Жаҳон | 14:56 / 03.08.2022
12431
3 дақиқада ўқилади

Пелоси Вашингтон Тайванни тинимсиз қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга мунозарали ташрифи чоғида парламентда нутқ сўзлади ва маҳаллий ҳукумат вакиллари билан учрашди. 

Фото: Central News Agency | Getty Images News | Getty Images

Тайванга ташрифи чоғида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси баҳсли орол расмийларига Вашингтоннинг тинимсиз қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди. 3 август, чоршанба куни Тайбэйда маҳаллий маъмурият раҳбари Цай Инвэнь билан учрашувда у АҚШ Тайванга нисбатан ўз мажбуриятларидан воз кечмаслигини «аниқ йўл билан айтиш» учун келганини билдирди.

Ташриф, шунингдек, америкаликлар Тайван билан «барқарор дўстликдан фахрланиши»нинг белгисидир, дея қўшимча қилди Пелоси, у АҚШ ҳокимият иерархиясида президент ва вице-президентдан кейин учинчи ўринда туради. Тайван парламентидаги нутқи давомида у Цай Инвэнга етакчилиги учун миннатдорчилик билдирди ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди. «Биз Тайванни дунёдаги энг эркин жамиятлардан бири эканлиги учун ҳурмат қиламиз», деди Вакиллар палатаси спикери. 

Ўз навбатида, Тайван маъмурияти раҳбари Хитой расмийларининг талаблари ва «ҳарбий таҳдидларнинг кучайиши»га бўйсунмаслигини таъкидлади. Тайван «демократия ҳимоя чизиғини» ушлаб туради, деди Цай Инвэнь. Тайван парламенти вице-президенти Цай Чичан билан учрашувда Пелоси оролга «дўстлик, минтақа учун тинчлик учун» келганини таъкидлади. 

Айни пайтда, Тайван 3 август куни Хитой расмийларини режалаштирилган ҳарбий машғулотлар вақтида Тайван ҳудудий сувларига қисман бостириб киришга уринаётганликда айблади. Тайван мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, бу «мантиқсиз ҳаракат» халқаро тартибни шубҳа остига қўяди. Агентлик, шунингдек, режалаштирилган манёврларни орол портлари ва шаҳарларига таҳдид деб атади ва тайёргарлик чоралари кучайтирилиши ҳамда «тегишли» жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.

Кеча Вакиллар палатаси спикери бўлган АҚШ ҲҲК самолёти Тайвандаги Тайбэй аэропортига қўнди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг Тайванга сўнгги 25 йил ичида биринчи ташрифидир. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, Конгресс Оқ уйдан мустақил, ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли тармоғи, шунинг учун сафар қилиш қарори «тўлиқ спикерга боғлиқ».

Тайванни ўз ҳудуди деб билувчи ХХР ҳукумати Пелосининг оролга ташрифига кескин қарши чиқди. Хитой раиси Си Цзиньпинь АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқоти чоғида АҚШни Вашингтоннинг Тайван бўйича позицияси юзасидан «ўт билан ўйнашмаслик» ҳақида огоҳлантирди. 

Бунга норозилик сифатида ХХР ТИВ АҚШнинг Пекиндаги элчиси Николас Бернсни чақиртирди. Бундан ташқари, Хитой орол билан савдо-сотиқни қисман тўхтатиб, Тайван бўғозида ҳарбий машғулотлар ўтказишини эълон қилди. Хитойнинг CGTN телеканали хабар беришича, ХХР қирувчи самолётлари Пелоси лайнери яқинлашиб келаётган вақтда Тайван бўғози орқали орол томон ўтган. 

Мавзуга оид