Жаҳон | 08:38 / 01.09.2022
10556
4 дақиқада ўқилади

БМТ Шинжондаги қонунбузарликлар ҳақида ҳисобот эълон қилди

БМТ ИҲОКБ ҳисоботида Хитойнинг уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларнинг ҳуқуқларини поймол қилиши баён қилинган, аммо геноцид ҳақида сўз юритилмаган.

Фото: AP

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги (ШУАР) ҳуқуқбузарликлар ҳақида узоқ кутилган ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар ҳуқуқларининг бир қатор бузилиши тафсилотлари баён этилган, аммо АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан айтилган айблов - геноцид ҳақида сўз юритилмаган, деб хабар берди 1 сентябр, пайшанба куни AFP.

«Уйғурлар ва бошқа асосан мусулмонлар гуруҳларининг ўзбошимчалик ва камситиш асосида ҳибсга олиниши... халқаро жиноятлар, хусусан, инсониятга қарши жиноятлар бўлиши мумкин», дейилади ҳисоботда. 

Мишел Бачелет / Фото: GETTY IMAGES

«Мен ҳисоботни ваколатим тугагунига қадар эълон қилишимни айтгандим ва шундай қилдим», - деди инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Мишел Бачелет. Унинг сўзларига кўра, «бир қатор давлатлар томонидан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий муаммоларни сиёсийлаштириш вазиятни яхшилашга ёрдам бермади». 

«Ҳукуматнинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш стратегияси контекстида ШУАРда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига йўл қўйилган», деб таъкидлади ҳисобот тузувчилари. Унда «Касб-ҳунар таълими ва тайёрлов марказлари» деб аталган жойларда сақланувчи шахсларга нисбатан муносабатдан хавотир билдирилган. 

«Қийноқлар ёки шафқатсиз муносабат ҳолатлари, жумладан, мажбурий даволаш ва қамоқда сақлашнинг ёмон шароитлари ҳақидаги хабарлар, жинсий ва гендер зўравонликнинг алоҳида ҳолатлари ҳақидаги даъволар каби ишончлидир», деб давом этган ҳисобот муаллифлари. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2017-2019 йиллар оралиғида махсус марказларда ушлаб турилганлар сони «жуда кўп эди ҳамда уйғурлар ва бошқа асосан мусулмон озчиликларнинг муҳим қисмини ташкил этган». Мутахассислар Хитойни ҳудуддаги аёлларни мажбурий стерилизация қилиш амалиётида ҳам айблади. 

Бир қатор ноҳукумат ташкилотлар, жумладан Human Rights Watch (HRW) ва Amnesty International бу ҳисобот Пекин бўйича кейинги ҳаракатлар учун бошланғич нуқта бўлиши кераклигини айтган. 

Хитойнинг Женевада жойлашган БМТдаги доимий ваколатхонаси ҳисоботни қоралади ва унинг нашр этилишига кескин қарши чиқди. Хитойлик дипломатлар «Хитойга қарши кучлар томонидан тўқиб чиқарилган дезинформация ва ёлғон кампанияси» ҳамда Хитойнинг ички ишларига аралашиш ҳақида гапирди. 

Май ойида Пекинга ташриф буюрган комиссар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, хусусан, HRW, шунингдек, бир қатор Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ томонидан Хитой раҳбари Си Цзинпин билан ўзаро муносабатларни ўрнатишда ўта юмшоқ ва содда бўлгани учун танқид қилинди. HRW бу баҳорги ташрифни фалокатли деб баҳолади. 

Орадан кўп ўтмай, Мишел Бачелет шахсий сабабларга кўра иккинчи муддатга номзодини қўймаслигини эълон қилди, бироқ кетиш олдидан ШУАР бўйича ҳисобот эълон қилишга ваъда берди. 

Бачелет 2018 йилда ИҲОКБ раҳбари лавозимини эгаллаган. Бунгача комиссар илгари Чили президенти лавозимида ишлаган. Ҳисоботни тайёрлашга Хитойнинг кескин қаршиликлари фонида деярли бир йил вақт кетди. 

Мавзуга оид