Ўзбекистон | 21:12 / 29.08.2022
21265
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон воқеалари сабаб қамоққа олинган шахслардан айримларига эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштириш сўралди

Парламент комиссияси ва Жўқорғи Кенгес Бош прокуратурага таклиф киритди. Қилмишидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, оилавий шароити оғир ва оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқароларга тайинланган қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштириш сўралмоқда. Улар орасида аёллар ҳам бор.

3 июл 2022 йил, Нукус / Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистон воқеаларини текшириш ўтказиш бўйича парламент комиссияси ва Жўқорғи Кенгес Бош прокуратурадан баъзи фуқароларнинг қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштиришни сўради.

Қамоқдан озод қилиш сўралганларнинг рўйхатига қилмишидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, оилавий шароити оғир ва оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқаролар киритилган.

Комиссия ахборотига кўра, яккама-якка шаклда ўтказилган суҳбат давомида улар вазиятни яхши англамаган ҳолда ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолишганини, содир этган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдиришган. Айниқса, аёллар фарзандларини жуда соғинишгани ва бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқаришганини айтишган.

“Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси комиссия аъзолари томонидан шакллантирилган рўйхатдаги шахсларга маҳаллий туман кенгашлари депутатларини жамоатчилик кафиллиги асосида бириктириш таклифини қўллаб-қувватлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, комиссия ва Жўқорғи Кенгеси томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқароларга инсонпарварлик тамойили асосида қамоқ эҳтиёт чорасини жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилишини сўраб Бош прокуратурага таклиф киритилди”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари бўлиб ўтган намойишлар сабаб, 4 июлда берилган расмий хабарга кўра, 516 киши ҳибсга олинган; улардан аксарияти маъмурий жарима қўлланган ҳолда қўйиб юборилгани айтилганди.

  • Парламент комиссияси, тегишли низомга мувофиқ, Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни мустақил ўрганиши лозим. Давлат идоралари томонидан комиссия фаолиятига аралашувига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Комиссия аҳоли ва жамоатчилик фикрини ўрганишга зарур деб билган ҳар қандай ҳолат ва маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид