Ўзбекистон | 21:57 / 27.08.2022
31436
3 дақиқада ўқилади

Абдувоҳидовнинг ишдан олиниши тизимли ислоҳот давомими ё шахсларга қаратилган ўзгариш? — сиёсатшунослар билан суҳбат

25 август куни президентнинг ижтимоий соҳалар бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ишдан олинган бўлса, эртасига Қорақалпоғистон раҳбари Мурат Камалов истеъфога чиқарилди. Kun.uz мухбири бу кадр ўзгаришларида эътибор қаратиш керак бўлган нуқталар, пайдо бўлаётган саволларни сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқ иштирокида муҳокама қилди.

— Президентнинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ишдан олинишига нималар сабаб бўлди, деб ҳисоблайсиз?

Камолиддин Раббимов: — Президентнинг ижтимоий соҳалар бўйича маслаҳатчиси масъул бўлган сектор бутун дунёда ҳам оғир сектор ҳисобланади. Иккинчидан, бу соҳада Ўзбекистонда муаммолар жуда кўп. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимидаги вазият оғир.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояси кўрсаткичи жуда паст. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳатто Конституция орқали ўзига ижтимоий давлат масъулиятини олмоқчи. Бу қандай амалга ошишини эса кўрамиз.

Камолиддин Раббимов

Нима бўлганда ҳам бу амалга ошиши керак, чунки бир неча йил ўтиб Ўзбекистонда камбағаллар ва қашшоқлар синфи кескин кенгайган ҳолатга келиб қолиши ва бу ҳолатдан чиқиш масаласи ҳукумат учун оғирлашиб кетиши мумкин. Ҳозир бу муаммонинг олдини олиш мумкин.

Қолаверса, таълим соҳасида ҳам муаммолар етарлича. Ўзбекистондаги таълим сифати қандай эканини ҳамма билади.

Фикримча, бу ерда иккита масала Абдувоҳидовнинг ишдан олинишига сабаб бўлди. Биринчидан, бу бутун дунёда анъанавий, оғир сектор экани, иккинчидан, Ўзбекистонда бу йўналишдаги новаторлик, ўзгаришлар, ижтимоий фикр кутилган даражада эмаслиги.

— Ҳамид ака, Абдувоҳидовнинг ишдан олиниши, сизнингча, тизимли бошланган ўзгаришлар давоми бўлдими?

Ҳамид Содиқ: Тизимли ўзгариш деганда сиёсий режимнинг кайфиятидан келиб чиқиб бўлаётган ўзгаришларни айтиш мумкин. Бундай ўзгаришлар политологияда институционал ўзгариш дейилади. Инстуционал ўзгаришлар ватандошлик жамияти ва парламент талаблари билан рўй беради.

Ҳамид Содиқ

Персонал ўзгаришларда эса бу режимга нисбатан лояллик ва статус квонинг ўзгартирмаслиги билан боғлиқ ўзгаришлар бўлади. Бунда масалан, режимга таъсир кўрсатадиган хатоларга йўл қўйган мансабдорлар ўзгартирилади.

Билишимча, бу институционал, соҳадаги маълум камчиликларни тўғрилаш учун бўлаётган ўзгаришлар эмас. Бундай бўлиши учун ўзгариш аввалроқ бўлиши керак эди. Чунки ижтимоий соҳадаги ҳозирги муаммолар анчадан буён пишиб етилган эди.

Назаримда, бу конституцион ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ўйланган ислоҳотларнинг амалга ошмагани билан боғлиқ. Бу шунингдек, президент топшириқлари ва унга берилган ваъдаларнинг амалга ошмагани билан боғлиқ масалалар.

Фикримча, глобаллашув талаблари билан Вазирлар Маҳкамаси ва қонун чиқарувчи ҳокимиятлар аста-секин ўз ваколатларини президентлик институтидан тортиб олиб бошлайди. Бунга шаффофлашув мажбур қилади.

Бугунги ўзгаришларга статус-квони ўзгартирмайдиган, лекин жамиятдаги кайфият ҳақида давлат раҳбарига шаффоф маълумотни етказишни кўзда тутадиган ўзгариш деб қараш керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Интервьюни Илёс Сафаров ўтказди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид