Ўзбекистон | 16:46 / 23.07.2022
24651
10 дақиқада ўқилади

“Сиёсий ислоҳотлардан қўрқмайлик” – Таҳлилчилар янги конституция лойиҳаси ва унга етишмаётган ўзгаришлар ҳақида 

15 июл куни Олий Мажлис қонунчилик палатаси конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама муддатини навбатдаги бор ўзгартириб, якунни 1 августгача қилиб белгилади.

Комиссия буни келиб тушаётган таклифлар динамикасининг кескин ортиб кетиши билан изоҳлади. Шунингдек, комиссия раиси Акмал Саидовга кўра, муддат узайтирилиши кимнингдир кўрсатмаси билан эмас, комиссия қарори билан қилинмоқда.

Kun.uz ҳар доимгидек, ўзгартирилаётган конституция, унинг сабаблари, шунингдек, янги конституцияда акс этаётган ва этмаётган нормалар атрофидаги таҳлилларини давом эттиради.

Бу борада навбатдаги меҳмонларимиз сиёсатшунос Фарҳод Толипов, жамиятшунос Дилсора Фозилова, Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.

— Суҳбатни бошларканмиз, сизлардан 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон конституциясининг ўзгаришлари хронологияси ҳақида сўрамоқчиман. Жумладан, мана шу жараёнлар бошланаркан, қатор ҳуқуқшунос, сиёсатшунослар конституция ўзгаравермаслиги керак, бунақада қадри қолмайди деган фикрни айтган бўлса, яна айрим ҳуқуқшунослар, жумладан, комиссия раиси Акмал Саидов “конституция догма эмас”, дея бош қомус ўзгариб туриши кераклигини айтди.

Хўш, Ўзбекистон конституция китобчасидаги ўзгаришлар дунё конституцияларига солиштирилганда қанчалик тез ёки нормал дея баҳолаш мумкин?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:

Конституция давлат фаолиятида асосий қомус дейилади. У ўз номи билан асосий қомус бўларкан, яхши маънода қотиб турадиган ҳужжат бўлиши керак.

Бу ислоҳотлар бошланаркан, конституция догма эмас, деган ибора ишлатилди. Мен бу иборани жуда эҳтиёткор ишлатган бўлардим, чунки конституция яхши маънода догма бўлиши ҳам керак. Ҳа, у доимий ўзгармас бўлмас, лекин кўп йил ўзгармай хизмат қилиши ҳам керак. Қонунларга тез-тез ўзгартиришлар киритиш ёки бутунлай бекор қилиниши мумкин. Чунки сиёсий, ижтимоий жараёнларда ўзгаришлар бўлиб туради.

Қайтараман, конституция узоқ йиллар ўзгаришсиз хизмат қиладиган ҳужжат. Унга киритиладиган ўзгаришларга эса узоқ йиллар тайёргарлик кўрилиши ва бунга жиддий асос ва далиллар бўлиши керак.

Фарҳод Толипов

Комиссия ишлаб бошлаганига шунча пайт ўтган бўлса, бунга ҳали комиссия томонидан етарли далил, сабаблар келтирилмади. Ҳа, айрим моддалар ўзгариши керакдир, лекин бунга стратегик катта асос берилганини кўрмадим.

Биз шунингдек, кенг омма, халқ ва таҳлилчилар билан бўлган муҳокамаларни ҳали кўрмадик. Мен кўрган жараён фақат комиссия фаолияти. У халқдан таклиф олиб, янги лойиҳа қиляпти. Бу етарли эмас. Шунинг учун ҳам комиссия фаолияти ва жараёнлар мукаммал бўлмай қолди.

Қолаверса, дунёдаги кўплаб ривожланган давлатлар конституциялари ҳамон ўзгаришсиз турибди, лекин уларда фаровон ҳаёт давом этяпти.

Абдураҳмон Ташанов, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси

Абдураҳмон Ташанов

Ҳа, конституция догма эмас, лекин унинг догматик хусусиятлари бўлиши керак. Агар унда догматик хусусиятлар бўлмаса, ҳар бир келадиган ҳукмдор ва гуруҳлар уни ўз манфаатига қараб ўзгартиришни, суиистеъмол қилишни бошлайди. Биз бунга дунёнинг кўп мамлакатлари мисолида кўп гувоҳ бўлганмиз. Улар истаган куни исталган конституция ёки исталган моддани ўз манфаатларига ўзгартириб олаверадилар. Шулар бўлмаслиги учун ҳам конституцияда догматик хусусиятлар бўлиши керак. У ҳар куни алмаштирилаверадиган ҳужжат эмас.

Иккинчидан, мамлакат умумий организм бўлса, конституция бош миядир. У халқнинг ривожланиши, маданияти, ҳуқуқлари ва бошқаларнинг йиғиндиси ҳисобланади. Йиғинди эса ҳар куни алмаштирилавермайди. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари бу нарсани ўз тараққиёт йўлида исботлаб бўлди.

Ўзбекистон конституциясига келсак, ўша йиллар тарихий бир қисм бўлди. Биз Ислом Каримов даврида тарихий ривожланмадик, ниҳоятда орқага кетдик. Бу ерда энди конституцион ислоҳотлар бўлиши керак эди. Бўлиши керак-ку, лекин бу уч кунлик, бир ойлик марафон ҳам эмас. 

Мен доим айтиб келяпман, ҳозирги кампания ниҳоятда бўш. Нега, чунки у умумхалқ муҳокамасига ҳали кириб бормади. Унинг техник жиҳатлари ҳам шундай. Масалан, ҳозир конституция лойиҳаси муҳокамага бор-йўғи 30 минг тиражда чиқадиган “Халқ сўзи” деган газетада қўйилди. Бу 35 млн халқнинг олдида нима рақам? Телевизорда берилмаса, газета ҳар бир хонадонга кириб бормаса. Ёки мамлакатнинг 50 фоиздан ортиқ қисмида интернет мавжуд эмас ё сифатсиз бўлса. Хўш, қандай қилиб уни сайтга жойладик, интернетдан кўриб олинглар, деймиз?

У догмами, догма эмасми, умумхалқ муҳокамаси бўлмас экан, жараён охирига етмаган бўлади.

Ҳозир муҳокамалар 1 августгача узайтирилди, мен эса бунинг 1 сентябр ва ҳатто 1 январгача чўзилиши тарафдориман.

Дилсора Фозилова, жамиятшунос

Дилсора Фозилова

Конституция аввало халқ ва давлат ўртасидаги келишув бўлар экан, демак, бу жараёнда халқ ўзини тортиб кетишини қўпол қилиб айтганда, бир уюр отга топширади, дея ифодалайлик. Хўш, ўша отларда қувват, қудрат қандай бўлиши керак ва улар қанчалик тартибли ҳаракат қилиши керак? Ана шуларни кўрсатиб берувчи бу конституциявий комиссия.

Конституция бу – давлат ва халқ қайси томонга кетаётганини кўрсатиб турувчи ҳужжат. Бу жараёнда ўзгаришлар бўлиб туриши ҳам табиий. Масалан, пандемия, экологик муаммолар, глобализм... Умуман, ўзгараётган муҳитда конституция ҳам ўзгаришларга учраши мумкин.

Биз дунёга очила борарканмиз, агар глобализм биздан ўзгаришларни талаб қилса, демак конституциямиз ҳам бу талабларга очиқ бўлиши керак.

Иккинчи томондан, юқорида тўғри айтилди, барқарорлик жиҳатидан конституциянинг айрим моддалари ўзгармас бўлиши керак. Шу маънода конституция халқнинг ижтимоий эҳтиёжидан келиб чиққан материал ва ўша эҳтиёжни доимий қондириб боришга хизмат қилиши керак.

Менимча, Ўзбекистон конституцияси ҳали жуда ёш ва такомиллашишга муҳтож. Такомиллашиш дегандаки, уни амалдаги конституциядаги бўлгани каби интерпретация (тушунтиришларга) муҳтож бўлмаган конституцияга айлантириш керак. Амалдаги конституцияда тушунтиришларга муҳтож бўлган моддалар жуда кўп ва шунинг учун ҳам бизда кўплаб номақбул ишлар амалга ошиб келди.

Шунингдек, мен юқорида айтганимдек, халқни бошқариб кетаётганларнинг ваколатлари, мажбуриятлари ҳам қатъий тартибга келтирилиши керак.

Масалан, Камолиддин Раббимов доимий равишда импичмент ҳақида гапириб келяпти. Ёки Ўзбекистонда ваколатларнинг республика ёки ҳудудларга тақсимланиши жараёнларида жуда катта камчиликлар бор. Бизда асосий куч вилоятларга берилиши керак. Айнан вилоятлар ўз ҳудуди имкониятларидан келиб чиқиб, соҳалар кесимида ишларни ташкил қилиши керак. Республика фақат улардан қолган ишлар билангина шуғулланиши керак. Бу ташқи ишлар ёки турли федерал масалалар.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

Камолиддин Раббимов

Фикримча, ҳар бир конституциянинг ўз руҳияти бўлади. 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон конституциясини тўлиқ авторитар дейиш мумкин. Чунки уни қабул қилаётганларнинг бош мақсади ҳокимият вертикалини мустаҳкамлаш эди. Унда марказий ҳокимиятни тийиб туришнинг реал механизмлари мавжуд эмас эди. Иккинчидан, президентлик ҳаддан ташқари қудратли қилиб юборилганди. Биз бунинг салбий оқибатларини ўтган 25 йил давомида кўриб келдик. Ўзбекистон конституцияси ислоҳотларга аллақачон муҳтож эди.

Ўзбекистоннинг ҳозирги конституцияси мухолифатни ва ёки фуқаролик жамиятини, фундаментал қадриятларни талаб қилади. Лекин мана шу масалалар амалга ошмай келяпти.

Ўйлашимча, конституция албатта ўзгариши ва ундаги авторитаризм, суперпрезидентлик руҳияти ўзгариб, халққа таяниш орқали ишлашга ўтилиши керак. Бизга 35 миллионлик аҳолининг қудратини ифода қилувчи конституция керак.

Ўтган бир ой давомида берилаётган ёки лойиҳада акс этаётган таклифлар умуман етарли эмас. Лойиҳада концептуал ўзгаришлар таклиф қилинмаяпти. Таклиф қилинаётгани эса жудаям механик ва косметик ўзгаришлар.

— Камолиддин ака, сизнингча, бу жараёнда халқ ана шундай таклифларни беролмаяптими ёки комиссия берилган таклифларни инобатга олмаяптими?

Илёс Сафаров

— Менимча, иккинчиси. Чунки уларда ҳамон эҳтиёткорлик зеҳнияти сақланиб қоляпти. Бу ерда комиссиянинг мотивлари халқдан келаётган таклифларни ҳокимият вертикали нуқтайи назаридан саралаб олиш бўляпти.

Аслида мана шу жараён ва ислоҳотлар иккинчи ҳокимиятнинг легитимлигига жуда жиддий таъсир қилади. Яъни Ўзбекистонда катта ижтимоий энергия беришдан қўрқиш керак эмас. Бу ижтимоий энергияни эса ҳокимиятнинг легитимлиги йўлида бемалол ишлатиш мумкин. Фараз қилинг, чархпалакка сув қанча кўп қуйилса, у шунча тезроқ айланади. Уни тўхтатиш мумкин бўлмайди.

Ижтимоий энергия шундай, у ҳокимиятнинг легитимлигига сув қуйиши ҳам, легитимлигини пасайтириши ҳам мумкин.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда жумладан, конституцияда инсон манфаатларини ифодаловчи яна қандай нормалар акс этиши кераклиги, Ўзбекистон учун айни пайтда сув ва ҳаводек зарур бўлган сиёсий ислоҳотлар, шунингдек, қонун муҳокамалари жараёнида жамоатчиликнинг нофаоллиги масалалари муҳокама қилинади.

Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид