Ўзбекистон | 22:54 / 31.08.2022
29451
11 дақиқада ўқилади

Ёрдам пули, уй қуриш учун ер, қабул квоталари ва солиқ имтиёзлари — Қорақалпоғистон бўйича фармон имзоланди

Президент фармони билан, Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун кўплаб йўналишлардаги имтиёзларнинг янги пакети тасдиқланди.

“Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Фармондан президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 августдаги Нукусга сафари давомида эълон қилинган янгиликлар ўрин олган.

Пенсионерларга самолёт ва поезд чипталари – 50 фоиз чегирмада

2022 йил 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда яшовчи ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун темирйўл ва авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади.

Йўловчи ташувчи компанияларнинг бу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қопланади.

Кам таъминланган оилаларга 600 минг сўмдан бир марталик ёрдам

2022 йил 1 октябрга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланган кам таъминланган оилаларга қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун (кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат, бошқа зарурий эҳтиёжлари учун) ҳар бир кам таъминланган оилага базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (600 минг сўм) бир марталик моддий ёрдам пуллари берилади. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қўшимча 100 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

Ёрдам пули 25 октябргача тўлиқ тўлаб берилиши керак.

Қорақалпоғистонликларга ҳовли-уй қуриш учун ерлар ажратилади

Қорақалпоғистон туманларида аҳоли учун якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари тақдим этилади, шунингдек, кўп қаватли уйлар ҳам қурилади.

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2 ой ичида ишлаб чиқилиши лозим.

Қорақалпоғистон ёшлар учун қўшимча қабул квоталари

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг зарур таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича шакллантирилган буюртмасига мувофиқ, 10 кун муддатда 2022/23 ўқув йили учун Қорақалпоғистонда умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили 1 сентябрга қадар 6 500 нафар ёшлар вилоятлардаги давлат ОТМларида қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинади.

Қорақалпоғистондаги ОТМларни салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг етакчи ОТМларида экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва қурилиш йўналишлари бўйича 2023 йилдан бошлаб, таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистонда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик бўйича битимларни имзолаш, истисно тариқасида, Қорақалпоғистон Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб 5 йил муддатга Қорақалпоғистонда нодавлат таълим ташкилотлари ўқув жараёни учун жалб этилган хорижий мутахассислар (ўқитувчилар) Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни расмийлаштириш ва бериш (узайтириш) учун ундириладиган тўлов, Ўзбекистонга кириш визаси олиш учун консуллик йиғимлари ва яшаш жойида рўйхатга олиш учун ундириладиган давлат божини тўлашдан озод этилади.

Солиқ имтиёзлари

Фармонга биноан, Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача:

  • фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда;
  • ижтимоий солиқ камайтирилиб, 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланди.

Бу солиқ имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди: йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар.

Транспорт харажатларини қоплаш, кредитларга кафилликлар бериш

2022 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

  • Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда ва экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади (Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси белгилаган рўйхатга асосан);
  • ажратиладиган кредит суммасининг 75 фоизигача (75 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади (Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан).

Янги кредитлар

Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорларга:

  • ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида 7 йил муддатга қарзлар берилади (Ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан, ИТСВ ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали);
  • бу кредит маблағлари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг таклифлари асосида, Ҳукумат комиссияси томонидан тақсимланади;

Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳалар учун 2022 йил якунига қадар дастур учун ажратилган ресурслар ҳисобидан қўшимча 200 миллиард сўм кредит ажратилади.

Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан:

  • банкларга – 95 млн доллар;
  • “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш. Фаза II” лойиҳасига 5 млн доллар эквивалентида кредит ажратилади.

Банкларга ажратилган бу кредит линиясидан молиялаштириладиган лойиҳалар рўйхати Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши тавсиясига асосан Ҳукумат комиссияси томонидан шакллантирилади.

Молия вазирлиги кредитни қайтариш ва унга ҳисобланган фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни АҚШ доллари эквивалентида жамғармага Давлат бюджетидан қайтаради.

Инвесторларга кўмак маркази

Фармонга биноан:

  • 2 ой муддатда Қорақалпоғистонда жойлашган ва бу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига бепул асосда кўмаклашувчи “Инвесторларга кўмак маркази” очилади;
  • марказ қошида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган участкалардан майдони камида 10 гектар бўлган ишлаб чиқариш технопарки ташкил этилади.

Йирик инвесторларга ерлар тўғридан тўғри ижарага берилади

Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага бериш мақсадида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишда:

  • энг яхши таклифлар 5 млн доллар эквивалентидан бошлаб кўриб чиқилади;
  • ишчи орган Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобланади;
  • йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш ва инвесторларга ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага бериш Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши томонидан амалга оширилади.

Солиқлар Қорақалпоғистоннинг ўзида қолади

Фармонда қайд этилишича:

  • Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган барча солиқ тўловчилардан ундириладиган солиқлар 2022 йил учун Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг тасдиқланган миқдорларидан кам бўлмаган миқдорда Қорақалпоғистон бюджетига ўтказилади;
  • мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари ходимларининг, жумладан тарбиячи ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи ҳамда унга нисбатан ҳисобланган ижтимоий солиқ тўловларини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан амалга ошириш тартиби сақлаб қолинади;
  • 2022 йил 3-чоракдан бошлаб 2024 йил охиригача ҳар чорак якуни бўйича ҚҚС бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми, истисно тариқасида, тўлиқ Қорақалпоғистонда қолдирилади.

Онлайн аукцион, хусусийлаштириш, сув таъминоти

Ҳужжат билан 2022–2023 йилларда Қорақалпоғистонда аукционга чиқариладиган фойдали қазилма конлари ва истиқболли участкалар рўйхати тасдиқланди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари:

  • мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига бошланғич қиймати 50 фоизга камайтирилган ҳолда чиқарилади;
  • мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилинишидан тушадиган маблағлардан Қорақалпоғистоннинг республика бюджетига йўналтириладиган қисмининг 50 фоизи мазкур ер участкалари жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетига уларнинг қўшимча манбалари сифатида ўтказилади;

Давлат активларини, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукционда сотиб олиш бўйича Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида жорий этилган имтиёзли қоидалар Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.

Қорақалпоғистонда жойлашган давлат активларини сотишдан тушган маблағлар, уларни баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ҳудудий жамғармасига йўналтирилади (ҳудуди 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари бундан мустасно);

Қорақалпоғистонда сув ҳисобини юритиш, йўқотишларни камайтириш ва сув таъминотини барқарорлаштириш дастури ишлаб чиқилади.

Фуқароларга 2 гектаргача ер 30 йилга ижарага берилади

Фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартириладиган, аҳоли пунктига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ҳудудлардан захирага қайтарилган ер майдонлари деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш учун фуқароларга, истисно тариқасида, 2 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага берилади.

Қорақалпоғистонда экинзорларнинг нотекислигини ва сув ресурсларининг меъёрдан ортиқ сарфланишини бартараф этиш мақсадида 2022–2024 йилларда қишлоқ хўжалиги ер майдонларини лазерли қурилмага эга ер текислагич агрегатлари ёрдамида текислаш учун ҳар бир гектарига субсидия ажратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Чорвачилик тармоғи бўйича субсидиялар Қорақалпоғистон учун 2 йилга узайтирилди.

Ер майдонларини суғориш учун чуқурлиги 5 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилади.

2023 йил охиригача Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластеридан камида 200 та янги юқори унумли комбинацион техникаларни харид қилиши учун Қорақалпоғистондаги фермер хўжаликларига субсидиялар тўланади.

Шунингдек, фармонга биноан, А-380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг Қорақалпоғистондан ўтган қисми ривожлантирилади.

Мавзуга оид