Ўзбекистон | 19:19 / 11.09.2022
55278
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг энг баланд тоғлари жойлашган гўша: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳақида (Фотогалерея)

«Ҳисор» давлат қўриқхонаси бу ерда Ўзбекистондаги энг баланд тоғларнинг бир қисми жойлашгани билан ажралиб туради. Шунингдек, қўриқхона ҳудудидаги музликлардан зилол сувли бир нечта дарёлар оқади ва улар Қашқадарёнинг катта қисмини сув билан таъминлайди. Бундан ташқари, қўриқхонанинг бой ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳамда гўзал табиати бор.

Фото: Kun.uz

Умрида бир марта бўлса-да Қашқадарёга бормаган одамлар орасида бу вилоятни фақат чўллардан иборат, иссиқ жой деб ўйлайдиганлар етарлича бор. Аслида эса чўллар билан бирга Ўзбекистондаги энг баланд тоғлар, ёзда ҳам одам совқотадиган салқин жойлар ва чиройли манзаралар Қашқадарё вилоятида жойлашган.

Вилоятнинг Чироқчи, Кўкдала, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, ва Деҳқонобод туманларининг бир қисми тоғли ҳудудлардан иборат. Тоғларнинг қуйи қисмида ўрмонлар ва бутазорлар, юқори қисмида музликлар жойлашган бўлиб, у ерда кўплаб ноёб ҳайвонлар яшайди.

Тоғлардаги ёввойи табиатни асраш учун Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманларининг тоғли қисмида «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ташкил этилган.

Яқинда Kun.uz’нинг бир гуруҳ ходимлари Ўзбекистоннинг энг баланд нуқталардан бири бўлган «Ҳазрати Султон зиёратгоҳи» чўққисига чиқиш учун Қашқадарёга борганида  «Ҳисор» давлат қўриқхонасида ҳам бўлиб, у ерда ишловчи ходимларнинг фаолияти билан танишди.

 «Ҳисор» қўриқхонаси ҳақида

Қўриқхона илмий ходими Беҳруз Бегалиевнинг маълумот беришича, «Ҳисор» давлат қўриқхонаси 1983 йилда Қашқадарё вилоятидаги икки мустақил Мироқи ва Қизилсув қўриқхоналарини бирлаштириш натижасида ташкил этилган.

Қўриқхона ҳудуди «Ҳисор» тоғ тизмасининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, унинг умумий майдони 81 минг гектар. Шундан 2 минг гектар ҳудуд экотуризмни ривожлантириш учун ажратилган қўриқланма зона ҳисобланади.

Қўриқхона 4 та бўлимга бўлинган:

— Ғилон бўлими – 18 838,1 гектар;

— Мираки бўлими – 11 821 гектар;

— Танхоздарё бўлими – 20 233 гектар;

— Қизилсув бўлими – 30 094 гектар.

Қўриқхонанинг бутун ҳудуди ягона массив сифатида шарқдан ғарбга 37, шимолдан жанубга 90 километрга чўзилган.

Ўзбекистондаги энг баланд тоғлар

Қўриқхона ҳудудида Ўзбекистондаги энг баланд чўққилардан бир нечтаси жойлашган. Жумладан, Ҳазрати Султон тоғи – 4 337 метр, Хўжа-киршавор – 4303 метр, Тўртқўйлик – 4366 метр, Биби-Ўлмас тоғи – 4349 метр. Бундан ташқари, қўриқхона ҳудудида 4 минг метрдан баланд бўлган яна бир нечта номсиз чўққилар жойлашган.

Қўриқхона ҳудудида жойлашган чўққилардаги музликларидан Сурхондарё ва Қашқадарё томонга қараб бир нечта дарё оқади.

Уларнинг энг йириклари Оқсув, Танхоздарё ва Қизилдарё дарёлари ҳисобланади. Дарёларнинг ўзанларида бир нечта катта-кичик шаршаралар мавжуд. Энг баланд шаршара Сувтушар шаршараси бўлиб, унинг баландлиги 84 метрга етади.

Бундан ташқари,  «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳудудида катта-кичик 10 га яқин кўл бор. Жумладан, Ғилон бўлимида 3 та, Мираки бўлимида 3 та, Танхоздарё бўлимида 1 та ва Қизилсув бўлимида 3 та кўл мавжуд. Бугунги кунга қадар улар тўлиқ ўрганилмаган, фақат кўлларнинг денгиз сатҳидан баландлиги, сатҳининг эни ва бўйи аниқланган холос.

Ўсимликлар дунёси

Қўриқхонанинг ўсимликлар дунёси жуда бой ва хилма-хил бўлиб,  у ерда жами 1500 турдаги ўсимликлар ўсиши аниқланган. Улар 81 оилага кирувчи 384 туркумга мансуб.

Ўсимликларнинг 250 турдан ортиғи доривор ва озуқабоб ҳисобланади. Улардан қирқбўғим, зира, зирк, олтин томир, чаканда, буймадарон, шувоқ, сумбул, кийик ўти, қизилпойча халқ табобатида, анзур пиёз, равоч, зира кабилар озуқабоб ўсимлик сифатида ишлатилади.

Қўриқхонада ҳудудида камёб ва йўқолиб бораётган 27 тур ўсимлик Ўзбекистон «Қизил Китоб»ига киритилган. Дилбанд лола, улуғвор лола, нор ширач, оқ парпи, сунбул коврак, чиннигул шулар жумласидан. Шунингдек, ўсимликларнинг 80 дан ошиқ тури эндемик ҳисобланади.

Ҳайвонот дунёси

 «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳудудида умуртқали ҳайвонларнинг 276 тури учраши аниқланган.

Жумладан:

  • Сут эмизувчиларнинг 32 та тури;
  • Қушларнинг 225 та тури;
  • Судралиб юрувчиларнинг 17 тури;
  • Сувда ва қуруқликда яшовчиларнинг 2 тури; 
  • Балиқларнинг 2 та тури бор.

Қўриқхона ҳудудида 17 турдаги ноёб ҳайвонлар яшайди.

Шундан:

  • Сут эмизувчиларнинг 6 та тури;
  • Қушларнинг 7 тури;                                    
  • Судралиб юрувчиларнинг 3 та тури;
  • Балиқларнинг 1 тури яшайди.

«Ҳисор» қўриқхонасида халқаро Қизил китоб ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 12 турдаги ҳайвон ва қушлар яшайди. Улардан еттитасини қушлар, бештасини сут эмизувчилар ташкил этади.

Қўриқхона ходимлари томонидан ўрнатиладиган фотоқопқонларга қор қоплони, Тяншан қўнғир айиғи, Ўрта Осиё қундузи, Туркистон силовсини каби ноёб ҳайвонлар тез-тез тушиб туради.

Қўриқхона назорати

Бугун «Ҳисор» давлат қўриқхонаси жами 56 нафар ходим ишлайди. Улар қўриқхонадаги тўртта бўлимга тақсимланган бўлиб, туну-кун назорат ишларини олиб боришади.

Ходимларга 3 та махсус йўлтанламас машина, 34 бош от ажратилган. Шунингдек, улар турли мавсумларга мос кийим-кечаклар, барча иш қуроллари билан таъминланган. Ходимлар шароитга қараб баъзи жойларда машиналар билан, улар чиқиб бора олмайдиган баланд тоғларда отлар билан юриб, қўриқхонадаги вазиятни назорат қилишади.

«Бизнинг ишимизда от энг яхши кўмакчи. Қўриқхона ҳудудида йўллар унча кўп эмас, шу боис катта ҳудудни назорат қилишда ходимларга отлар берилган. Узоқ йўлларда, денгиз сатҳидан 2,5-3 минг метрдан баланд тоғларга чиқиб тушишда отларнинг уларнинг хизмати беқиёс», дейди Б.Бегалиев.

Қўриқхона ходимларининг ҳар бирига махсус мастур билан жиҳозланган телефон аппаратлари ҳамда дурбинлар берилган. Ходимлар улар ёрдамида қўриқхона ҳудудида содир этиладиган қоидабузарликларни ҳам аниқлай олишади.

Бундан ташқари, қўриқхонани назорат қилиш мақсадида унинг ҳудудида 80 та фотоқопқон ўрнатилган. Ходимлар вақти-вақти билан уларни ёзиб олинган кадрларни текшириб туришади. Бу фотоқопқонларга қўриқхона ҳудудида ёшаётган ноёб ҳайвонлар ҳам тез-тез тушиб туради.

Манзара ва салқин ҳаво

Биз борганимизда қўриқхона ҳудудидаги қир-адирлар ям-яшил эди. Тоғлар тепасида музликлар, қуйироқ қисмида эса арчазор ўрмонлар жойлашган. Тоғ дараларидан оқиб тушаётган дарёларда зилол сувлар оқиб турибди.

Б.Бегалиевнинг айтишича, ёз ойларида ҳам тоғларда ҳаво жуда салқин бўлади. Ёз чилласида тоғларнинг энг тепа қисмида тунда ҳаво ҳарорати +2, -1 атрофида бўлади. Пастроқларда эса тунда +5, +10, кундузлари +15, +25 даража иссиқ бўлади.

Тунда Ҳазрати Султон зиёратгоҳи чўққисига чиққанимизда тунда иссиқ кийимлар билан ҳам совқотиб қолдик. Тоғ тепасига чиқар эканмиз, кундузи оқиб турган булоқларнинг тунда музлаб қолганига кўзимиз тушди.

Б.Бегалиевнинг айтишича, одамларнинг табиатга беписанд муносабати қўриқхона ҳудудларида ҳам сезилмоқда.

«Сўнгги йилларда қўриқхона ҳудудига кўплаб экотуризм ихлосмандлари келишмоқда. Шу жумладан аҳоли орасида машҳур бўлган «Ҳазрати Султон зиёратгоҳи» чўққисига чиқиш учун белгиланган кунларда оралиғида ҳар куни қўриқхона ҳудудига ўртача 100-150 нафар одам келади. Бундан ташқари, ёз бўйи салқин жойларда дам олувчилар ҳам келишади. Уларнинг орасида табиатга беписандлик билан муносабатда бўлаётганлар ва чиқиндиларни турли жойларга улоқтириб кетаётганлар ҳам бор. Шу учун ҳам чўққи остидаги махсус жойга ва бошқа ҳудудларга ходимларимизни бириктирганмиз, улар тун-у кун атроф-муҳит тозалигини ҳам назорат қилишади», дейди Б.Бегалиев.

Қўриқхона ходимлари билан хайрлашар эканмиз, бу ерларга яна келишни ният қилиб ортга қайтдик.

Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси
Фото: «Ҳисор» давлат қўриқхонаси

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид