Тайван армияси ўз танкларни дронлардан ҳимоя қилишнинг янги усулини кўрсатди
Танкларнинг ғилдираклари, люк ва бошқа муҳим қисмларига махсус панжарали экранлар ўрнатилди. Уларни ўрнатиш анча осон, кўп харажат ҳам талаб қилмайди.
Тайван ороли қуролли кучлари танкларни дронларнинг эҳтимолий ҳужумларидан ва гранатомётлардан ҳимоя қилиш тизимларини такомиллаштириш устида бош қотирмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлиги дронларга қарши махсус ҳимоя тизимлари билан жиҳозланган М60А3 танкининг суратларини намойиш этди.
Миллий армия ҳарбий хизматчилари Тайнан шаҳрида жойлашган ўқув марказидаги инспекция пайтида мамлакат мудофаа вазири Гу Лицюнга модернизация қилинган танкни кўрсатган. Тайван ҳарбийларининг таъкидлашича, улар дунёда юз бераётган қуролли можароларни таҳлил қилиб, ҳозирги кунда танклар учун энг катта хавф камикадзе-дронларнинг ҳужуми эканини аниқлаган. Одатда бундай учувчисиз қурилмалар қўл гранатомётларига мўлжалланган гранаталар билан жиҳозланади.
Бироқ танк ва бошқа зирҳли машиналар учун махсус ҳимоя иншоотларидан фойдаланилса, дронлар хавфи камаяди. Бу иншоотларни техниканинг турли томонларига маҳкамлаш мумкин: улар экипаж люклари ёки гусеницалар каби энг муҳим қисмлар хавфсизлигини таъминлайди.
Дрон ҳужумларидан ҳимояланиш мақсадида Тайван ҳарбий кучлари М60А3 TTS танкига махсус панжарали ҳимоя экранларини ўрнатди. Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган суратда Америка жанговар машинасининг модернизация қилинган варианти кўрсатилган, унда занжирли ғилдиракларни қисман ҳимоялаш учун ён томонларга ҳамда миноранинг олд ва ён қисмларига тўрли экранлар ўрнатилганини кўриш мумкин.
Танк командири люкининг устида яна бир тузилма ўрнатилган. У люкни камикадзе-дронларнинг мақсадли ҳужумларидан ҳимоя қилиши керак. Чунки дронларни бошқарадиган операторлар душманнинг жанговар машиналарини “бошсиз қолдириш” мақсадида зарбаларни атайлаб танк командирларининг люкларига йўналтиради.
Шу билан бирга, Тайван ҳарбий идораси томонидан тақдим этилган суратдаги танкнинг ҳимоя конструксиялари анча содда кўринади. Уларни ўрнатиш осон ва кўп харажат талаб қилмаса-да, тузилмалар қанчалик самара бериши ҳақида ўқув полигонларида махсус синовлар ўтказилгандан кейингина хулоса қилиш мумкин.