Ўзбекистон | 15:01 / 01.09.2022
8657
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаяпти

Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ элчиси билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов мамлакатда дипломатик миссиясини якунлаётган Америка Қўшма Штатлари фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди.

В.Норов элчини Ўзбекистон президенти фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани юзасидан табриклади. Бу унинг Ўзбекистон-Америка стратегик шериклик муносабатларини қўшган ҳиссаси юқори баҳоланганидан далолат беради.

Д.Розенблюм АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Ўзбекистон-АҚШ Стратегик шериклик мулоқоти доирасида қатор тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани эътироф этилди. Ўзбекистон ва Қўшма Штатлари илгари эришилган келишувлар тўлиқ ижроси юзасидан биргаликда ишлашга тайёрлиги тасдиқланди.

Икки томонлама даражада ва «С5+1» шаклидаги бўлажак учрашувлар жадвали бўйича фикр алмашилди.

Элчи Ўзбекистонга мамлакатда дипломатик фаолиятини амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани ва қулай шароитлар яратгани учун миннатдорчилик билдирди. Қандай лавозимни эгаллашидан қатъий назар Ўзбекистоннинг дўсти бўлиб қолишини таъкидлади.

Бундан олдин Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм билан учрашганди. 

Мавзуга оид