрдамчиси ёки ҳозирда Дмитрий Козак эгаллаб турган президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари лавозимини олиши мумкин.

Ҳозирда Украинанинг босиб олинган қисмларига президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко мунтазам равишда бормоқда. Козак 24 февралдан кейин сояга ўтди – у Путиннинг ғазабига йўлиққани тахмин қилинади.

«Медуза» манбалари Рогозин «президентнинг суюклиларидан бири» эканлигини таъкидламоқда. «Президент уни анчадан буён яхши кўради», - деди манбалардан бири.

Путин 12 апрелда космонавтика кунида Рогозин ва Беларус президенти Александр Лукашенко билан бирга Восточний космодромига ташриф буюрганди. Ўшанда асосий мавзулардан бири Украинадаги уруш бўлганди.

«Коммерсант»нинг маълумот беришича, Борисов кетганидан сўнг бутун саноат, жумладан, мудофаа блоки иши бўйича масъулият 53 ёшли Мантуровнинг зиммасига юкланади.

Аввалроқ Путин ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналарини ҳарбий эҳтиёжлар учун давлат мудофаа буюртмаларини бажариш ва қўшимча ишлашга мажбур қилиш имконини берувчи қонунни имзолаганди. Қонун Россия армиясининг Украина шарқида депсиниб қолиши фонида қабул қилинди.

Мавзуга оид