Ўзбекистон | 13:52 / 26.07.2022
4932
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди

Мазкур ҳужжат билан манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланмоқда.

Фото: Shutterstock

“Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Манфаатлар тўқнашуви деганда давлат ташкилоти ходимининг, унинг яқин қариндошларининг ва унга алоқадор шахсларнинг шахсий манфаатлари билан фуқароларнинг, ташкилотнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келган ва келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёхуд юзага келиши мумкин бўлган (тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви) вазият тушунилиши белгиланмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Кўплаб чекловлар қаторида қонун билан давлат ташкилоти ходимларига ўзи фаолият юритаётган давлат ташкилотида ўзининг, яқин қариндошлари ёки унга алоқадор шахсларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этиш тақиқланмоқда.

Қонун лойиҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича асосий принциплар, давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар ўз аксини топмоқда.

Мавзуга оид