Жаҳон | 12:12 / 02.08.2022
4554
3 дақиқада ўқилади

Fiat Chrysler зарарли газлар кўрсаткичи билан боғлиқ ҳийла учун 300 млн доллар тўлайди

Детройтдаги суд Fiat Chrysler автомобиль ишлаб чиқарувчисини дизель ёнилғисидан чиқувчи зарарли газлар бўйича маълумотлар билан боғлиқ фирибгарликда айбдор деб топди. Аввалроқ концерн АҚШ Адлия вазирлиги билан келишувга эришган эди.

Фото: AP

Fiat Chrysler автомобиль ишлаб чиқарувчи концерни АҚШда автомобилдан чиқариладиган зарарли газлар тўғрисидаги маълумотни камайтириб кўрсатгани бўйича иш юзасидан тахминан 300 млн доллар тўлайди. 1 август, душанба куни Детройт федерал суди уни зарарли газлар кўрсаткичи бўйича фирибгарликда айбдор деб топди ҳамда уни товон пули тўлаш, шунингдек, уч йиллик синов муддатига ҳукм қилди, деб хабар берди АҚШ Адлия вазирлиги. 

Шу тариқа, суд Stellantis халқаро автомобиль гуруҳи тузилмасига кирувчи концерннинг АҚШ Адлия вазирлиги билан июнь ойида ўз айбига иқрор бўлгани ҳолда тузган келишувини маъқуллади. АҚШ расмийлари Fiat Chrysler’ни 100 мингдан ортиқ дизель двигателли автомобилларга зарарли газлар кўрсаткичини камайтириб кўрсатадиган дастурий таъминот ўрнатганликда айблаган. Гап Jeep Grand Cherokee ва Ram 2014, 2015, 2016 йилги моделлари ҳақида бормоқда. 

2017 йилда АҚШ Адлия вазирлиги бу иш бўйича расмий айблов эълон қилди. Ўз навбатида, концерн раҳбарияти айбини ва Volkswagen атрофида аввалроқ юзага келган можаро билан ўхшаш жиҳатларни рад этди. Бироқ, 2019 йилда Fiat Chrysler АҚШда фуқаролик даъволари бўйича юзлаб миллион доллар тўлашга мажбур бўлди.

Аввалроқ худди шундай жанжал Германия автомобилсозлик саноатида ҳам кузатилган эди. Volkswagen автомобиль ишлаб чиқарувчиси 2015 йил сентябрида АҚШ ҳукумати томонидан бошланган текширувлар натижасида дунёда сотилган бир неча миллион автомобилга двигателнинг экологик стандартлари синовларини манипуляция қилишга имкон берувчи дастурий таъминот ўрнатганини тан олишга мажбур бўлди. «Дизельгейт» техник сохталаштиришларни бартараф этиш учун VW маҳсулотларини АҚШ бозоридан оммавий равишда чақириб олишга сабаб бўлди. Концерн Қўшма Штатлар расмийлари билан можарони бартараф этиш доирасида кўп миллиард долларлик жарималар ва товон пули тўлаш бўйича келишувга эришди. 

Кейинчалик Volkswagen Германия ва Европанинг бошқа мамлакатлари, шунингдек, Австралияда товон пули тўлашга ҳукм қилинди. Бундан ташқари, бир қатор бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар, жумладан, BMW ва Opel ҳам дизель ёнилғисидан чиқувчи зарарли газлар тўғрисидаги маълумотларни манипуляция қилишда айбдор деб топилди. 

 

Мавзуга оид