Жаҳон | 12:55 / 21.12.2024
14320
2 дақиқада ўқилади

Татаристон бўйлаб дронлар ҳужуми кузатилди

21 декабр куни эрталаб Қозон бўйлаб Украинанинг камикадзе дронлари ҳужуми кузатилди. Татаристон расмийларига кўра, шаҳардаги кўп қаватли уйларга 6 та дрон келиб урилган. Шаҳaрдаги 37 қаватли энг йирик турар жой биносига 2 дрон урилган, натижада ёнғин келиб чиққан. Қозонда аэропорт ёпилди, шаҳар бўйлаб барча оммавий тадбирлар бекор қилинди.

21 декабр куни Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига Украинанинг камикадзе дронлари ҳужум қилди. Татаристон ҳукуматига кўра, жами 8 та дрон шаҳардаги объектларга келиб урилган. Уларнинг 6 таси турар жой биноларига, биттаси саноат корхонасига, яна биттаси дарёга тушган.

Маҳаллий нашрларга кўра, энг катта зарар Қозон марказидаги 37 қаватли турар жой биносига етган. Бинога 2 та дрон ярим соатлик фарқ билан урилган. Бинода ёнғин чиққан, махсус хизматлар ҳодиса жойига етиб келган, яшовчилар эвакуация қилинган.

Қозондаги яна бир кўп қаватли уй «Манҳеттен» турар жой биносининг том қисмига ва яна бир 4 қаватли бинога ҳам дрон келиб урилган. Уларнинг барчасида ёнғин келиб чиққан.

Украинадан Қозонгача масофа қарийб минг километрни ташкил қилади. Татаристон ҳудудига одатда камдан кам ҳолларда дрон етиб келади.

Дастлаб, Россия мудофаа вазирлиги Татаристон осмонидаги барча учувчисиз бошқариладиган қурилмалар уриб туширилганини айтмоқда. Кейинроқ Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлай бошлади.

Қозон аэропорти вақтинча ёпилди, шаҳар бўйлаб сиреналар янграй бошлади.

Татаристон раҳбари Рустам Минниханов «Лазурных небес» турар жой биносига етиб келган, расмийлар ҳужум натижасида вафот этган ва жароҳатланганлар йўқлигини айтмоқда.

Мамлакат фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳолидан осойишталикни таъминлашни, тревога сигналлари вақтида метро, биноларнинг 1-қаватига ёки подвалига тушишни сўраган.

Қозон шаҳрида келаси 2 кунда хавфсизлик нуқтайи назаридан барча оммавий тадбирлар бекор қилинди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият аҳолидан дрон кадрларини ижтимоий тармоқларда тарқатмасликни сўрамоқда.

Мавзуга оид