Жаҳон | 09:27 / 28.07.2022
8423
4 дақиқада ўқилади

CNN: Оқ уй Виктор Бутни икки нафар америкаликка алмаштирмоқчи

АҚШ давлат котиби Блинкен Россия томонидан Украинада уруш бошланганидан бери биринчи марта РФ ТИВ раҳбари Лавров билан гаплашмоқчи.

Виктор Бут / Бритни Грайнер / Пол Уилан

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россияга АҚШда судланган РФ фуқароси Виктор Бутни Россияда сақланаётган икки америкалик - гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган баскетболчи Бритни Грайнер ва BorgWarner компаниясининг хавфсизлик бўйича директори, жосусликда айбланган Пол Уиланга алмаштириш таклифи билан мурожаат қилди. Бу маълумот 27 июль, чоршанба куни номи ошкор этилмаган манбаларга таяниб, CNN телеканали томонидан эълон қилинди.

CNN манбаларига кўра, Уилан ва Грайнерни Бутга алмаштириш масаласи 2022 йил бошидан бери Оқ уйда муҳокама қилинган. Жо Байденнинг ўзи бу режани қўллаб-қувватлагани сабабли, одатда маҳбуслар алмашинувига қарши бўлган АҚШ Адлия вазирлигининг эътирозлари йўққа чиқарилди. 

Давлат котиби Энтони Блинкеннинг 27 июлдаги баёнотига кўра, Оқ уй бир неча ҳафта олдин Москвага Уилан ва Грайнер бўйича «мазмунли таклиф»ни тақдим этган. Блинкен, шунингдек, яқин кунларда бўлиб ўтадиган телефон мулоқоти чоғида Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан бу масалани муҳокама қилиш ниятида эканини айтди. Бу Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери АҚШ ва РФ ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўртасидаги биринчи мулоқот бўлади. 

Пол Уиланнинг адвокатлари ўз мижозини Америка қамоқхонасида сақланаётган россиялик Виктор Бутга алмаштириш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Пол Уиланнинг укаси Дэвид Уилан журналистларга америкаликларнинг оиласи Россия билан алмашув юз беришига умид қилаётганини билдирди.

АҚШ маъмурияти Вашингтоннинг Бриттни Гринер ва Пол Уиланни озод қилиш бўйича Москвага юборилган таклиф тафсилотларини ошкор қилмади. «Аминманки, ҳаммангиз омма олдида музокара ўтказиш уларни уйга қайтаришга ёрдам бермаслигини яхши тушунасиз. Шунинг учун мен бу мавзуда чуқурлашишни хоҳламайман», деди чоршанба куни журналистларга АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби. «Таклиф билдирилди ва биз, албатта, Россия уни қабул қилади, деб умид қиламиз», — дея қўшимча қилди у. 

Москва кўп йиллар давомида америкаликлар ва АҚШ расмий вакилларини ўлдириш мақсадида тил бириктириш, ракета сотиб олиш ва сотишга уриниш ҳамда Колумбиянинг «Колумбия инқилобий қуролли кучлари» гуруҳи билан ҳамкорликда терроризмни қўллаб-қувватлашда айбдор деб топилган собиқ совет зобити Виктор Бутни экстрадиция қилишни талаб қилиб келади. Виктор Бут 2012 йилда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

АҚШ ҳукумати бу таклифни нега энди оммага ошкор қиляпти деган саволга, Кирби шундай деди: «Маълум бир таклиф борлиги, столда аниқ бир нарса борлиги муҳим контекстдир, бу бутун дунё Қўшма Штатлар ўз фуқароларини ватанига қайтариш масаласини қанчалик жиддий қабул қилишини билиши учун муҳим». 

РФ ТИВнинг чоршанба куни хабар беришича, Россия томони Блинкен ва Лавров ўртасида бўлажак телефон суҳбати бўйича АҚШдан ҳозирча ҳеч қандай сўров олмаган. 

Мавзуга оид