Жамият | 15:00 / 07.08.2022
31915
10 дақиқада ўқилади

“Бу ердаги энг экзотик талабалар – ўзбекистонликлар” — Стэнфорд магистранти ҳикояси

Асрор Арабжонов – Стэнфорд университетининг ҳуқуқ мактаби магистранти. У Kun.uz билан суҳбатда контракти йилига 100 минг доллардан ортиқ турадиган дунёнинг иккинчи рақамли университетидаги таълим, Америкадаги ҳаёт ва ўтган йили “Эл-юрт умиди” фонди атрофидаги можаролар ортидан фонднинг 50 минг долларлик стипендиясидан воз кечгани ҳақида гапириб берди.

Асрор 2014 йилда Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетини тамомлаб, бир неча йил давомида White&Case ҳуқуқ фирмаси ва турли лойиҳаларда тажриба орттирган. 2021 йилда Стэнфорд университетига ўқишга жўнаб кетган.

Маълумот учун, Стэнфорд университети дунё олийгоҳларининг 2022 йилги ARWU рейтингида иккинчи, QS рейтингида учинчи, THE рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди (бу учаласи – дунёдаги энг нуфузли рейтинглар).

“Инглиз тилини минг зўр билганингиз билан таълим тили бошқа тилда бўлиши жуда қийин”

— Стэнфордга келишдан олдин ҳам, ҳозир ҳам кутган нарсаларимиз катта бўлган, лекин таассуротлар кутганимиздан ҳам анча юқори. Саёҳатнинг ўзи айтиб ўтарли нарса, чунки Ўзбекистондан Стэнфордга келиш учун тўғри учоқ йўқ. Ота-она ва дўстлардан узоқлик ҳам бир муаммо. Бундан ташқари, мен магистратурага университетни битирибоқ келмаганим, тажрибага эга бўлганим ва Тошкентда узоқ йиллар дўст ва танишлар орттирганим учун талабалик ҳаётига яна мослашиш қийин кечди. 2014 йилда ўқишни битирган бўлсам, охирги имтиҳонда қайтиб ўзимни бунақа стресс ҳолатига олиб келмайман, деб қаламимни синдириб чиқиб кетганман. 7 йил ўтиб магистр бўлдим, жуда қийин кечди.

Ишдан кейин яна талабалик даврига қайтиш, маърузаларни эшитиб, яна бошқа тилда ўқиш қийин бўлди. Минг тил ўрганганман, IELTS ўқиганман деганим билан, таълим тили бошқа тилда бўлиши умуман бошқа масала. Инглиз тили она тили бўлган ва таълимни шу тилда олган курсдошларимиз билан бизнинг маълумотни олиб уни ҳазм қилишимиз тезлигида катта фарқ бор.

Асрор Арабжонов 

“Бутун ўқиш давомида гўё “фирибгарлик” ҳисси тарк этмади”

— Ўқишга келганимдан бери импостор синдроми мени тарк этмади, бу сиз ўзингизни “бу ерда мен фирибгарман, менинг жойим бу ер эмас” деб ҳис қилишингизга сабаб бўлади.

Биз пандемия даврида ўқишга кирганмиз, шундан бери барча курсдошларимиз билан умумий гуруҳларда гаплашиб турдик. Шундай курсдошларим бор эдики, Кореяда судья, Австрияда судья ёки юридик фирмада 15 йиллик тажрибаси бор, прокурор ёки Ҳиндистон Марказий банкининг бош юристи ўринбосари – шундай одамларни кўриб ўзимни тайёрлаган эдимки, “Асрор, бу сенинг жойинг эмас, сен анча пастроқдасан”, деган импостор синдроми тарк этиши қийин бўлди.

Энг қизиғи, мен ёки бошқалар зўр деб билган Кореядаги судья ҳам ўзини худди шундай ҳис қилиб юрган экан. Америкадаги курсдошларимиз анча зўр билади деб юрсак, уларда ҳам шундай ҳис бўлган экан. Чунки бир тарафдан университетнинг босими бор, иккинчи тарафдан топширганларнинг жуда кам фоизи ўқишга қабул қилинган.

Бу бир тарафдан яхши: сен атрофингдагиларнинг ўрта арифметик қийматисан дейишади-ку, кучлиларга қараб янада кучли бўлиш мумкин.

“Стэнфордда профессорларнинг офис вақтлари бор – бу қизиқ тажриба”

— Бу ерда профессорнинг офис вақти бор, бизда олдин яхши тажриба бўлмаган деб биламан. Бунда ҳар хил фанлардан дарсга кирадиган профессорлар ўз хонасида ўтириш вақтларини эълон қилади. Бу муддатда талабалар профессорнинг ёнига келиб, ўзини таништиради, саволларига жавоб олади, қонунда ёзилган қайсидир нозик масалани тушунтириб беришни сўрайди.

Яна бир қизиқ нарса, бу ердаги профессорларнинг ишига бўлган муносабати. Улар ўз устида ишлашдан чарчамайди. Улардан олган мотивациям – дарс бериш жуда муҳимлигини тушунганим бўлди. Билимингни оширмоқчи бўлсанг, ўз устингда ишла ва ўқиганларингни бошқаларга ўргат.

“АҚШ олий судьялари рок юлдузларидан ҳам машҳурроқ ва улар Стэнфордда дарс беради”

— Стэнфордда дарс бериш кўпчиликнинг асосий иши эмас. Ҳатто Калифорния олий суди судьяси ҳам дарс беради, у АҚШ Конституциясига киритилган 14-ўзгартириш фанидан дарс ўтади. 14-ўзгартириш билан қулчилик бекор қилингандан кейин нима бўлган, ундан қолган асоратларни бартараф этиш билан боғлиқ барча кейслар бизга шу курсни ўтадиган одам – Калифорния олий суди судьясига келади.

Бизда (Ўзбекистонда) Олий суд судьялари қанчалик кўринмайди, биз танимаймиз, лекин АҚШда олий суд судьялари энг машҳур рок юлдузидан ҳам машҳурроқ, уларнинг сони жуда кам, биздан фарқли ўлароқ, улар одамларнинг ҳаётига тўғридан тўғри таъсир қиладиган қарорлар қабул қилишади.

“Стэнфордга тажриба муҳим, баҳолар эмас”

— Стэнфорд асосан инжиниринг ва айти соҳаси билан машҳур. Университетда тадбиркорлик шарпаси кезиб юради. Бу ерда барча қандайдир янгилик қилиш керак, нимадир яратишимиз керак, деган хаёл билан юришади. Стэнфорднинг энг катта фарқли жиҳати у тажрибага кўпроқ урғу беради. Профилингизни таҳлил қилаётганда, баҳолар пастроқ бўлса ҳам, бўлакча тажрибага эга бўлсангиз, қабул қилиш жараёнида сизга кўпроқ имконият беради.

“Ўзбекистонликлар – энг камёб талабалар”

— Стэнфордда ким энг экзотик талаба дейдиган бўлсангиз, ўзбекистонликлар бу ерда энг кам топиладиган талабалар деган бўлардим. Адашмаcам, кампусда бу йил фақат мен Ўзбекистондан. Яна бир ватандошимиз яқинда ўқишни битириб кетди, лекин қандайдир дискриминация ёки қанақадир муаммо бўладиган бўлса, аввало, мен учрашим керак. Лекин масалан шу вақтгача бундай бўлмади. Яъни “экзотик” бўлганингиз учун ҳамма сиз билан кўпроқ суҳбатлашишга қизиқади.

Агар сиз бу ерга келганингизда вақтдан унумли фойдаланаман десангиз, ҳеч нарсага вақтингиз бўлмайди. Стэнфорднинг ўзида иш жуда кўп, лекин ўқиш даврини ўтказиб юбормаслик керак. Ҳуқуқ бўйича LLM дастури бир йиллик, кунингизнинг ярмини ишлашга сарфлайдиган бўлсангиз, бу ерда ҳеч нарса ололмайсиз. Феврал ойида биринчи марта ота бўлдим, шунинг югур-югурлари билан ишлашга вақт бўлмади.

Ўзбеклар ва ўрта осиёликлар билан муносабатлар ҳақида

— Калифорниянинг ўзида жуда кам ўзбеклар яшайди. Борлари ҳам айти ёки консалтинг соҳасида ишлайди. Жуда кўп ўзбеклар билан кўриша олдик, айтичи ўзбеклар билан умумий гуруҳлар бор – дам олиш кунлари ҳайкингларга чиқиб турамиз, бирга сайр қиламиз. Калифорния жуда қизиқ, ҳар бир нуқтаси ажойиб. Бир тийин сарфламасдан ўрмонларини, пляжларини айланиб чиқсангиз бир йил вақтингиз етмайди.

Стэнфордга келганимдан кейин менга энг фойдали бўлган доиралардан биттаси – ўрта осиёликлар гуруҳи бўлди. Ўзбеклар кам бўлгани билан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган жуда кўп Стэнфорд битирувчилари бор. Улар ўқишни битириб, шу ерда қолиб кетган. Бундан ташқари, турли компанияларда ишлаётган ўрта осиёликлар ҳам бор. Уларнинг аксарияти билан танишдик ва тез-тез кўришиб турамиз.

“Эл-юрт умиди”нинг 50 минг долларлик стипендиясидан воз кечгани ҳақида

— Сиз билан охирги интервюмизда ҳам айтгандим: асосий мақсадим ўзимга шартномага мажбурлаб пул тўлатиш эмас, қийин шароитга тушиб қолган стипендиатларга ёрдам бериш эди. Муаммо ижобий ҳал бўлди, деярли барча талабаларнинг контрактлари тўлаб берилди.

Ўша суҳбатдан кейин фонд раҳбарияти билан гаплашдик, шартнома суммаси қиммат дейишди ва шартноманинг ярмини тўлаб беришга рози бўлишди. Бир йиллик контракт миқдори 106 минг доллар бўлса, улар 50-55 минг долларни тўлаши керак эди. Шунда қолганини ўзимнинг ёнимдан тўлашимга тўғри келарди. Бироқ ўйлаб кўриб, шартнома тузмаганим яхши деган қарорга келдим. Чунки “Эл-юрт умиди” фонди билан шартноманинг асосий мажбурияти – қайтиб келганингиздан кейин давлат ташкилотида ишлаб бериш. Давлат ташкилотларида ойлик қанақалигини биласиз. Фонд билан суҳбат жараёнида ўша сумма тўлиқ тўланганда, шартнома шартларини бажариб давлат ташкилотига ишга кирадиган бўлсам, ойлик миқдори менга тўлаб бериладиган контракт миқдорига тўғри келиши мумкин эди. Лекин катта қисмини ёнимдан тўлаб, яна паст ойликка қайтиб келиш қандайдир иррационал кўринди.

Шартномага қўл қўймасликка қарор қилдим. Кейин барчасини ўзим тўладим, келганимдан кейин турли грантлар олдим. Айнан Стэнфорд бизнинг соҳага грант бермайди, лекин айрим ҳуқуқ мактабларидан грант олдим. Бунда танишлар ёрдам берди, қандай имкониятлар борлигини тушунтирди.

Ўзбекистонга қайтиш

— “Эл-юрт умиди” билан шартнома тузмаганим Ўзбекистонга қайтмаслигимни англатмайди. Давлат иши билан хусусий секторнинг фарқи жуда катта ва мен ўқишга киргунимча хусусий секторда ишлаганман. Ўзбекистонда тўплаган пулларимиз эвазига шу ерда ўқидик, мен хусусий соҳада ишлаб яхши маош олганман. Давлат ишига ўтишнинг транзакцион-эмоционал харажатларини билмаганим учун бу рискни олмасликка қарор қилдим.

Қисқа муддатлик режаларим – бир йиллик визамдан фойдаланиб, тажриба орттириш. АҚШ ўқишни битирган талабаларга визани янгиламасдан бир йил тажриба орттириш учун виза имкониятини беради, бунда бир йил АҚШда ишлаш ҳуқуқига эга бўласиз. Шундан фойдаланиш ниятим бор.

Кремний водийсида қолиб, бирор айти компаниясининг юридик бўлимида тажриба олиб қайтишни мақсад қилганман. Бўш вақтим бўлганда ҳаммага маслаҳат беришга тайёрман. Мақсадим – ўзбек талабаси Стэнфордда экзотик бўлмасин.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид