Ўзбекистон | 12:04 / 28.07.2022
12493
1 дақиқада ўқилади

“Ҳисор” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга ноёб қўнғир айиқ муҳрланди

Мазкур айиқ тури Ўзбекистон Қизил китобига йўқолиб бораётган тур мақоми билан киритилган.

Видеодан кадр

Давлат экология қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, қўмита тасарруфидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонаси Қизилсув бўлимида ўрнатилган видеоқопқонда Тян-Шан қўнғир айиғининг тасвирлари муҳрланган.

Тян-Шан қўнғир айиғи сут эмизувчилар синфига мансуб йиртқич ҳайвон бўлиб, Помир, Тян-Шан, Ҳимолай ва Ҳисор тоғларида яшайдиган айиқларнинг кенжа тури ҳисобланади.

Мазкур айиқ тури Ўзбекистон Қизил китобига йўқолиб бораётган тур мақоми билан киритилган. Тян-Шан айиғи “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг Ғелон, Мираки, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимлари ҳудудида учрайди.

Қайд этилишича, Тян-Шан айиғи Давлат экология қўмитаси томонидан доимий муҳофазага олинган.

Аввалроқ, “Ҳисор” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга ноёб қор қоплонлари, Туркистон силовсини ва ноёб қизил суғурлар муҳрланган эди.

Мавзуга оид