Ўзбекистон | 08:29 / 27.08.2022
7639
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон ташқи ишлар вазири «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Туркманистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовга «Дўстлик» ордени топширилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов бошчилигидаги делегациянинг Ашхободга ташрифи доирасида Туркманистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовга «Дўстлик» орденини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, у Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, стратегик шерикчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун орден билан тақдирланди.

Ўзбекистон президентининг тегишли фармонини ташқи ишлар вазири в.б. В.Норов ўқиб эшиттирди.

Р.Мередов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга унинг фаолиятига берилган юксак баҳо ва «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани учун миннатдорлик билдирди.

Туркманистон ташқи ишлар вазири бундан буён ҳам икки қардош давлат ўртасидаги кўп қиррали ва стратегик шерикликни ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида эканини таъкидлади.

Мавзуга оид