Ўзбекистон | 12:30 / 26.08.2022
31841
2 дақиқада ўқилади

Мурат Камалов Жўқорғи Кенгес раислигидан кетди

Мурат Камалов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимидан озод этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камаловнинг бетоблиги сабабли ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилиб, унинг ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг кириш сўзидан сўнг Оқсоқоллар кенгаши қарорига мувофиқ Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тавсия этилган Аманбай Тлеубаевич Оринбаевнинг номзодини кўриб чиқишга ўтилди.

Аманбай Оринбаев / Президент матбуот хизмати

Аманбай Оринбаевнинг номзодини кўриб чиқишдан аввал президент номзоднинг ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари ва таклифларини тинглашни таклиф этди.

Номзод Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш, аграр соҳани ривожлантириш, саноат лойиҳаларини кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги мавжуд муаммоларни ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифларини баён этди. Президентдан бу режаларни тўлиқ амалга ошириш учун зарур бўлган ресурслар ажратилишида кўмак сўради.

  • Эслатиб ўтамиз, Мурат Камалов 2020 йил кузида Муса Ерниязов ўрнига Қорақалпоғистон раҳбари бўлганди. Бугунги сессияда президент Қорақалпоғистон раҳбариятини июн ойи бошидаги воқеалар учун кескин танқид қилди.
  • Маълумот учун, Аманбай Оринбаев муқаддам ИИБ тизимида турли лавозимларда ишлаган, 2022 йил мартидан июлига қадар Қорақалпоғистон ички ишлар вазири бўлган, ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Мавзуга оид