Спорт | 17:47 / 20.08.2022
18292
16 дақиқада ўқилади

Туркия футболи қуёши ботмоқда: Телевизион шартнома арзонлашди, топ-клублар қарзларга ботиб кетди

Туркиянинг «Галатасарой» клуби 2000 йилда УЕФА Кубогини қўлга киритиб, катта шов-шув келтириб чиқарди. Туркия миллий жамоаси эса 2002 йилги жаҳон чемпионатида учинчи бўлди, бироқ, шундан бери «мундиал»га бирор марта чиқолмади. Турк клублари эса 5 йилдан бери Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан ўтолмаяпти. Турк футболи ҳозирги кунда тубанликка кетмоқда. Инқирознинг ўзбек футболига ўхшаш жиҳатлари ҳам бор.

Фото: Ali Balıkçı / AA

Турк футболи юз тутган инқироз ҳақида бир неча фактлар келтирган ҳолда тасаввурга эга бўлиш мумкин:

• Туркия УЕФА рейтингида 20-ўринга тушиб қолди, ваҳоланки, 4 йил аввал кучли 10 таликка даъвогар эди.

• Туркия клублари 2017 йилдан бери Чемпионлар Лигаси гуруҳидан чиқа олмаяпти ва 3 йилдан бери сўнгги ўриндан юқорига кўтарила олмаяпти. 15 йилдан бери гуруҳ босқичида фақат битта клуб билан иштирок этмоқда. Туркия турнирда иккита ўринга мунтазам эгалик қилаётган бўлса-да, улардан бири саралашдан ўтолмаяпти.

• Европа Лигасида сўнгги 8 йилдаги энг яхши натижа – «Бешиктош»нинг 2017 йилда чоракфиналга чиқиши.

• Туркияни Евро-2020 нинг энг ёмон жамоаси деб аташ мумкин. Ноль очко, атиги битта гол ва умуман тушунарсиз ўйин.

Жиддий муаммолар борлиги аниқ. Энди уларга батафсил тўхталамиз.

Эрдўған футболни севади, шунинг учун жараёнларга шахсан таъсир қилади. Ёшлигида у «Фенербаҳче»да ўйнаши мумкин эди

Туркия – футбол мамлакати, уни деярли ҳамма яхши кўради, шу жумладан президент ҳам.

Ражаб Тоййиб Эрдўған шунчаки оддий ишқибоз эмас – 27 ёшига қадар яримпрофессионал даражада футбол ўйнаган ва турк футболи гигантларидан бири «Фенербаҳче» назарига тушган.

«Футболчилик фаолиятим 15 ёшимда бошланган. Мен Истанбул чеккасида катта бўлганман ва биз кун бўйи кўчада қўлбола тўпни тепардик, деди Эрдўған NTVSpor телеканалига берган интервюда. - Кейин мени «Эрокспор» ҳаваскорлар клубига таклиф этишди. Сўнгра «Комиалти»га ўтдим. У ердан Истанбулнинг етакчи ҳаваскор клубларидан бири «IETT Spor»га олишди. У ерда 7 мавсум ўйнаб, сардорлик қилдим ва 5 та совринни қўлга киритдим».

«IETT Spor» - Истанбул шаҳри трамвай ва туннел бошқармасининг жамоаси. Ёш Эрдўған бу ерда бешинчи рақамда, яримҳимояда ўйнаган ва мухлислар орасида «Тоййиб Беккенбауэр» лақаби билан машҳур бўлган.

Президент биографи Султон Фотиҳ Кор сўзларига кўра, «Фенербаҳче» бош мураббийи Томислав Калоперович шахсан Эрдўған ўйинини кўриш учун келган ва унга профессионал шартнома имзолашни таклиф қилган.

Эрдўғаннинг ҳаёти бутунлай бошқача кечиши мумкин эди, аммо отаси, соҳил қўриқчилари офицери бунга мутлақо қарши бўлган. «У ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши ва пул топиши керак», - деб президент отаси сўзларини келтирмоқда биограф. «Тўп тепиш ҳам ишми?».

– Бугун ёшлар бир вақтнинг ўзида спорт билан шуғулланиши ва билим олиши мумкин. Ёшлигимда бунинг иложи йўқ эди. Шу туфайли таълимни танладим, деб тушунтиради Эрдўған.

Эрдўған президент бўлганидан кейин ҳам футболга бўлган қизиқишини сақлаб қолди. Шу сабабли, Туркияда футбол келажаги билан боғлиқ қарорлар энг олий сиёсий даражада қабул қилинади.

Туркия Суперлигаси телевидение пулларини йўқотмоқда, УЕФА рейтингида пастга шўнғияпти

Кўп йиллар давомида Туркия футболи муваффақиятининг калити кучли чемпионат эди. 10 йил олдин УЕФА коэффициентлари жадвалида Туркия ишончли тарзда кучли ўнталикдан жой олган – тахминан Россия, Нидерландия ва Португалия билан бир хил даражада.

Бугунги кунда Туркия 20-ўринга тушиб қолди. Агар ҳозирги динамика сақланиб қолса, ундан ҳам пастга тушиши, бир-икки йил ичида уни Кипр, Исроил ва Швеция ортда қолдириши мумкин.

Қулашнинг сабаби нима? Ҳаммаси жуда оддий – Лига қашшоқлашиб бормоқда, агар давлат томонидан қўллаб-қувватланмаганида етакчи клублар аллақачон банкрот бўларди. Лекин ёрдамнинг ҳам чегараси бор – Туркия кенг кўламли иқтисодий инқирозни бошидан кечирмоқда, бунда давлатнинг футбол клубларини инқироздан қутқариш имконияти тобора камайиб боряпти.

Туркия Суперлигаси жуда фойдали телевизион шартномалар туфайли кун кўраётган эди. Туркларнинг футболга бўлган меҳри трансляцияларни энг юқори рейтингда ушлаб турганди, бу эса хорижий телерадиокомпанияларни ўзига жалб қилди.

2016 йилда трансляция ҳуқуқини Digiturk сотиб олди (Қатарнинг BeIN Sports компанияси бўлими). Шартномага кўра, қатарликлар Туркия Суперлигасига йилига 500 миллион доллар тўлашди – жуда катта маблағ.

Шу билан бирга Суперлигага пулнинг ярми долларда, ярми турк лирасида тушар эди. 2019/20 мавсумидаги ковид танаффуси ва бўш стадионларда ўтказилган ўйинлар туфайли шартнома 340 миллионга қисқартирилди. Ўтган мавсумда Суперлига 410 миллион доллар олди, аммо барча тўловлар турк лирасида амалга оширилди. У эса инқироз туфайли қадрсизланишда давом этмоқда.

2022 йилда медиашартнома муддати тугади, аммо янгисини имзолаш чўзилиб кетди. Бунинг сабаби – BeIN Sports ва «Фенербаҳче» ўртасида юзага келган зиддият эди. Истанбул гранди телерадиокомпанияни фитнада айблади, гўёки уларнинг ўйинларида шарҳловчилар бошқа клубларни қўллаб-қувватлаган. Трансляция пайтида эса «Фенер» мухлисларини ҳақоратловчи қўшиқлар эшитилиб турган. Клуб манфаатига оид баҳсли ҳолатларнинг такрорий видеолавҳалари берилмаган.

Оқибатда «Фенербаҳче» футболчилари ва мураббийлари BeIN Sports компаниясига бойкот эълон қилишди, танаффус вақтида ва ўйиндан кейин интервю беришдан бош тортишди.

Март ойидаги биринчи тендерда BeIN Sports шартнома учун йилига 150 миллион доллар таклиф қилди – бу аввалгисидан уч баравар кам эди. Туркия федерацияси бу таклифни рад этди, асабий савдолар бошланди.

Ниҳоят янги шартнома июль ойида имзоланди, унинг қиймати мавсумига 370 миллион доллар атрофида бўлди. Муддати аввалгисидан уч баробар қисқа – фақат икки мавсумга мўлжалланган эди. Аммо бундан ҳам баттарроқ бўлиши мумкин эди.

Турк футболида бюджетдан пул оладиган клублар, сиёсий лойиҳалар ва даромадига яраша харажат қилмайдиган клублар бор

Туркиянинг кўплаб маҳаллий клублари бюджет пулларига кун кечиради - Sozcu газетаси уларнинг сони 21 эканини ҳисоблаб чиққан.

Туркияда бундан норозилар бор. Нуфузли футбол мулозимларидан бири, «Фенербаҳче» клубининг собиқ президенти Азиз Йилдирим давлат фақат ҳаваскорлар футболига ҳомийлик қилиши мумкинлигини, акс ҳолда қонунбузарлик содир бўлишини айтди.

Бироқ, муаммо ҳеч қандай тарзда ҳал этилмади, чунки давлат субсидияларисиз клублар йўқолиб кетади. Расмийлар хусусий секторда инвесторларни топишга ваъда беришади, лекин улар ҳеч қачон топилмайди.

Хусусий инвесторларга эга клубларда ҳам вазият яхши эмас. Турк мухлислари луғатида «сиёсий лойиҳа» сўзи бор ёки йўқлиги номаълум. Лекин муваффақияти энг юқори даражада олдиндан белгилаб қўйилган клублар Суперлигада бор.

Асосий сиёсий лойиҳа, албатта, 2019/20 мавсуми чемпиони – «Истанбул Бошоқшеҳир». Дастлаб Истанбул шаҳри мэриясига тегишли камтарона клуб «Истанбул Буюкшеҳир Беледиеспор» номи билан қуйи лигаларда ўйнаган. Аммо 2013 йилдаги ҳукуматга қарши намойишларда Истанбулнинг энг йирик клублари мухлислари иштирок этганидан сўнг, ҳукумат футболни тартибга солишга қарор қилди. Улар клубни Истанбулнинг ғарбий чеккасидаги Бошоқшеҳир туманига кўчиришди – биринчидан, бу ерда Суперлигада иштирок этадиган клуб йўқ эди, иккинчидан, бу ҳудуд аҳолиси ҳар бир сайловда Эрдўғаннинг партиясига фаолроқ овоз берди.

Клуб Гўксел Гумушдоғ бошчилигидаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясига яқин сармоядорлар гуруҳи томонидан хусусийлаштирилди. У Эрдўғаннинг яқин қариндошларидан бири эди. Клуб номи ўзгартирилди, янги стадион қурилди. Унинг очилишида шахсан президентнинг ўзи иштирок этди. Юқори мартабали амалдорлар ва профессионал футболчилар иштирок этган ўртоқлик ўйинида Эрдўған ҳет-трик қайд этди.

Президентнинг севимли клуби ранглари кўк ва жигаррангга ўзгартирилди, унинг партияси ҳам шундай рангларга эга.

Турк футболининг яна бир сиёсий лойиҳаси – Истанбулнинг «Қосимпошо» клубидир. Камтарона жамоа 2012 йилда, Эрдўғаннинг машҳурлиги ортиши ортидан Суперлигага йўл олди. Гап шундаки, Туркиянинг ҳозирги президенти шу ҳудудда улғайган. Унинг болалигида тўп тепиб, катта бўлган жойида янги стадион қурилди.

Топ-клублар мухлислардан трансферлар учун пул сўрашяпти

Туркиянинг энг йирик клублари – «Бешиктош», «Галатасарой» ва «Фенербаҳче» бадавлат корпорацияларга эмас, балки юз минглаб мухлисларга тегишли. Айнан улар молиявий ва спорт бошқаруви билан шуғулланадиган менежерларни ёллашади. Турли ижтимоий сўровларга кўра, Туркиядаги мухлисларнинг 80 фоизи ўзини «катта учлик» клубларидан бирининг фанати деб билади.

Бироқ, амалиёт бундай форматда «яширин бомба» борлиги кўрсатди ва бу турк футболининг долзарб муаммоларидан бирига айланди.

Туркия қонунларига кўра, «халқ клублари» давлат томонидан иқтисодий жиҳатдан деярли назорат қилинмайди, чунки улар жамоат ташкилотлари сифатида расмийлаштирилган. Молиявий бошқарувга мухлислар вакиллари томонидан сайланган президент жавоб беради. Қоидага кўра, улар йирик турк бизнеси вакиллари бўлиб, «Катта учлик» клубидан бирига раҳбарлик қилиши элита оламидаги «керакли эшикларни» очади.

Туркиянинг топ-клубларида президентлик муддати 2-3 йилдан ошмайди. Анъанага кўра, номзодлар сайловчилар қалбини забт этиш учун юлдузларни олиб келишни ваъда қиладилар ва фахрий футболчилар билан шартнома имзолаш учун маблағ аямайдилар.

Ўтган йигирма йил ичида Туркияда қайси футболчилар тўп тепди? Уэсли Снейдер, Дидье Дрогба, Лукас Подольский, Радамель Фалькао («Галатасарой»); Роберто Карлос, Николя Анелька, Робин ван Перси («Фенербаҳче»), Гути, Пепе, Куарежма, Марио Гомес («Бешиктош»), рўйхатни давом эттириш мумкин.

Легионерларга ақлбовар қилмас даражада катта маблағ берилади. Масалан, турк матбуотининг ёзишича Дрогба ва Снейдер йилига 7,5 миллион доллар олган.

Клублар фаолияти устидан молиявий назоратнинг йўқлиги коррупция ҳақида гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Мухлислар орасида футбол мулозимлари йирик трансферлар ва қиммат футболчиларнинг рекорд даражадаги маошидан улуш олиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалган.

Аммо асосий муаммо шундаки, йиллар давомида клублар кредит ҳисобига «базм» қилишган.

2016 йилда Туркияда иқтисодий инқироз бошланди ва бугунги кунгача давом этмоқда. 20 йил ичида Суперлига клубларининг қарзи 60 миллион доллардан 2,3 миллиард долларга ошган. Шундан 1,7 миллиарддан ортиқ қарз катта учлик клубларига тўғри келади. 2021 йил бошида «Фенербаҳче»нинг қарзи 714 миллион долларни, «Галатасарой»ники 494 миллион долларни, «Бешиктош»ники 536 миллион долларни ташкил қилган.

Футбол клубларининг қарзи Туркияда бутун бошли полиция кучларини сақлаш учун зарур бўлган йиллик харажатлардан кўпроқ ва Измирдаги вайронкор зилзила оқибатларини бартараф этиш харажатларидан эса тўрт баробар кўп.

Лира қиймати тушиб кетиши оқибатида қарзларни қайтаришнинг иложи йўқ. Чунки клублар асосий даромадни қадрсизланаётган миллий валютада олишади ва футболчилар маошига қиймати ошиб бораётган доллар ёки еврода сарфлашади.

Пул етишмаслиги шароитида кулгили ҳолат юзага келмоқда – деярли барча клублар мухлислардан трансфер учун маблағ сўрашади. Масалан, ўтган мавсумда «Фенербаҳче» мухлислари Ўзилнинг трансферига пул йиғишган эди.

Ҳар қандай Европа лигасида бундай қарзи бўлган клуб банкрот деб топилиб, қуйи дивизионга тушириб юбориларди. Аммо Туркияда бу хавфли – миллионлаб маҳаллий мухлисларнинг норозилиги тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Муаммони ҳал қилиш учун Туркия футбол федерацияси (ТФФ) Туркия банкирлар уюшмасидан 2 миллиард доллар кредит олиш бўйича келишувга эришди. Амалда бу кредитни сўндириш учун янги кредит олинишини англатар эди. Футболни қутқариш режаси мухолифат томонидан танқид қилинди ва улар спортга эмас, қийналган фермерларга ёрдам талаб қилишди.

Бундан ташқари, яна бир чора ишлаб чиқилди. ТФФ молиявий фэйр-плейга ўхшаш чекловни жорий қилди: ўтган мавсумларнинг трансфер балансидан келиб чиққан ҳолда клубларнинг трансфер харажатлари чегараси ўрнатилди. Масалан, 2020/21 мавсумининг биринчи ярми учун «Галатасарой»га 43 миллион, «Бешиктош»га 29 миллион, «Фенербаҳче»га эса атиги 15 миллион евро квота «ажратилди».

«Фенербаҳче» буни ҳам яна бир фитна сифатида кўрди. Аммо якунда клуб бир қатор янги футболчилар билан шартнома имзолади ва қандайдир тарзда квота чегарасидан чиқмади. Қандай қилиб бунга эришганини ҳеч ким аниқ тушунтира олмайди.

Туркиянинг келажаги - Суперлигага алоқаси йўқ футболчилар

Турк футболидаги инқирознинг бошқа томони – хорижлик футболчилар сонига қўйилган чеклов. 2022/23 мавсумида рўйхатга 12 нафар хорижлик футболчини киритиш мумкин, улардан фақат 7 нафари бир вақтнинг ўзида майдонга тушишга ҳақли.

Президент Эрдўған лимитни изоҳлар экан, туркиялик ёш футболчилар маҳоратли хорижликлар билан бирга ўйнаб, катта тажриба орттириши мумкинлигини айтган.

Амалда эса бошқачароқ эди: асосий таркибга кўпинча хорижлик легионерлар киритилар, маҳаллий ёшлар эса захира ўриндиғида ўтиришарди. Асосий таркибда тушадиганлари эса катта маош сўрай бошладилар.

2017 йилда терма жамоа бош мураббийи Мирча Луческу ушбу муаммога эътибор қаратди. У клубларда захира ўриндиғида ўтирган футболчилар билан таркибни ёшартира олмаслигини айтди. Орадан беш йил ўтса-да, вазият ҳамон ўзгармади.

«Суперлига Туркия терма жамоасига ўйинчилар тайёрламайди», - деди журналист Алп Чолак. - Европа чемпионатида иштирок этган футболчиларнинг атиги икки нафари Суперлигада 75 фоиздан ортиқ кўпроқ вақт ўйнаган - дарвозабон Чақир (95 фоиз) ва Ўзон Тўфон (75 фоиз)».

Туркия иқтисодиёти ва футболидаги инқироз вазиятни бироз ўзгартирди. Қимматбаҳо легионерлар мамлакатдан чиқиб кета бошлади. Масалан, 2020 йилда Макс Крузе ва Лорис Кариус маошлар кечиктирилаётгани баҳонасида мос равишда «Фенербаҳче» ва «Бешиктош» билан шартномани бекор қилишди. «Бешиктош»нинг 35 ёшли сардори, бутун фаолиятини ватанида ўтказган Бурак Йилмаз «Лилль»га ўтди. У ўтган мавсумда Туркияда «деярли маош олмаганини» айтди.

Туркия Суперлигаси клублари трансферларини 15 йил олдингиси билан таққослаб бўлмайди. Жорий мавсумда амалга оширилган энг катта трансферларга Лукас Торейра («Арсенал»дан «Галатасарой»га 6 миллион еврога) ва Жедсон Фернандеш («Бенфика»дан «Бешиктош»га 6 миллион еврога) трансферини киритиш мумкин.

Сўнгги мавсумларда бир футболчи учун 2-3 миллион евродан ортиқ маблағни фақат «катта учлик» клублари ва «Трабзонспор» сарфлай олган холос. Кучли тўртликдан ташқари энг катта харидни «Истанбул Бошоқшеҳир» амалга оширди – Лео Дуарте учун «Милан»га 2 миллион евро тўлади.

Бу жараёнларнинг натижаси ўлароқ, Туркия миллий жамоаси таркибида ё мамлакатни ёшлигида тарк этган (Женгиз Ундер, Ўзон Қобоқ, Демирал) ёки умуман Туркияда ўйнамаган футболчилар – асосан Германиядан келган турк эмигрантлари авлодлари кўпайиб бормоқда. (Ҳоқон Чалҳонўғли, Мерт Мулдур, Каан Ойхон). Ва улар ҳеч қачон ўз ватанига қайтмаса керак. 

Мавзуга оид